Шўролар даврида, қалбида дин, миллат ва юрт ғами бўлган кўплаб зиёлилар халқнинг маънан қашшоқлашувига бефарқ бўлишмади. Жонларини тикиб бўлса-да, юрт ва миллат келажаги, халқнинг маънавиятини бойитиш учун бор куч-ғайратлари билан ҳаракат қилдилар. Жумладан, Абдулла Қодирий, Абдурауф Фитрат, Мунаввар қори Абдурашидхонов, Абдулла Авлоний каби юртпарвар аждодларимиз бу йўлда жон фидо этдилар.
 
Ана шундай маърифатпарварлар қаторида “Ибодати исломия”, “Муаллими соний” “Шифоҳия” каби халқимизнинг диний маънавиятини юксалтиришга катта хизмат қилган ва ҳозиргача китобхонлар қўлидан тушмайдиган кўплаб умрбоқий китоблар муаллифи, буюк татар олими Аҳмад Ҳодий Мақсудий ҳам бор эди.
 
Аҳмад Ҳодий Мақсудий ХХ асрнинг биринчи ярмида туркий халқлар орасидан етишиб чиққан зиёлиларнинг энг таниқли намоёндаларидандир. У 1868 йилнинг 28 сентябрида Қозон губерниясининг Тошсу овулида зиёли имом Низомиддин оиласида дунёга келади.
 
Олдинига отасининг мадрасасида таҳсил олган Аҳмад Ҳодий 1881 йилда Қозон шаҳрига келиб, “Кўл бўйи” ёки “Алломия” мадрасасида саккиз йил таълим олади.
 
Мадрасани битиргач, 1890–1892 йилларда мударрислик қилади. Мадраса ўқув тизимига янгилик киритиш, таълим беришнинг янги услубига ўтишга эҳтиёж катта эканини англаб етган ёш мударрис 1892 йилда “Имлода сўзлар қандай эшитилса, шундай ёзилиши керак”, деган фонетик қоида асосида, татар алифбосига олтита ҳарф киритиб, ўзининг машҳур “Устози аввал” алифбо китобини ёзади. Олимнинг илк китоби 1918 йилга қадар бир миллиондан зиёд нусхада, ўттиз мартадан ортиқ қайта нашр этилган. Ушбу китоб Чор Россияси таркибидаги миллионлаб туркий халқлар учун илк савод чиқаришда дастуриламал бўлди.
 
Мусулмонлар таназзулдан қутулишининг ягона йўли илм олишда деб билган Аҳмад Ҳодий ўттиздан ортиқ диний, маънавий-маърифий дарслик ва ўқув қўлланмалар ёзади ва уларнинг ҳар бири икки мартадан олти мартагача, қайта-қайта, кўп нусхада чоп этилади.
 
Кейинчалик “Туркий сарф” (синтаксис), “Туркий наҳв” (морфология), “Шифоҳия” (араб тилини ўрганиш учун 100 та дарс) китоблари ўз замонаси олимлари эътиборига ва эътирофига сазовор бўлади. Унинг “Ибодати исломия” китоби, ҳатто араб тилига таржима қилиниб, Миср мактабларида ўқитилади.
 
Аҳмад Ҳодий муассислигида, 1906 йили “Юлдуз” журналининг биринчи сони чиқади. Ушбу журнал 12 йил мобайнида минглаб нусхада энг замонавий технологияларни қўллаган ҳолда, олий сифатли қоғозда чоп этилади.
 
Октябрь тўнтаришидан сўнг ҳукмрон бўлган совет ҳукуматига олти тилни мукаммал биладиган, ўттиздан ортиқ асар ёзган, кўп йил халқ хизматида бўлган, туркий халқлар маорифи ва маданиятининг юксалиши йўлида хизмат қилган мусулмон олими керак бўлмай қолади.
 
Аввалига Педагогика институтида араб тили ўқитувчиси сифатида ишлаб юрган Аҳмад Ҳодий бу ердан ҳам ҳайдалади. Аммо меҳнаткаш олим “Китоб тўплаш артелида” хизмат қилади ва юксак илмий аҳамиятга эга “Фанни Қомус” – илк татар қомусий луғатини 5000 нусхада чоп эттиради.
 
Аммо қатағонлар тўлқини олимни у ерда ҳам тинч қўймайди. У 1933 йилнинг 16 январида “шўро давлатига қарши” деган айбловлар билан уч йилга Вятка шаҳрига сургун қилинади. Сургундан сўнг Қозонга қайтган олим 1937 йили яна ҳибсга олинади.
 
1938 йилнинг 10 январида Аҳмад Ҳодий Мақсудий устидан очилган иш оғир касаллиги туфайли ёпилади ва у озодликка чиқарилади. Қийин кунларни бошдан кечирган 73 ёшли олим 1941 йилнинг 28 июнида вафот этади. Татар вақтли матбуотида унинг ўлими ҳақида ҳеч қандай хабар берилмайди.
 
Туркий халқлар маърифати ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган, асоссиз “халқ душмани” деб эълон қилинган Аҳмад Ҳодий Мақсудий 1995 йили Россия Федерациясининг “Сиёсий қатағонлар қурбонларини оқлаш тўғрисида”ги қонуни асосида айбсиз деб топилди.
 
Саидакбархон ЮНУСХОН ўғли, 
Зангиота туманидаги “Рамадан” 
жоме масжиди имом ноиби