Қозонда танлов ўтказилди

Шу йил 20 ноябр куни Татаристон мусулмонлари идораси ҳамда Ислом маданияти, фан ва таълимини қўллаб-қувватлаш жамғармаси Қозон шаҳрида наққошлар ва хаттотлар танловини ўтказди. Танловга мамлакатнинг турли ҳудудлари ва қўшни ўлкалардан қирқдан ортиқ ижодий ишлар етиб келди. Ўн бешта ижод намунаси саралаб олинди ва уларнинг муаллифлари сўнгги босқичда беллашишди.

Қатнашчилар махсус тахталарга нақшлар, расмлар солишди; мусобақа жараёнида ҳамкасблар ва томошабинлар эркин мулоқот қилишди. Қизиқарли ўтган тадбирда қозонлик Игор Афанасев ва Лил Ди ғолиб деб топилди.

 

Қуръони каримнинг йирик босма нусхаси

2012 йилнинг июнига қадар Қозоннинг бош масжиди – “Қул Шариф” жомеида дунёдаги энг катта Қуръони карим намойиши ўтказилади.

Эни 1,5 метр, бўйи 2 метр бу Китобни италиялик ноширлар тайёрлашди. Бу нодир босма 800 кило оғирликка эга, шотланд қоғозига босилган 632 саҳифадан иборат. Муқоваси олтин, кумуш, малахит, яшма ва бошқа қимматбаҳо тошлар билан безатилган.

 

“Барча инсонлар – биродардир”

Швейцариянинг Берн, Юра ва Золотурн вилоятларидаги насронийлик ибодатхоналарида “Барча инсонлар – биродардир” номли кўчма фотокўргазма ташкил этилади. Кўргазмага қўйилган асарларда мамлакат мусулмонларининг кундалик ҳаёти – оилавий муносабатлари, илм олиши, иши, диний маросимлари ва бошқалар акс этади.

Ижодий ишларнинг муаллифлари швейцариялик мусулмонлар. Кўргазмадан мақсад мамлакатдаги мусулмонларнинг ижобий асл қиёфасини, мусулмон бўлмаган аҳоли билан самимий муносабатда эканини кўрсатишдир.

 

Мордовияда янги муфтий

27 ноябр куни Саранск шаҳрида Мордовия мусулмонлари идорасининг X мажлиси бўлиб ўтди. Йиғилишда идора таркибига кирувчи уюшмалардан 52 нафар вакил қатнашди.

Собиқ муфтий Абдулкарим Абдурашидов вафот этгани сабаб маж­лисда ташкилий масала кўрилди. Кўпчилик овоз билан Илдус Исҳоқов янги муфтий этиб сайланди.