Аҳолига хизмат

Жанубий Африка Республикасида мусулмонлар сони тобора ортяпти. Йоҳаннесбургда уларга диний билимларни оширишда ва турли фиқҳий масалаларга ечим топишда яқиндан ёрдам берадиган уюшма ташкил қилинди. Ушбу ташкилот мусулмон аҳолига моддий, маънавий ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатади.

 

Рамазон Бутий билан суҳбат

Суриянинг дунёга машҳур диний арбоби Саид Рамазон Бутий мамлакатнинг халқаро телеканали мухбири билан террор ва зўравонлик ҳақида суҳбат қурди. Таниқли аллома ҳақиқий мусулмон ҳеч қачон бузғунчи, қўпорувчи бўлмаслигини таъкидлади. Бундай ҳаракатларни содир этганларнинг мусулмонликни даъво қилишга ҳақи йўқлиги ва бу шариат асосларига терс эканини уқтирди. Бегуноҳ одамларга қарата ўқ отиш ва ваҳшиёна қиришга қарши Қуръони каримдан ва Пайғамбаримиз Муҳаммад муборак ҳадиси шарифларидан ёрқин далиллар келтирди. Ўз халқини сабрли бўлишга ва ҳозирги ҳолатларда воқеликни оқилона баҳолашга чақиради.

 

“Ал-Жазира”нинг янги тармоғи

Қатарнинг “Ал-Жазира” халқаро телеканали ҳижрий 1434 йил кириб келиши муносабати билан интернет тармоғига янги лойиҳани киритди. “Ҳижрий ҳисобда” деб номланувчи ушбу порталда ўтмишда араб диёрларида яшаб ижод этган буюк мутафаккирлар, саҳобалар ва алломаларнинг ҳаёти ва ижодларидан намуналар берилади. Сайт ҳафтада уч марта янгиланиб, маълумотлар билан бойитилади. Телеканал ижодкорлари тез орада дастурни бошқа чет тилларида ҳам тайёрлашга ваъда беришяпти.

 

Белгияга Ислом сармояси кирмоқда

Белгия Форс Кўрфази мамлакатлари сармоядорларини иложи борича кўпроқ жалб қилиб Брюсселни Ислом банклари пойтахти қилиш устида иш олиб боряпти. Бу ҳақда Брюссел ҳокими Бенуа Серекс декабр ойи бошида ўтказилган анжуманда айтиб ўтди. Ҳозирги кунда Ислом банки тизими тез суръатларда ривожланаётгани ва унга аксарият Оврупа ишбилармонлари ва банкирлари ишонч билдиришаётганини қайд этди. Брюссел ҳокими ушбу янги лойиҳани рўёбга чиқариш учун Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликларига ташриф буюришини таъкидлади.

 

Янги масжид қурилади

Қиримда “Буюк Жума” жоме масжиди қурилиши учун маблағ тўплаш ишлари бошланди. Масжид барпо қилиш учун икки гектар саккиз юз квадрат метр жой ажратилган. Жоме лойиҳаси бўйича қурилишга сарфланадиган маблағ саккиз юз миллион долларни ташкил қилади. Қирим мусулмонлари идораси бошқа мутасадди идораларни жалб қилган ҳолда барча қурилиш ишларини икки йилда битказишга астойдил бел боғлаган. Ҳозирга қадар республикада фаолият юритаётган бир қанча ишбилармонлар масжидни бунёд этишга ўз ҳиссаларини қўшиш истагини билдириб мурожаат қилишди.

 

Нойнда мусулмонлар қабристони

Голландиянинг Жануби-Брабант вилоятидаги Нойн шаҳрида мусулмонлар учун янги қабристон очилди. Етти юз маййитга мўлжалланган мозор мамлакат мусулмонлари учун ажратилган жойларнинг учинчисидир. Қабристоннинг тозалиги ва дафн ишларини “Андховен” Ислом жамғармаси вакиллари зиммаларига олишди. Шаҳар мутасаддилари ҳозирда мамлакатда яшовчи бир миллиондан ортиқ мусулмон аҳолига имкон қадар шарт-шароит яратиш учун хизматдалар.

 

Гамбург мусулмонларига енгиллик

Гамбург бургомистри Олаф Шолтс инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш доирасида қарор эълон қилди. Унда шаҳарда истиқомат қилаётган бир миллион саккиз юз минг нафар мусулмон учун керакли шарт-шароитлар яратиш ҳақида сўз юритилган. Шунингдек, ҳайит байрамларини нишонлашлари ва ўша кунлари ишдан озод қилинишлари, эмин-эркин ибодат қилишлари ва диний адабиётларни ўрганишлари учун кенг имконият берилди. Бургомистр нутқида мусулмонларнинг мамлакатда яшовчи бошқа дин вакиллари каби тенг ҳуқуққа эга эканлари ва бошқалар уларнинг урф-одатларига ҳурмат билан ёндашишлари кераклигини таъкидлади.

 

Янги институт

Франциянинг Бургунди ҳудудида француз имомларни тайёрлайдиган биринчи институт ташкил этилди. Франция Ғарбий Оврупадаги мусулмон аҳолиси энг кўп мамлакат ҳисобланади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, мамлакатда Шимолий Африка давлатларидан келганлар ва асли француз миллатига мансуб мусулмонлар сони қарийб олти миллионга етган. Бундай сонли мусулмон аҳолининг диний талабларини қондириш ва уларда туғилаётган турли саволларга оқилона жавоб бера оладиган имомларни тайёрлаш айни муддао бўлади. Франция Ички ишлар вазири Мануэл Валс ўз нутқида бундай ўқув даргоҳ очилиши билан мамлакатнинг барча мусулмонларини муборакбод этди ва ҳуқуқий томондан доим уларни қўллашига ишонч билдирди. Эндиликда бу билим масканида икки юзга яқин талабалар араб тили ва адабиёти, ақоид, фиқҳ, Қуръони карим ва ҳадиси шариф фанларидан таҳсил олишади.

 

Мулоқот маркази

Вена шаҳрида Саудия Арабистони қироли Абдуллоҳ ибн Абдулазиз Ол Сауд номидаги динлараро мулоқот марказининг очилиш маросими ўтказилди. Таъсис этувчи давлатлар сифатида Саудия Арабистони, Австрия ва Испания қатнашди. Шунингдек, Ватикан кузатувчи мақомини олган. Тадбирда мазкур давлатларнинг Ташқи ишлар вазирлари, диний арбоблар ва дипломатлар иштирок этишди. Бирлашган миллатлар ташкилоти Бош котиби Пан Ги Мун сўзга чиқиб, ушбу янги динлараро мулоқот маркази кўпгина халқаро ташкилотлар томонидан тан олинганини эътироф этди. Янги ташкилот Бош котиби, Саудия Арабистонининг собиқ таълим вазири Файсал ибн Абдураҳмон ибн Муаммар бошланғич уч йил давомида уюшмани таъсисчи мамлакат таъминлашини таъкидлади. Саудия Арабистони динлараро бағрикенглик, тинчлик ва осойишталикка бағишланган анжуманлар ўтказиш ва хайрия ишлари учун йилига ўн беш миллион евро ажратишни режалаштирди.

 

Интернет материаллари асосида тайёрланди.