Лондон Ислом маркази

Лондон шаҳридаги Перли мавзеида Ислом маркази очилади. Ушбу марказ мусулмонлар эмин-эркин ибодат қилиб, бир-бирлари билан фикр алмашишларига кенг имконият яратади. Шунингдек, маданий-маърифий тадбирлар уюштириш ҳам мўлжалланган.

 

Ёшларга эътибор

Марокашда "Ислом динида болалар ҳуқуқини ҳимоя қилиш" мавзуида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. Нуакшот шаҳрида ўтказилган икки кунлик анжуманда дунё­нинг турли чеккаларидан келган уламолар қатнашишди. Иштирокчилар эрта никоҳнинг салбий оқибатлари ва бошқа масалалар ҳақида маърузалар билан чиқишди.

 

Индонезия масжидларида марказлаштириш

Инодонезия Ислом ассоциацияси масжидларни компьютерлар ва интернет билан таъминлаб, бир-бирлари билан "online" алоқалар ўрнатиш тизимини ишга туширмоқчи. Бу билан намозхонлар ўртасида Ислом адабиётлари ва фикрлар алмашинувини йўлга қўйиш кўзда тутилган. Индонезиядаги 237 миллионлик аҳолининг 85 фоизи мусулмонлардир.

Йилнинг энг яхши ахборот телеканали

Буюк Британияда "Йилнинг энг яхши ахборот телеканали" совринини "Жазира" телеканалининг инглиз тилидаги лойиҳаси қўлга киритди. Ушбу телелойиҳа беш йилдан бери эфирга узатилади. У оммавийлиги жиҳатидан "ВВС News" ва "Sky News" телеканалларидан ўзиб кетди. Айниқса, жонли репортаж, интервью ва энг муҳим воқеалар ҳақидаги тезкор лавҳалар "Жазира"га обрў келтирди.

 

Хизматлари учун тақдирланди

Ислом маданияти, фан ва тарихи халқаро ташкилоти (ISESCO)нинг навбатдаги мукофотига мисрлик аёл "Ал-Азҳар" университетининг инг­лиз тили ўқитувчиси Бусайна Аҳмад Исо сазовор бўлди. Унинг номзоди Ислом дини асослари ҳақидаги кўпгина мақолаларни инглиз тилига таржима қилгани ва диннинг соф маъносини инглиз китобхонларига етказишда қўшган ҳиссаси учун лойиқ деб топилди.

 

Олмониядаги университет кутубхонаси

Олмониянинг Оснабрюк университети кутубхонаси хазинаси тобора китоблар билан бойитилмоқда. Дунёнинг турли бурчакларидан келтирилган Ислом динига оид беш минг дона адабиётлар талабалар ихтиёридадир. Университетда Исломшунослик кафедраси 2009 йили очилган эди.

 

Қуръоннинг янги шарҳи

Украинада Қуръони каримни хохол тилига таржима қилиш устида иш олиб борилмоқда. Шарҳ мамлакат миллий университетининг изланувчиси Михаил Якубович томонидан амалга ошириляпти. Икки йил мобайнида тайёр ҳолатга келадиган таржимада муаллиф ўттиз икки жуздан иборат Табарий, Ибн Касир ва Фахриддин Розий каби машҳур шарҳлардан фойдаланяпти. Бундан аввал унинг мақолалари Саудия Арабистонининг "Journal of Qur'anic Research and Studies" илмий журналида ҳам чоп этилган.

 

Янги уюшма тузилди

Тунис Ички ишлар вазири Эннах Али Ларейда фармони билан "Яхшиликка ундаш" уюшмаси тузилди. Уюшманинг шариат, диний фанлар ва адлия масалалари бўйича қўмиталари мавжуд. Уюшма фуқаролар ва сайёҳларнинг шариат қонунларига амал қилиши бўйича назорат олиб боради. Саудия Арабистонида бу иш 1940 йилдан йўлга қўйилган.

 

Қадимий осори-атиқалар

Гуржистондаги уч юзга яқин масжидларнинг ўн саккизтаси қарийб беш юз йиллик тарихга эга. Мамлакатнинг Маданият вазири Николоза Руруанинг саъй-ҳаракатлари билан ушбу жомеларга қадимий ёдгорлик ҳуқуқи берилди. Бу масжидларнинг аксарияти озарбайжон миллатига мансуб аҳоли яшайдиган Квемо Картли, Марнеули ва Дманиси туманларида жойлашган. Ҳозир XIX асрга оид тарихий обидаларда таъмирлаш ишлари олиб бориляпти. Гуржистонда истиқомат қилувчи беш юз мингга яқин мусулмонлар бу ишдан беҳад миннатдор.