Янги раҳбар сайланади

Франция Ташқи ишлар вазирлиги қошидаги Араб дунёси институтининг янги раҳбарини яқинда ўтказиладиган "Минг бир кеча" номли ўрта аср ва замонавий Ислом санъати дурдоналари кўргазмасига қадар сайлаш режалаштирилмоқда. "France24.com." ахборот агентлигининг хабар беришича, Париждаги Араб дунёси институти раҳбарлигига бир неча номзодлар тавсия этилган. Машҳур сиёсатшунос Сеголен Руаял, халқаро маданият маркази директори Жорж Помпиду, мамлакатнинг маданият ва коммуникация вазири Жанжак Аягон ва сиёсатдон Жак Ланглар шулар жумласидандир.

 

Жамоа  қарори

Испаниянинг "Реал" (Мадрид) футбол жамоаси маъмурияти ўз тимсолидан хоч белгисини олиб ташлашга қарор қилди. Хоч ХХ аср бошларида мамлакат қироли бўлган Алфонса XIII тожининг рамзий белгиси эди. Жамоа раҳбарияти Бирлашган Араб Амирликларига сафар қилишидан олдин шундай фикрга келди. Ислом оламида жамоа ҳақида чалкаш фикр уйғотмаслиги учун шундай қилингани таъкидланмоқда. БААга боришдан мақсад эса Рас Хайма оролчасида ўйинчилар учун оромгоҳ барпо қилиш. Дам олиш маскани майдони эллик гектарни ташкил қилади. Қурилишга бир миллиард долларга яқин маблағ ажратилган.

 

Имомлар  тайёрланмоқда

Финляндия Ташқи ишлар вазирлиги, Таълим вазирлиги, Хелсинки халқаро университети ва мамлакат мусулмонлари уюшмаси кўмагида имомлар фаолиятини ўрганувчи гуруҳ тузилди. Мазкур гуруҳ аъзолари имомлар савиясини ўрганиб чиқиш билан шуғулланишяпти. Мамлакатда истиқомат қилаётган олтмиш мингдан зиёд мусулмоннинг талабларини қондирадиган ва саволларга оқилона жавоб бера оладиган даражадаги имомлар тайёрлашга астойдил бел боғланди.

 

ИҲТ бўлими

Жорий йилнинг 4 декабр куни Жакарта шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилотининг нав­батдаги йиғилиши ўтказилди. Тадбирда аъзо давлатлар Таш­қи ишлар вазирлари, дин арбоблари ва сиёсатшунослар иштирок этишди. Анжуманда хотин-қизлар учун алоҳида бўлим ташкил қилишга келишилди. Ташкилот Бош котиби Акмалиддин Эҳсон ўғли қатнашчиларни ушбу бўлимни тузишга имзо чекиш ва тасдиқлашга чақирди. "Хотин-қизлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш" доирасидаги ушбу битимга Индонезия мезбон сифатида биринчилардан бўлиб имзо чекди. Бош котиб мазкур бўлим ўз фаолиятини Мишел Бачелет раҳбарлик қилаётган Бирлашган миллатлар ташкилотининг "Хотин-қизлар" бўлими билан ҳамкорликда олиб боришини таъкидлади.

 

Берлинда анжуман

Берлин шаҳрида Олмониядаги мусулмон жамоалари вакиллари анжумани бўлиб ўтди. Ушбу анжуман мамлакат Ички ишлар вазири Ганс-Питер Фридрих бошчилигида ташкил этилди. Унда мамлакатнинг ўн етти федерал вакиллигидан мусулмон жамоалари аъзолари иштирок этди. Анжуманда Олмонияда истиқомат қилаётган мусулмонлар ҳаёти ва уларнинг турли муаммолари кўриб чиқилди. Ушбу анъанавий тадбир 2006 йилдан бери мунтазам ўтказиб келинади.

 

Олимлар  йиғини

Ҳуқуқшунос олимларнинг XXI йиғини 8 декабр, шанба куни Маккаи Мукаррамада бўлиб ўтди. Беш кун давом этган анжуман Ислом олами уюшмаси томонидан ташкиллаштирилди. Унда таниқли дин арбоблари ва йиғин аъзолари иштирок этишди. Тадбирни Саудия Арабистони қироли Абдуллоҳ ибн Абдулазиз номидан Макка амири Холид Файсал очди. Анжуманда оила муносабатлари, намоз вақтларини аниқ белгилаш каби масалаларга тўхталиб ўтилди.

 

Тадбиркор  ҳиммати

"Эбнер & Шпигел" босмахонасида чоп этилган ўн тўрт минг нусха Қуръони карим Швейцариянинг Аарау, Базел, Винтертур, Санкт-Галлен ва Цюрих каби шаҳарлари жоме масжидларига тарқатилди. Бундай хайрия тадбири Олмониянинг ўттиз бешдан ортиқ шаҳарларидаги жомеларда ҳам ўтказилган эди. Бу фаластинлик тадбиркор, Олмония фуқароси ҳиммати билан амалга оширилди.

 

Ногиронлар учун

Америкада илк бора Қуръ­о­­ни­ карим имо-ишора тилида му­сулмонларга туҳфа этилди. "Global Deaf Muslims" хал­қаро Ислом ташкилоти амалга оширди. Бундан мурод, иқтидорли ва имконияти чекланган, кар-соқов кишиларнинг дилига Қуръони карим сўзлари ва маъноларини етказишдир. Унинг биринчи кўриниши интернет саҳифаларида ва DVD дискларда чиқарилади. Ташкилот уни бепул тарқатишга қарор қилган.

 

Озодаликка  эътибор

Саудия Арабистони ҳукумати Маккаи мукаррамани ободонлаштириш ва турли касалликлар олдини олиш мақсадида янги лойиҳа ишлаб чиқди. Олти юз килограммгача оғирликни кўтара оладиган уч юзта улкан чиқинди контейнерлари шаҳарнинг турли туманларига жойлаштирилди. Чиқиндилар махсус қувурлар орқали тўғри шаҳар ташқарисидаги алоҳида майдонга чиқариб ташланадиган бўлди. Ло­йиҳани молиялаш учун эллик миллион евро маблағ сарф­ланди.