Норвегияликлар ишонишади

Норвегиянинг “NRK” таҳлил таш­кило­ти яқинда ўт­каз­ган сўров­га кў­ра, мам­лакат аҳо­ли­сининг ярмидан кўпи Ислом дини уларнинг маданиятига зарар етказмайди деб ҳисоб­лайди, 24 фоиз аҳолигина тескари фикрда.

Сўралувчиларнинг 42 фоизи оиласидагилар мусулмон билан никоҳдан ўтишини маъқуллаган. Бунга қарши бўлганлар розилардан икки баравар кам. Қарши бўлганларнинг 65 фоизи мусулмон танишлари йўқлигини таъкидлаган. Улар асосан эркаклар ва маълумоти юқори бўлмаган кишилардир. Аёллар ва олий маълумотли норвегияликларнинг асосий қисми мусулмонларни қўллаб-қувватлаган.

Зилзиладан сўнг ҳаёт ўнгланмоқда

Фалокат юз бер­ган Тур­киянинг Ван ва Эркис­ шаҳар­­­­­­­ларида электр таъ­мино­ти тик­ланди, алоқа тизи­ми ҳам ишга ту­ширилди.­ ­Бошпана­сиз қол­ганларнинг барчаси чодирлар­га жойлаштирилгани таъкидланмоқда.

Мамлакатга дунёнинг турли ўлкаларидан инсонпарварлик ёрдамлари келиши давом этмоқда. Жума намозида марҳумлар ҳаққига тиловат қилинди. Туркияда байрамлар ва тантаналар тўхтатилди.

Ёт ғояларга қарши кураш

Чеченистоннинг “Ди­ний-маърифий тарбия ва камолот маркази” қўпорувчилик ва бузғунчилик ғоя­ларига қарши кураш лойиҳасини амалга ошир­моқда. Марказ ходимлари мамлакатнинг турли нуқталарида учрашувлар ўтказиб, тушунтириш ишларини олиб боришяпти.

Диний-маърифий тарбия бўлими бош­лиғи Айюб Асоев сўзларига кўра, ушбу лойиҳа узоқ муддатга, кенг омма учун мўлжалланган. Лойиҳанинг жуғрофий ҳудуди жуда кенг. Мамлакатнинг барча туманларида тадбирлар ўтказилади.

Қуръоннинг ўзига хос нусхаси

Эронда очилган Халқаро матбуот ва ахборот агентликлари кўргазмасида коинотга олиб чиқилган Қуръони карим нусхаси намойиш этилди. Муқаддас китобни “СОЮЗ ТМА-01М” ҳаво кемасида россиялик фазогир Александр Калери 2010 йилнинг 8 октябрида коинотга олиб чиққан. Китоб самода 159 кун турган ва жорий йилнинг 16 март куни Ерга олиб тушилган.

Қуръони каримни фазога олиб чиқиш эронлик журналист ва дипломат Сирус Борзу ташаббуси эди. Бу ўзига хос кўргазма эронликларда катта қизиқиш уйғотди.

Демократик сайловлар олдидан

Қатар амири Ҳа­мад ибн Халифа Таний 2013 йили мамлакатда илк бор демократик сайловлар ўтказилишини эълон қилди. Унинг сўзларига кўра, фуқаролар амир ҳузу­ридаги Маслаҳат кенгаши аъзоларини сайлаш ҳуқуқига эга бўлади. Ушбу кенгаш ижро ҳокимиятига йўл-йўриқ кўрсата олади.

“Биз замонавий давлат қуриш, янги давр олдимизга қўяётган муаммоларни ижобий ҳал этиш ва мамлакатимизни ривожлантириш учун ана шундай ўзгариш зарур деб ҳисобладик. Халқимиз бу масъулиятни яхши уддалайди деб умид қиламиз”, деди амир.

Мусулмонлар тинчлик тарафдори

Янги ижтимоий тадқиқотлар натижаларига кўра, Канада мусулмонлари диний хилма-хилликни ҳурматлаш ва қонунларга амал қилиш борасида бошқаларга намуна экан.

“Текширишлар Канадада Ғарб мусулмонларининг энг бағрикенг, очиқ фикрли, дарёкўнгил вакиллари яшашини кўрсатди”, деди Вашингтондаги махсус кенгаш президенти Даниел Пайпс.

МакДоналд Лорие институти ўтказган “Мусулмонлар нима истайди?” мавзуидаги тадқиқот мусулмонларнинг кўпи тинчлик-тотувлик тарафдори бўлиб, турли қўпорувчилик ва бузғунчилик, айирмачилик ва гуруҳбозлик каби салбий ҳолатларга буткул қарши эканини яна бир бор исботлади.

Бойқўнғирда биринчи масжид

Бойқўнғир фазо станциясида илк масжид очилди. “Масжид муборак Қурбон ҳайити арафасида ишга тушгани нур устига нур бўлди”, деди Қозоғистон муфтийи Абдусаттор Дербисали.

Масжид космодром дарвозасига яқин жойда қад ростлади. Масжид таркибида тўрт юз кишилик хонақоҳ, йигирма тўрт метрлик иккита минора, кутубхона, ошхона ва бошқа хўжалик иншоотлари бор.

Муаммолар ҳал этилмоқда

“La Croix” газетаси буюртмаси билан Франция ижтимоий фикр институти ўтказган тадқиқот натижаларига кўра, Франция аҳолисининг 3,8 фоизи Ислом арконларига фаол амал қилар экан.

Мамлакатдаги 6 милён мусулмоннинг 41 фоизи “амалларни мунтазам бажариши”ни билдирган.

Шу йил август ойида Франция мусулмонлари кенгаши президенти Муҳам­мад Мусовий тобора ортиб бораётган эҳтиёжлар ҳисобга олиниб, бутун мамлакат бўйлаб 150 та янги масжид қурилиши режалаштирилаётганини айтган эди. Ҳозирча жой етишмаслиги сабаб жума намозлари кўпинча кўчаларда адо этиляпти. Аҳолисининг чорак қисми мусулмонлар бўлган Марсел шаҳрида етти минг кишилик жоме қуриляпти.

Соғлом турмуш тарзи учун

Чекиш, маст қи­лувчи ичимлик­лар ва наркотик моддаларни истеъмол қилиш барча динларда қораланади. Бундай иллатлар замонавий жамиятда катта муаммолардан биридир.

Доғистон техника университетида “Биз чекишга қаршимиз!” шиори остида тадбир ўтказилди. Соғлом турмуш тарзини тарғиб қилувчи хилма-хил ахборот-таълим машғулотлари, суҳбат ва анжуманлар ташкил этилди. Соғлиқни сақлаш соҳасининг вакиллари, спортчилар билан учрашувлар кўпчиликда катта таассурот қолдирди.