ҚАДАМЖОЛАРГА БОЙ ЮРТ

Дунёнинг энг йирик саёҳат ширкати “TUI Travel” раҳбари Маҳдий Ланғинкий “Ал-Арабия” газетаси мухбири билан суҳбатида Миср саёҳатчиларни жалб қилиш бўйича илғор мамлакат эканини таъкидлади. Мисрда жаҳоннинг етти мўъжизасидан бири борлиги, қадимий меъморлик санъати, милоддан аввалги буюмлар ва Ислом маданиятига оид турли дурдоналарга бойлиги бунинг сабаби эканини қайд этди. Бундан ташқари, дунёнинг деярли барча мамлакатлари билан авиақатнов йўлга қўйилгани, нархлар арзонлиги, денгиз бўйида жойлашган меҳмонхоналарнинг яхши хизмати ҳам саёҳатчиларни жалб этаётганини айтди.

 

МУСУЛМОНЛАРГА ЭЪТИБОР

Олмония ҳукумати мусулмонлар байрамларини нишонлашлари ва урф-одатларини эмин-эркин адо этишлари учун кенг имкониятлар яратди. Жумладан, Қурбон ва Рамазон ҳайитларини нишонлашга, хоҳлаган масжидларида беш маҳал намоз ўқишга ва Пайғамбаримизнинг суннатларини бажаришга рухсат берилди. Шу вақтгача ўғил бола вояга етмагунча уни суннат (хатна) қилишни мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлиги тақиқлаган эди. Энди эса ота-она розилиги билан чипрон қилдириш мумкин.

 

ВИЗАСИЗ ТИЗИМ

Эрон Ислом Республикаси билан Ироқ давлати янги битимни имзолашмоқчи. Битим бўйича Эрондан муборак сафарга отланаётган ҳожилар учун Ироқ давлатидан кириш-чиқишларида виза тизими вақтинчалик бекор қилинади. Бундай визасиз тизимнинг йўлга қўйилиши икки мамлакат ўртасидаги тижорат, саёҳат, транспорт, божхона ва бошқа кўпгина соҳаларда қулайлик туғдириши табиий. Эрон муфтийи Аҳмад Мовсуён оммавий ахборот воситаларига берган суҳбатида бунга алоҳида урғу бериб, бу айниқса, муборак сафарга отланаётган мусулмонларнинг эмин-эркин бориб келишлари учун анча қулайлик яратишини мамнуният билан қайд этди.

 

ЯНГИ МАРКАЗ ҚУРИЛАДИ

“World Bulletin” халқаро портали хабар беришича, Америка мусулмонлари уюшмаси Аризона штатида янги маданият марказини барпо этишни режалаштиряпти. Лойиҳа бўйича қурилиш учун тўққиз миллион доллар сарфланиши мўлжалланган. Янги маданият марказидан барча миллат ва дин вакиллари фойдаланишлари мумкин бўлади. Икки қаватли муҳташам бино анжуманлар зали, ўқув хоналари, Ислом санъати музейи, дам олиш маскани, сув ҳавзаси, спорт майдони, ошхона ва дўконни ўз ичига олади. Кейинчалик мажмуа қошида Ислом маданияти ва ундаги янгиликларни ёритувчи газета босиб чиқариш ҳам кўзда тутилган.

 

ИСЛОМ ФИҚҲИ АКАДЕМИЯСИ МАЖЛИСИ

Маккаи мукаррамада Ислом фиқҳи академиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Йиғилишда асосий эътибор шимолий Оврупа давлатларида намоз вақтларини белгилаш ҳамда намозларни бир-бирига қўшиб ўқиш тўғрисидаги масалаларга қаратилди. Саудия Арабистони Қироллиги уламолар кенгаши аъзоси, қирол маслаҳатчиси шайх Абдуллоҳ Маъний белгиланган намоз вақтларини қайта кўриб чиқиш кераклигини таъкидлади. Қирқ саккизу олтмиш олти даража кенглик оралиғида жойлашган мамлакатларда шарққа нисбатан намоз вақтлари катта фарқ қилишини айтди. Бундай ўлкаларда кун қисқа ва тун узунлигини ҳисобга олиб бу масалага жиддий ёндашиб, тўғри фатво чиқариш зарурлигини айтди. Баъзи жойларда эса ярим йил қуёш деярли чиқмаслигини ҳам ҳисобга олишни айтди. Шом билан хуфтонни ёки бошқа намозни бир-бирига қўшиб ўқиш одатга айланиб қолишнинг олдини олиш ҳақида бир қатор фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

 

ТУҒИЛИШ КЎПАЙМОҚДА

Америка фуқароларини рўйхатдан ўтказиш ташкилоти маълумотларига кўра, 2050 йилга келиб оқтанлиларга нисбатан қоратанлилар аҳолининг кўпини ташкил қилади. Бунинг сабаби уларда оқ танлиларга қараганда туғилиш сонининг анча кўплигидир. Уларнинг кўпи 1990–2000 йилларда бу ўлкага ўрнашган Лотин Америкаси вакилларидир. Олтмишинчи йилларда қора танлилар аҳолининг бор-йўғи ўн беш фоизини ташкил қилар эди. Ҳозир эса уч юз ўн беш миллион нафар аҳолининг ўттиз олти фоизи қора танлилар. Барак Обаманинг президентликка сайланишида ҳам ана шу аҳолининг ҳиссаси катта бўлган.

 

БОЛГАРИЯ МУСУЛМОНЛАРИ ИДОРАСИГА ТАШРИФ

Болгария президенти Росен Плевнелиев София шаҳрида жойлашган мамлакат мусулмонлари идорасига келиб, муфтий Мустафо Алиш ҳожи билан учрашди. Суҳбат чоғида президент қурилаётган янги Ислом олий таълим марказини маъқуллади ва бу қурилишни охирига етказиш масъулиятини таълим вазири зиммасига юклаганини таъкидлади. Шунингдек, мусулмонларнинг эмин-эркин ибодат қилишлари учун қулай шароит яратиш, диний ташкилотларга моддий ва маънавий ёрдам қўлини чўзишини айтди. Муфтий ташриф учун миннатдорлик изҳор этиб, қилинаётган ғамхўрлик учун бутун Болгария мусулмонлари номидан ташаккур билдирди.

 

ЯНГИ ШАҲАРЧА ҚУРИЛАДИ

Саудия Арабистони шарқидаги Хаса вилоятида янги саноат шаҳарчаси барпо этиляпти. Лойиҳага кўра, ажратилган ярим миллион квадрат километр майдонда завод, фабрика, дам олиш маскани, гипермаркет, спорт мажмуаси, ўқув маскани ва бошқа кўпгина бинолар қурилади. Вилоят волийи Фаҳд ибн Муҳаммад Жобир лойиҳадан мақсад аёллар мавқеини кўтариш ва уларнинг ўз ўринларини топишларига кўмаклашиш эканини таъкидлади. Қадоқлаш заводи, текстил фабрикаси, дори-дармон ишлаб чиқариш корхоналарида фақат аёллар ишлайди. Қурилиш ишлари 2014 йилгача тугатилиши режалаштирилган.

 

КЎРГАЗМА НАМОЙИШИ БОШЛАНДИ

Буюк Британиянинг “P21 Gallery” томошалар уйида Фаластин санъати кўргазмаси бошланди. Кўргазмани мамлакатнинг хорижликлар билан ишлаш ташкилоти уюштирди. Тадбирда Франция, Белгия, Олмония, Америка ва бошқа давлатлардан келган фотограф ва рассомлар қатнашяпти. Фаластиннинг қадимий санъат асарлари билан бир қаторда замондош рассомларнинг ажойиб ишлари ҳам намойиш этилмоқда. Кўргазма шу йил март ойигача давом этади.

ДОЛЗАРБ МАҚОЛА

Асли тунислик машҳур шарқшунос олим ва ёзувчи Абдуваҳоб Маддибнинг “Le Monde” газетасида чоп этилган “Ислом ёмонликдан йироқ” номли мақоласи кенг оммани ўзига жалб қилди. Мақолада Ислом динига оид биродарлик, тинчлик, тотувлик, меҳмондўстлик, ширин сўзлик ва мулойимлик каби фазилатлар ва диннинг асл моҳияти ёритилган. Ёзувчи Бангладеш, Индонезия ва баъзи араб мамлакатларида юз бераётган нохуш воқеаларга диндорларнинг алоқаси йўқлигини уқтиришга ҳаракат қилган. Қуръони каримда ва Пайғамбаримиз Муҳаммаднинг ҳадиси шарифларида қўпорувчилик ва бузғунчиликка қарши кўплаб далиллар келтирилганини таъкидлаган.

 

ЯНГИ ТАДҚИҚОТ

Американинг “Pew Research Center” ижтимоий тадқиқотлар маркази сайёрамиздаги диндорлар сони ва ёшини аниқлаш бўйича изланишлар олиб борди. Тадқиқотлар Ер аҳолисининг саксон тўрт фоизи динларга эътиқод қилишини кўрсатди. Мусулмонлар ва ҳиндуийлар энг ёш, насронийлар ўрта, буддийлар ва яҳудийлар эса катта ёшдаги диндорларни ташкил қилар экан. Мусулмонларнинг ўртача ёши йигирма учни, яҳудийларники эса ўттиз олти ёшни ташкил этди. Ҳозир Ер аҳолисининг икки миллиард икки юз миллион нафари насроний, бир миллиард олти юз миллион нафари мусулмон, бир миллиард нафари ҳиндуий, ярим миллиард нафари буддий ва тўрт юз миллион нафари яҳудийдир. Қолган олти фоиз одам турли динларга ишонади. Ҳеч қайси динга эътиқод қилмайдиганлар орасида хитойликлар кўпчиликни ташкил этади. Мутахассислар ушбу маълумотларни тўплаш учун икки юз ўттиз икки мамлакатдаги диний ҳаётни ўрганиб, уч мингга яқин манбалардан фойдаланишди.

 

АРАБ ТИЛИ ЕТТИНЧИ ЎРИНДА

“Google” портали иш бошқарувчиси Самир Баҳоий тармоқда энг кўп ишлатиладиган тиллар орасида араб тили еттинчи ўринда туришини маълум қилди. Арабча саҳифаларга кирувчилар сони шу йўсинда ортса, 2015 йилга келиб араб тили бу борада порталнинг тўртинчи ўрнига кўтарилиши мумкин. Фойдаланувчиларнинг олтмиш фоизи йигирма беш ёшгача бўлган ёшлар. Сайтлардаги кўп китоб ва тасвирлар PDF формати экани ва қидирув тизими баъзан бу форматдаги электрон китобларни “таний олмагани” ўқувчилар учун муаммо туғдирмоқда. “Google” портали вакили бу муаммоларни бартараф қилиш учун беш миллион доллар ажратишини билдирди.

 

ЭНГ ЮҚОРИ НАТИЖА

Ўтган 2012 йилда Парижнинг дунёга машҳур Лувр музейи зиёратчиларни қабул қилиш бўйича тарихда энг юқори натижани кўрсатди. Музейни ўн миллион нафардан ортиқ сайёҳ зиёрат қилди. Бундай муваффақиятга сентябр ойида “Лувр” залларидан бирида очилган Ислом санъати бўлими сабаб бўлди. Уч минг квадрат метр майдонли хона VII–XVIII асрларга оид ўн саккиз мингга яқин турли ноёб буюмлар, қўлёзмалар, бадиий ва амалий санъат намуналари намойиш этилди. Сўнгги уч ой давомида музейнинг айнан шу бўлимига олти юз эллик минг зиёратчи ташриф буюрди. Ташриф буюрувчиларнинг кўпи Америка, Бразилия, Хитой ва Шарқий Осиё вакилларидир.

 

Интернет саҳифаларидан олинди.