ЭНГ КАТТА ВА ЭНГ МИТТИ

Самарқандлик муҳандис ва хаттот Шавкат Исмоилов Қуръони каримнинг энг катта нусхаларидан бирини кўчирди. Бўйига бир ярим метр, энига эса саксон олти сантиметр ва қалинлиги ўн сантиметрдан иборат ушбу Қуръони карим нусхасини Исмоилов беш йил давомида тайёрлади. Уч юз ўн бир саҳифаю олти юз йигирма икки бетдан иборат ушбу китоб оғирлиги юз килограмм­дир.

* * *

Эрон Ислом Республикасида Қуръони каримнинг дунёдаги энг кичкина ҳажмдаги нусхаси кўчирилди. Эни етти миллиметр, қалинлиги эса уч микрон келадиган ушбу антиқа китоб олти юз ўттиз уч варақдан иборат. Китоб кўринишини санъат даражасида ишлаб чиққан шахс Руҳуллоҳ Шарифийдир. Муаллифнинг айтишича, матн силикон варақларга лазер орқали туширилган. Қуръони карим оятларини фақатгина махсус микроскоп орқали ўқиш мумкин.

 

УРАЛСК АНЖУМАНИ

Уралск шаҳрида Қозоғистон Республикаси дин ишлари агентлиги томонидан уюштирилган илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. Йиғилишда Қозоғистон мусулмонлари идораси раҳбарияти, диншунослар, турли ташкилот ва уюшма вакиллари иштирок этишди. Анжуманда бузғунчилик ва қўпорувчиликка қарши курашиш ва унинг олдини олиш ҳамда Ҳанафия мазҳабини маҳкам тутиш ҳақида сўз юритилди.

 

ЯНГИ МАСЖИД

Қирим Автоном Республикасининг Белогорск туманида янги жоме масжиди очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда диний арбоблар, уламолар, турли ташкилот ва маҳаллий ҳукумат вакиллари иштирок этишди. Жоме Украинанинг "Раид" Ислом уюшмаси кўмаги ҳамда қишлоқ мусулмонлари ёрдами билан бунёд этилди.

 

ДИНИЙ-МАЪРИФИЙ ТАДБИР

Америка мусулмонлари томонидан Миссури штатидаги "Жефферсон Сити" маданият марказида диний-маърифий табдир ўтказилди. Анжуманда давлат арбоблари, бошқа динлар вакиллари ҳам иштирок этишди. Тадбирдан асосий мақсад Исломнинг тинчлик ва бағрикенглик дини эканини намоён этишдир. Бу ҳақда иштирокчилардан бири Файзан Саид шундай деди: "Жаҳон афкор оммаси Ислом динининг асл моҳиятини тўғри англашига эришмоқ лозим".

 

"МЕН МУСУЛМОН­ЛИГИМДАН ФАХРЛАНАМАН" 

Австралия телекомпаниясида ана шундай мавзуидаги янги кўрсатув лойиҳаси тасдиқланди. Ушбу лойиҳани "My Peace" Ислом уюшмаси ишлаб чиқиб, мамлакатнинг машҳур "SBS" ва "Foxtel" телекомпанияларига тақдим этди. Ислом тарихидан тортиб дин асосларигача бўлган мавзуни кенг қамраб олган ушбу кўрсатувни тахминан икки миллион нафардан ортиқ турли дин вакиллари томоша қилишади.

 

ЭСДАЛИК СОВҒАСИ ТОПШИРИЛДИ

Украина мусулмонлари идорасига Фаластиннинг ушбу мамлакатдаги фавқулодда ва мухтор элчиси Муҳаммад Асад ташриф буюрди. Суҳбат чоғида элчи жаноблари мамлакат муфтийи Аҳмад Тамимга Фаластин президенти номидан эсдалик совғасини топширди. Шунингдек, Аҳмад Тамимнинг икки давлат ўртасидаги алоқаларни ўрнатиш, Ислом динини ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссасини юқори баҳолаб, унга президент номидан миннатдорлик изҳор қилди.

 

ЗАМОН БИЛАН ҲАМНАФАС

Олмония аҳолисининг беш фоизи мусулмонлардир. Уларнинг диний эҳтиёжини қондириш учун икки минг нафар имом-хатиб озлик қиляпти. Бу имомларнинг кўпи немис тилини яхши билмайди. Қисқа муддатли тил ўрганиш курсидан уларнинг ўттиз нафари ўтди, холос. Оснабрюк университети Ислом кафедраси профессори бундай дейди: "Имомнинг фақатгина жума намозини ўқиб бериши кифоя қилмайди. У маҳаллий халқ маданияти ва урф-одатлари билан боғлаган ҳолда қизиқарли мавъиза қилиши лозим. Бундан ташқари у ёшларга маслаҳатчи, ташкилотчи, тарбиячи бўлиши, замон билан ҳамнафас иш олиб бориши керак". Ҳозир Франкфурт, Нюрнберг каби шаҳарлардаги институтлар қошида Ислом маданият марказлари ва турли ўқув курслари очиш ҳамда жоме масжидлар қуриш учун давлат йигирма миллион евро ажратди.

 

Азизхон Ҳакимов тайёрлади.