Кенгаш тузилди

Саудия Арабистонининг “Kingdom Holding Company” ҳиссадорлик ширкати шаҳзода Волид раҳнамолигида дин аҳкомлари бўйича директорлар кенгашини тузди. Янги кенгаш мамлакатда савдо-сотиқ ва молия тизимида фаолият юритаётган барча йирик ширкат ва ташкилотларнинг мижозларга кўрсатаётган хизматини назорат қилади. Қироллик суди аъзоси, шайх Абдуллоҳ Сулаймон Моний директорлар кенгаши раиси этиб тайинланди. Шаҳзоданинг шариат масалалари бўйича маслаҳатчиси Абдулазиз Нашвон, доктор Абдуллоҳ Салим Ҳамдий ва шайх Муҳаммад Али Жорий каби машҳур олимлар кенгашдан ўрин олган.

Ажойиб масжид

Туркиянинг Бурса вилоятидаги қадимий “Нилуфар” жоме масжиди қайта таъмирланяпти. Иншоот таъмирида нафисликка ва экология тозалигига алоҳида эътибор берилмоқда. Бу борада дунёнинг етакчи меъморлари ва мутахассислари жалб қилинди. Иншоот томи қуёшдан қувват олувчи ашёдан ишланяпти. Бино музлатгичлар эмас, балки шамол ҳосил қилувчи ускуна билан совитилади. Қурилманинг ажойиблиги ёмғир сувидан унумли фойдаланишидир. Меъмор Челик Эренгезгин иморатга ўрнатилган махсус мосламалар ёрдамида ёмғир сувидан кунига бир юз йигирма киловатт электр ишлаб чиқишини айтди. Масжид эҳтиёжи учун яна кунда эллик киловатт электр қуввати кифоя қилади. Мамлакатдаги кўҳна масжидларни ана шундай табиат билан ҳамоҳанг равишда таъмирланиши катта манфаат етказиши тайин. Режага кўра қурилиш ишлари 2015 йилга қадар якунланади.

Минск кўргазмаси

Шу йилнинг 6–10 феврал кунлари Минск шаҳридаги “Белэкспо” санъат саройида XX халқаро китоблар кўргазмаси бўлиб ўтди. Тадбирни Белорус ахборот вазирлиги мамлакатдаги дипломатик ваколатхона ва элчихоналар билан ҳамкорликда ташкил этди. Унда йигирма бешдан ортиқ мамлакатдан ташриф буюрган турли нашриёт вакиллари, олимлар ва дин арбоблари қатнашишди. Кўргазмада Яқин Шарқ, Ўрта Осиё ва Оврупа халқлари тарихи, санъати, маданияти, дини ва миллий анъаналарини акс эттирган юзлаб нашрлар намойиш этилди.

Санъат кўргазмаси

Эрон Ислом Республикасининг Тошкентдаги элчихонасида миллий маданият ва санъат кўргазмаси ўтказилди. Тадбирда эронлик машҳур хаттот, рассом Маҳмуд Фаршчиён, “Кубони Шамси Наҳованд” мусиқачилар гуруҳи ва мамлакатидаги дипломатик корпус вакиллари иштирок этишди. Кўргазмада Эрон амалий санъати услубидаги расмлар, ҳунармандларнинг қўл ишлари ва бошқа антиқа буюмлардан намуналар намойиш этилди. Анжуманда Эроннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Али Мардоний Фард сўзга чиқиб, икки халқ ўртасидаги яхши муносабатлар тўғрисида сўзлади.

Гаага халқаро анжумани

Нидерландиянинг Гаага шаҳрида Пайғамбаримиз Муҳаммаднинг ҳаётига бағишланган илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. Тадбирни “Sana” уюшмаси билан Гаага Ислом маданияти маркази биргаликда ташкил қилди. Оврупа ва Яқин Шарқ мамлакатларидан уч юз нафардан ортиқ шарқшунос, етук олим ва дин арбоби иштирок этган мазкур халқаро анжуманда асосий мақсад Ислом динининг асл моҳияти ва Пайғамбаримиз Муҳаммаднинг ибратли ишларини ўрнак қилиб кўрсатиш экани алоҳида таъкидланди. Анжуман материаллари нидерланд ҳамда араб тилларида тайёрланиб, интернет тармоғида фойдаланувчилар учун алоҳида сайт ҳам очилди.

Навбатдаги қурултой

12 январ куни Қиримдаги “Оқ масжид” жомесида қиримтатарларнинг V қурултойи бўлиб ўтди. Мажлисда ҳукумат аъзолари, уламолар кенгаши, ўқув даргоҳлари ректорлари ва Қиримда фаолият юритаётган халқаро уюшмалар вакиллари иштирок этишди. Тадбирда мамлакатдаги масжид имомларининг иш фаолиятини ривожлантириш, Ислом билим юртлари талабаларининг илм савиясини янада ошириш ҳамда уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш масалалари кўрилди. Қиримтатар Олий Мажлиси раиси Мустафо Жамилов кўтарилган масалалар юзасидан ижобий фикрлар билдириб, бу ишларга ҳукумат имкон қадар ёрдам кўрсатишини маълум қилди.

Академия очилади

Бруней Султонлигида покиза маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича халқаро анжуман бўлиб ўтди. Унда турли мамлакатлардан келган халқаро экспертлар, илмий текшириш институтлари ходимлари иштирок этдилар. Султонлик Ишлаб чиқариш вазири хорижий университетлар билан ҳамкорликда ҳалол маҳсулотни тайёрлаш, текшириш ва назорат қилиш академиясини ташкил этаётганини маълум қилди. Тадбирда бўлғуси академиянинг вазифалари, ишлаш тизими ва илмий текшириш лабораторияси ҳақидаги йўриқнома тарқатилди. Ҳозир Бруней бу борада Япониянинг Осака ва Американинг Флорида университетлари билан ҳамкорликни йўлга қўйган.

Брюссел Ислом маркази

Брюсселда насронийлар, ҳиндулар ва бошқа дин вакилларининг маданият марказлари ва ибодатхоналари анча йиллардан бери фаолият юритиб келмоқда. Шулар қатори мусулмонларнинг ҳам ибодат қиладиган, фикр алмашадиган ва диний адабиётларни мутолаа қиладиган мажмуага эҳтиёжи катта эди. Ниҳоят маҳаллий ҳукумат янги Ислом мажмуаси барпо қилишга рухсат берди. Мажмуа масжид, йиғилишлар зали, меҳмонхона, кутубхона ва спорт майдонини ўз ичига олади.

Мадинаи мунаввара – Ислом маданияти пойтахти

Мадинаи мунаввара шаҳри 2013 йилнинг “Ислом маданияти пойтахти” деб эълон қилинди. Шу муносабат билан Мадинаи мунаввара амири Абдулазиз ибн Мажид йил давомида шаҳар бўйлаб турли анжуманлар, тантаналар, музокаралар ва мусобақалар ўтказилишини маълум қилди. Шунингдек, Пайғамбаримиз Муҳаммад масжидларини кенгайтириш ва таъмирлаш ишлари ҳам ниҳоясига етказилади. “Ислом маданияти пойтахти”га бағишланган барча тадбирларни кўнгилдагидек ўтказиш учун шаҳарнинг ҳар бир фуқароси ўз ҳиссасини қўшишга астойдил бел боғлаган. Тадбирларнинг намунали ўтказилишида оммавий ахборот воситалари, ижтимоий сайтлар ва реклама ширкатларининг аҳамияти катта экани қайд этилди.

Сайёҳлар ортмоқда

Японияга мусулмон мамлакатларидан ташриф буюраётган сайёҳлар сони тобора ортиб бормоқда. Шу боис уларга қулай шароит яратиш учун мамлакатнинг етакчи сайёҳлик ширкатлари астойдил киришишган. Жумладан, бу соҳада катта тажрибага эга “Miyako International Tourist” ширкати олтита беш юлдузли меҳмонхонани мусулмонларга хос равишда жиҳозлаб чиқди. Бундан ташқари саккизта ресторан сайёҳларнинг таъби ва эътиқодидан келиб чиққан ҳолда фаолият кўрсатмоқда. Ҳозир Японияга сайёҳат қилувчи мижозларнинг кўпини Малайзия, Индонезия ва араб мамлакатларидан келаётган мусулмонлар ташкил қилади.

Банкдан ёрдам

Ислом Тараққиёт Банки президенти доктор Аҳмад Муҳаммад Али Миср Араб Республикаси раҳбарияти билан шартнома имзолади. Битим бўйича банк мамлакатда бир қатор ишларни амалга ошириш учун уч юз саксон саккиз миллион доллар миқдорида маблағ ажратади. Ушбу маблағ мамлакат жанубида йирик электростанция қуриш, машҳур Азҳар университети қошида шифохона қуриш, таълим, катта ва кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш ҳамда қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга сарфланади.

 

Интернет материаллари асосида Азизхон Ҳакимов тайёрлади.