ОВРУПАДА САЙЛОВЛАР

Олмониянинг Тиммендорфер-Штранд шаҳри ҳокими сайловида аҳолининг олтмиш икки фоизи социал-демократик партия аъзоси Хадича Карага овоз берди. "Luebeder Nachrichten" ахборот маркази хабар беришича, у шаҳар тарихидаги биринчи мусулмон аёл раҳбардир. Ғарбий Оврупада илк бор 2009 йили Аҳмад Абутолиб Голландиянинг Роттердам шаҳри бургомистр-мэри этиб сайланган эди. Яқинда эса Буюк Британиянинг Лейчестер шаҳри лорд-мэри вазифасига Абдураззоқ Усмон тайинланди.

СПОРТГА ҚИЗИҚИШ

Ҳозирги кунда мусулмонлар орасида баскетбол ўйинига қизиқиш тобора ривожланиб бормоқда. Айниқса, Американинг деярли барча масжиди ёнида баскетбол майдончаси мавжуд. Баскетбол ишқибозларидан бири Мусъаб Абдуали "The Kansas City Star" газетасига берган интервюсида шундай деди: "Маҳаллий мусулмонлар бу ўйин билан мунтазам шуғулланиб келишади. Ўйинлар жараёнида улар бир-бирлари билан янада яқинлашиб ака-ука бўлиб кетишган. Баскетбол юлдузлари орасида ҳам мусулмонлар талайгина. Хусусан, машҳур "НБА" клубининг етакчи ўйинчиларидан Карим Абдужаббор ва Ҳаким Олажювон кабилар бизларга илҳом бахш этади".

ХАЛҚАРО АНЖУМАН

Жорий йилнинг апрел ойи­да Қоҳира шаҳрида жаҳон радиокомпанияларининг V хал­қаро анжумани ўтказилади. Тадбирда дунёнинг турли бурчакларида фаолият юритаётган саксон бештадан ортиқ радиокомпания вакиллари иштирок этишади. Йиғилиш мобайнида ахборот, маърифий ва бадиий кўрсатувлар бўйича тажриба алмашинади.

ХАТТОТЛИК САНЪАТИ НАМОЯНДАСИ

Жиддадаги Дорул Ҳикма университети ўқитувчиси, рассом Худа Тотонжий Американинг Жоржтаун университетида Ислом хаттотлик санъати бўйича ўз маърузаларини бошлади. У талабаларга араб тилидаги куфий, риқъа, насх, девоний, сулс ва нас­таълиқ каби ёзувларнинг тарихи ва хаттотлик сирларини ўргатмоқда. Шунингдек, "Huda Art" кўргазмасини ҳам намойиш этяпти. Ҳар куни минглаб америкаликлар санъат даражасида битилган араб ёзувларидан баҳраманд бўлишмоқда.

ТАРИХИЙ СУРАТЛАР КИТОБ-АЛБОМИ

"Camlica Basim Yayin" наш­риёти "Салобатли Макка, нурафшон Мадина ва Тоиф" китоб-албомини чоп этди. Унда улуғвор шаҳарларнинг 1967–1984 йиллардаги кўриниши акс эттирилган.

МАСЖИД ЮЗ ЁШДА

Севастопол шаҳридаги биринчи масжиднинг қурилганига юз йил тўлиши муносабати билан халқаро анжуман ўтказилди. Унда олимлар, диний арбоблар ва турли дин вакиллари иштирок этишди. Анжуман доирасида бир неча тадбирлар – "Севастополда динлараро уйғунлик" мавзуидаги кўргазма, Оврупа ва Ўрта Осиёда банк тизимини такомиллаштириш ва ўзаро ҳамкорлик бўйича йиғилиш, Севастопол мусулмонлари маданият маркази очилиши маросими ўтказилди.

ҚАЙ ЙЎЛНИ ТАНЛАЙСАН?

Қиз ҳаёт ташвишларидан отасига шикоят қилди. Ортиқ бу каби ташвишларга бардош бера олмаслигини айтди. Ота қизининг гапларини диққат билан тинглади ва муаммонинг ечимини мисол орқали тушунтириб беришни лозим кўрди. Қизининг қўлидан тутиб, ошхонага олиб кирди ва учта идишга сув солиб, оловга қўйди. Бир оздан сўнг идишдаги сувлар қайнади. Ота биринчи идишга сабзи, иккинчисига тухум, учинчисига қаҳва солди ва уларнинг пишишини кутиб турди.

Масаллиқлар пишгач, оловни ўчирди, кейин уларни яна алоҳида идишларга солиб чиқди. Сўнг қизига юзланиб: "Она қизим, нимани кўрдинг?" деб сўради. "Сабзи, тухум ва қаҳвани", жавоб қилди қиз.

Ота қизига сабзини ушлаб кўришини айтди. Қаттиқ сабзи, пишиб чиққанидан сўнг юмшаб қолганди. Сўнг тухумни пўстлоғидан ажратишга буюрди. Қиз ўзига айтилган ишни бажарар экан, суюқ ҳолда бўлган тухум энди қаттиқ тусга кирганини кўрди. Бундан сўнг ота қаҳвани татиб кўришни таклиф қилди. Қиз ажойиб таъмли қаҳвани ичиб, табассум қилди ва: "Бу нимани англатади, отажон?" деб сўради.

«Қизалоғим, сабзи, тухум ва қаҳва "душман"га, яъни қайнаётган сувга дуч келишди, – гап бошлади ота. – Сабзи қаттиқ, мустаҳкам эди, лекин душманига енгилди ва заифлашди. Тухумнинг пўстлоғи қалқон мисол душмандан ҳимоя қилди. Лекин душман таъсиридан ичидаги суюқлик қаттиқлашди. Қаҳва шерикларидан кўра ўзгача услубда курашди ва сув унга эмас, балки у сувга ўз таъсирини ўтказди.

Энди бир фикр қилиб кўр. Сен буларнинг қай бирисан. Аввалига бардошли бўлиб, ке­йин эса қийинчиликлардан заиф ва қувватсизга айланадиган сабзи кабими? Ёки юмшоқ қалбли, лекин муаммолар қаршисида дағаллашиб қоладиган тухум кабими?!

Яхшиси, ҳаётда ўз ўрнингга эга бўлишни ва ҳар қандай қийинчиликлар олдида соф виждонингни асраб қолишни истасанг, қаҳва каби бўл. Ана шунда сени ташвишлар домига тортиб кетолмайди».

 

Робия МУҲАММАД РИЗО қизи тайёрлади.