САЛОМАТЛИК ТИЛАСАНГ

Мутахассислар тўнғиз гўштини истеъмол қилган инсонларнинг турли касалликларга чалиниши мумкинлигини аниқлашди. Шу боис Оврупа мамлакатларидаги баъзи ўқув юрт­ларида тўнғиз гўштидан тайёрланган маҳсулотлар сотилмаяпти.

 

МУСУЛМОНЛАРГА ҚУЛАЙЛИК

Олмониянинг Бремен шаҳри раҳбарияти мамлакатнинг мусулмонлар уюшмаси ва Ислом маданият маркази билан шартнома имзолади. Битимда шаҳарнинг эллик минг мусулмон аҳолиси эмин-эркин ибодат қилишлари учун зарур шароит яратиш ҳамда икки ҳайит байрамларида дам олишлари кўрсатилган. Диний ташкилотларда таълимни йўлга қўйиш ва билим даргоҳларини ўқув жиҳозлари билан таъминланиши айтилган. Шунинг­дек, Олмония давлат қонунларига қатъий риоя қилган ҳолда истиқомат қилишлари таъкидланган.

 

ГИЁҲВАНДЛИККА ҚАРШИ

Малайзиядаги "Роҳман" жоме масжиди ёнида гиёҳвандларни даволовчи шифохона иш бошлагани диний ташкилот вакилларининг ижтимоий ҳаётда муносиб ўрин эгаллаётганидан дарак беради. Бу касалхона Куала Лумпур университети қошидаги марказ директори доктор Муҳаммад Ҳусайн Хабил ташаббуси билан очилди. Ушбу шифохонанинг масжид ёнида барпо этилишининг сабаби киши даволаниш жараёнида масжиддан таралаётган Қуръони карим тиловати, азон чақириғи ва имом маърузаларидан руҳий озуқа олади ва ўзига тўғри хулоса чиқаради.

 

УЙ КУТУБХОНАСИ

Бирлашган Араб Амирликларининг "Knowledge Without Borders" халқаро ташкилоти мамлакатдаги шахсий кутубхоналарнинг энг яхшисини аниқлаш мақсадида танлов эълон қилди. Энг намунали уй кутубхонаси мусобақаси Шаржа медиа маркази ва шаҳар амирлиги билан ҳамкорликда уюштириляпти. Буни ўтказишдан мақсад ёшларни янада китобга муҳаббатини ошириш, уй шароитидаги кутубхоналарни бо­йитиш ва муносиб тақдирлашдир. Шаржа амирлик кенгаши аъзоси шайх Султон ибн Муҳаммад Қосимий бу тадбир ҳақида ўз фикр ва мулоҳазаларини шундай изҳор этди: "Уй кутубхонаси – жамият маданияти, илм савияси ва даражасини акс эттирувчи муҳим жиҳатдир. Қолаверса, 2014 йили шаҳримизни "Ислом маданияти пойтахти" унвонига етакловчи омилдир".

 

ХАЛҚАРО КЎРГАЗМА

Муборак мавлид ойи муносабати билан Киев шаҳрида "Ислом цивилизацияси мероси" мавзуида халқаро кўргазма ўтказилди. Тадбирда олимлар, дипломатлар, давлат арбоблари, Украина мусулмонлари идораси ходимлари ва мамлакатдаги хал­қаро ташкилот вакиллари иштирок этишди. Анжуманда дунёдаги йирик масжидлар суратлари, диний адабиётлар, украин, озарбайжон, ўзбек, туркман, чечен, афғон ва доғистон миллатларининг қадимий либослари ва нодир буюмлари намойиш этилди.

 

Интернет материаллари асосида Азизхон ҲАКИМОВ тайёрлади.