Янги марказ очилади

 

Австралияда Ислом динига эътиқод қилувчилар йигирма миллион аҳолининг икки фоизини ташкил қилади. Мамлакатнинг Виктория штати мусулмонлари кенгаши қирқ йилдан буён самарали фаолият кўрсатиб келмоқда. Ушбу кенгаш қошида аёллар учун халқа­ро илмий марказ очилиши режалаштирилмоқда. Ғарбий Мелбурндаги "Жеффкот" жоме масжидида очилиши кўзда тутилган мазкур шўъба ҳақидаги хабарни аёллар илиқ қарши олишди. Янги марказ раҳбари бу хусусда шундай дейди: "Марказ мусулмон аёлларнинг жамиятда тутган ўрнини намоён этиш билан бир қаторда уларнинг ўзларига бўлган ишончларини янада мустаҳкамлайди. Бир-бирлари билан яқин мулоқотда бўлар эканлар, аёлларга хос муаммоларни бартараф этиш ва ўзаро тажриба алмашиш имкониятига эга бўлишади. Шу билан бирга, Ислом дунёсида юз бераётган турли янгиликлардан бохабар бўлиб, дунёқарашлари кенгаяди".

 

Масжидлар қад  кўтаряпти

 

Франциядаги жоме масжидлар ўзгача услубда қурилганлиги билан алоҳида ажралиб туради. Айниқса, 1924 йили Жазоир ҳукумати ташаббуси билан бунёд этилган тарихий мажмуа ҳануз энг йирик ва минорали ягона жоме ҳисобланади. Мамлакатдаги масжидлар сони икки мингга яқин бўлиб, уларнинг умумий майдони уч юз минг квадрат метр­ни ташкил қилади. Мутахассислар бу кўрсаткич истиқомат қилаётган мусулмонлар сони бошига бир квадрат метрдан озроққа тўғри келишини тахмин қилишяпти. Францияда Ислом динига эътиқод қилувчилар сони тобора ортаётгани боис масжидларга талаб кучайяпти. Ислом олами уюшмаси, турли жамғарма, ташкилот ва алоҳида шахслар биргаликда янги масжидлар қуриш ва эскиларини таъмирлаб кенгайтириш ҳаракатига тушишди. Ҳозир мамлакатнинг турли ҳудудида ҳаммаси бўлиб икки юзта янги масжид қад кўтармоқда.

 

ИҲТ фаолияти кенгаймоқда

 

Ислом ҳамкорлик ташкилоти Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг хавфсизлик кенгашига киришни режалаштиряпти. Бош котиб Акмалиддин  Эҳсон ўғли бу ташкилот кучини ва мавқеини ошириши ва кенг миқёсда фаолият олиб бориши учун катта имкониятлар яратишини таъкидлаяпти. Ушбу қадам дунёда содир бўлаётган турли мудҳиш воқеа ва ҳодисаларнинг олдини олиш ва бартараф қилишда мустаҳкам пойдевор вазифасини ўташини қайд этди. Бу ҳақда ИҲТнинг Қоҳирада бўлиб ўтадиган нав­батдаги йиғилишида расмий эълон қилинади.

 

Азон товуши

 

Мусулмонларни намозга чақириш Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) давр­ларида Мадинаи мунавварада Билол ибн Рабоҳ  (розияллоҳу анҳу) биринчи азонни айтганидан бери анъанага айланган. Ўшанда саҳобаи киромнинг ўзига хос ёқимли овози етти маҳаллага таралиб, одамларни намозга чорлаганди.

Ҳозир эса бу азалий одат муаззинлар томонидан овоз кучайтириш мосламаси орқали амалга ошириляпти.

Дунёда сони жиҳатидан энг кўп мусулмон истиқомат қиладиган Индонезияда саккиз юз мингга яқин масжид мавжуд. Улар учун V8sound ширкати овоз кучайтиргич мосламасининг янги тизимини ишлаб чиқди. Унинг афзаллик тарафи шундаки, чиқаётган овоз акс-садосиз қавмга етиб боради. Уни исталган майдон учун белгилаш мумкинлиги боис азон бир вақтда айтилса-да, кейинги ҳудуддаги бошқа масжиддан таралаётган овозга халақит қилмайди. Аввалги мосламалардан баҳоси икки баробар қимматроқ бўлса ҳам, у ўзини оқлайди.

Ширкат бош директори Харри Киссово бундай мосламани муборак Рамазон ҳайитига қадар мамлакатдаги барча масжидларга ўрнатиш ниятида эканини таъкидлади.

 

Саёҳат   таҳлили

 

Дунёдаги мусулмон аҳоли сони борган сари ортиши билан бирга уларнинг моддий турмуш даражаси янада ўсяпти. Американинг "Dinar Standard" ширкати 2020 йилга келиб дунёдаги сайёҳларнинг ярмидан кўпини мусулмонлар ташкил қилишини таҳмин қиляпти. Сўнгги йилларда Саудия Арабистони Қироллиги, Эрон Ислом Республикаси, Нигерия, Бирлашган Араб Амирликлари, Индонезия ва Малайзия мамлакатлари сайёҳлар сони бўйича энг юқори кўрсаткичга эришишган. Шунинг учун ҳам саё­ҳатчиларни қабул қилаётган давлатларда мижозларга алоҳида эътибор берилиб, қулай шароитлар яратилмоқда.

 

Ногиронлар  учун

 

Ислом олами уюшмаси бош­қа халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда янги лойиҳа устида иш олиб бормоқда. Ушбу лойиҳага кўра ногиронларга масжидларда махсус мосламалар ўрнатилади. Жумладан, зинадан чиқишга қийналадиганлар учун эскалатор, қулоғи яхши эшитмайдиганлар учун минораларга азонни англатувчи ўчиб-ёнувчи чироқлар ўрнатилади.