Бошқирдистонда халқаро анжуман

Уфа шаҳрида “XXI аср таълимида Ислом ғоялари ва қадриятлари” IV халқаро илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди.

Халқаро анжуманнинг очи­­­лиш ма­росими­да ҳукумат вакил­лари, фан ар­боблари, диний ташкилот ходимлари, элчилар, МДҲ, Осиё, Оврупа, Африка мамлакатларидан келган меҳмонлар, Россия олий ўқув юртлари раҳбарлари қатнашди.

Анжуман қатнашчилари Россияда диний таълим тизимини шакллантиришга катта эътибор берилаётганини таъкидлашди. Таълим лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этиш бўйича ҳамкор ўқув юртлари фаолиятига ижобий баҳо берилди.

 

Қорилар танлови

Москвада Қуръон қорилари XII халқаро танлови якунланди. Бу танлов дастлаб 2000 йили Москва диний ўқув юртлари талабалари ўртасида ўтказилган. Уч йилдан сўнг Россиянинг турли минтақаларида, 2005 йили бутун Россия, 2007 йилдан эса халқаро миқёсда ташкил этилмоқда. Бу йилги мусобақада маҳаллий қори­лардан ташқари Малайзия, АҚШ, Франция, Буюк Британия, Швеция, Жанубий Африка ва Ўрта Осиё мамлакатларидан ҳам вакиллар қатнашди.

 

Янги ҳуқуққа эга бўлишди

Саудия Арабистони қироли Абдуллоҳ ибн Абдулазиз мамлакатда аёллар ҳуқ­у­қига доир янги қарор қабул қилди. Унга кўра энди аёллар ҳам мамлакатнинг олий бошқарув органи – Шўрога аъзо бўлишлари, сайловларда қатнашишлари мумкин.

Саудия раҳбари ижтимоий ҳаётда аёлларга кенг ўрин бериш тарафдори. Унинг фармони билан 2007 йили малика Жавҳара бинти Фаҳд олий ўқув юртига раҳбар этиб тайинланди. 2009 йили аёллар масалалари бўйича вазир ўринбосари лавозимини ҳам мамлакат тарихида биринчи марта аёл киши эгаллади.

 

Тадбиркорлар учрашуви

Хитойнинг Инжуан шаҳрида мусулмон тадбиркорлар йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилиш Хитой-араб савдо-иқтисодий йиғини доирасида ўтказилди. Йиғинда дун­ёнинг 47 мамлакатидан беш юздан ортиқ вакил иштирок этди.

Мусулмон тадбиркорлар анжумани мамлакатлар ўртасидаги алоқаларни ривожлантиришда муҳим қадамлардан бири бўлди. Унда озиқ-овқат маҳсулотлари айрибошлаш, сайёҳликни ривожлантириш, сармоялар киритиш, маданият соҳасида ҳамкорликни кучайтириш каби масалаларга эътибор берилди.

 

Ёмғир сўраб дуо қилинди

Шу йилнинг 23 сентябр куни бутун дунё­ мусулмонлари қурғоқчиликдан азоб чекаётган Африка аҳолисига ёмғир сўраб ибодат қилди. Масжидлар, исломий маданият марказлари, диний жамоат ташкилотларида, жума намозларида очлик ва қурғоқчиликка дучор бўлган одамлар ҳақига дуо қилинди.

Қурғоқчилик озиқ-овқат танқислигига, минглаб одамларнинг ҳаётдан кўз юмишига сабаб бўлмоқда. Тоза ичимлик суви йўқлиги эса энг катта муаммолардан бири бўлиб турибди.

 

Бразилияда мусулмонлар кўпаймоқда

Ажабтовур карнаваллари билан машҳур Бразилияда мусулмонлар сони ортиб бормоқда. Исломшунос Пауло Пинто ҳисоб-китобига кўра, ҳозир мамлакатда бир миллионга яқин мусулмон бор. Ахборот олиш осонлашуви, глобаллашув жараёнлари мамлакатда Исломнинг кенг ёйилишига сабаб бўлмоқда. Ҳозир бу юртда 127 та масжид бор. Бу рақам 2000 йилдагидан тўрт баробар кўп.

 

Мусулмон аёллар ҳуқуқи муҳокама этилди

Испания пойтахти Мадрид шаҳридаги Миср исломий тад­қиқотлар институтида Оврупада мусулмон аёллар ҳуқуқи масаласининг истиқболларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишда мусулмон аёллар ҳуқуқларни ҳимоя қилишнинг ғоявий асослари, минтақада шу билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш масалалари кўрилди.

Тадбир доирасида суҳбат, мунозаралар ташкил этилди.

 

Мусулмонларга қулайлик бўлади

Буюк Британияда илк бор мусулмонлар учун ўрта таълим муассасасини очиш расман маъқулланди. Шу пайтгача турли доиралар бундай махсус ўқув даргоҳлари очилишига норозилик билдириб келарди.

Ланкашир графлигидаги ушбу илм мас­кани келаси йили иш бошлаши кўзда тутилган.

 

Араб парламенти раҳбарининг янги ўринбосари

Қатар фуқароси Ойша Юсуф ал-Маннай Форс кўр­фази мамлакатлари тарихида илк бор араб парламенти раҳбари ўринбосари лавозимига сайланган аёл бўлди.

Қоҳирада ўтган сайловда унинг номзодини 54 овоздан 30 таси маъқуллади.

Янги ўринбосар Қатар университетида исломий фанлар ва фалсафа бакалаври даражасини, “Ал-Азҳар” университетида магистр ва фан номзоди даражасини олган.

Ойша Дохадаги университетларнинг бирида шариат ва ҳуқуқ факултети декани лавозимида ишлаган. У Қатар аёллари орасида биринчи бор бундай лавозимга кўтарилиб, ўзига хос “рекорд”га ҳам эришган.

Интернет маълумотлари асосида тайёрланди.