Энг ривожланган давлат

Ислом мамлакатлари орасида иқтисоди ривожланган, аҳоли жон бошига ўртача даромад бўйича Қатар энг юқори кўрсаткичга эришди.  Бу мамлакатда аҳоли жон бошига йиллик даромад саксон тўққиз минг долларга тенг келди. Иккинчи ўринни эллик беш минг доллар кўрсаткичи билан Қувайт эгаллади. Бу борада биринчи ўнликни Бруней, Бирлашган Араб Амирликлари, Уммон, Саудия Арабистони, Баҳрайн, Туркия, Ливия ва Малайзия банд этди. Биринчи ва ўнинчи поғоналардаги мамлакатларнинг аҳоли жон бошига даромади орасидаги фарқ етмиш уч минг доллар бўлди.

 

Ислом тинчлик дини

Покистон ахборот ва маданият вазири Саид Самсам Бухорий "Салом, янгиликлар" халқаро телеканалига Ислом динининг дунё миқёсида тутган ўрни ҳақида суҳбат берди. Саид Бухорий дунёда мусулмон аҳолининг кўпайиши оврупаликларни тобора қизиқтираётгани эътиборли эканини айтди. Жаҳоннинг турли бурчакларида содир бўлган нохуш воқеаларнинг Ислом динига алоқаси йўқлигини қайд этди. Бузғунчилик ва қўпорувчилик ҳаракатлари эса динимизга буткул ёт экани, асл моҳияти тинчлик, тотувлик бўлган Исломни Қуръони карим ва Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадиси шарифларида баён қилинганидек соф ҳолда ­халққа етказиш, тушунтириш олим­лар, дин арбобларининг муҳим  вазифаси эканини таъкидлади.

 

Музей ишга тушди

Қоҳирадаги Ислом маданияти музейи саккиз йиллик таъмирдан сўнг фойдаланишга топширилди. Қадимий музейнинг йигирма бешта кўргазма залида юз мингдан ортиқ китоб, санъат асарлари ва турли ноёб буюмлар бор. Бу тарихий экспонатларнинг икки мингга яқини жуда қадимийдир. Кўргазмада намойиш этилаётган буюмлар умавийлар, аббосийлар, фотимийлар, мамлуклар ва усмонийлар даврига оид бўлиб, улар қадимий Андалус, Леванта, Туркия, Ҳиндистон ва Хитой каби давлатлардан келтирилган.

 

Янги дармон дори

Детройтлик доришунос, профессор Сэм Алавие янги дармондори ихтиро қилди. Таркиби инсон саломатлигини тикловчи, асабларини тинчлантирувчи ва қувват берувчи моддаларга бой. Уни тайёрлашда чўчқа ёғи ёки спиртдан фойдаланилмаган. Иккинчи хил дармондори аёлларга мўлжалланган. Рўмол ўрашлари боис мусулмон аёлларда қуёш нуридан олинадиган Д витаминига эҳтиёж кучли. Араб мамлакатларида ушбу дорига талаб ортмоқда.

 

Ёдгорлик ватанига қайтарилди

Туркия маданият ва саёҳат вазири Эртутрул Гунай ўн йил олдин изсиз йўқолган қадимий ёдгорлик топилганини маълум қилди. Изник шаҳри кулолларининг қўл меҳнати маҳсули бўлган ушбу махсус ойна 2001 йилгача Бурса шаҳридаги "Синон пошо" жомеига ўрнатилган эди. Сўнг номаълум шахс­лар томонидан Буюк Британияга олиб кетилган экан. Мутахассислар юқори баҳо берган ушбу асар ўз ватанига қайтарилди. У сўнгги йилларда дунё саёҳатчилари орасида шуҳрат қозонган. Минг йиллик тарихга эга ушбу обида ўттиз тўртта ҳаво рангли ойна бўлакларидан иборат. Нақш бўлакларига хаттотлик санъати билан Қуръони каримнинг ояти ёзилган.

 

Масжидул Ҳаром кенгаяди

Саудия Арабистони қироли Абдуллоҳ ибн Абдулазиз раҳбарлигида Маккаи мукаррамадаги Масжидул Ҳаромни кенгайтириш бошланди. Мақсад ҳаж ва умра мавсумида келадиган олти миллиондан ортиқ зиёратчиларнинг эмин-эркин ибодат қилишлари учун янада қулай шарт-шароит яратиш. Қурилиш ишлари олти йилга мўлжалланган бўлиб, унга кетадиган маблағ йигирма миллиард долларни ташкил этади. Таъмир ниҳоясига етгач, масжидда ҳозиргидан бир ярим баробар кўп намозхон ибодат қила олади. Нафақат масжид, балки унинг атрофидаги эски бинолар ўрнида ҳам қурилиш ишлари амалга оширилади. Улар ўрнига осмонўпар меҳмонхоналар барпо этилади. Доимий муаммо бўлиб келган автомобиллар тирбандлигига чек қўйиш, кўприклар ва ерости йўллари қуриш ҳам кўзда тутилган.

 

Марказ ишга тушди

Эрон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазирлигининг халқаро тадқиқот департаменти қошида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш маркази очилди. Теҳрон шаҳридаги ушбу марказ Эрон ташқи ишлар вазири Али Акбар Солиҳий ташаббуси билан ташкил қилинди. Бир юз йигирмата давлат вакилларидан иборат ушбу институт аъзолари сони жиҳатидан Бирлашган миллатлар ташкилотидан кейинги ўринни эгаллади. Марказ уюшган ҳолда миллатлар ва маданиятларни яқинлаштириш ҳамда инсон ҳуқуқларини кенг кўламда ҳимоя қилиш билан шуғулланади.

 

Олмонияда Ислом банки

"Financial Times Deutschland" ахборот агентлигининг эътироф этишича, Олмониянинг Франк­фурт шаҳрида биринчи Ислом банки очилиши режалаштирилмоқда. "Қувай-Турк" халқаро молия институти уни ташкил этмоқда. Банк мижозлардан фоиз ҳисобида маблағ олмайди, яъни шариат асосида иш олиб бориши кўзда тутилган. Банк мижозларга фойда келтирадиган бошқача усуллар билан, масалан, улардан йиғилган маблағга кўчмас мулк сотиб олиб, уни яхши нархга сотиш, супермаркетлар савдосига ёки ишлаб чиқаришга пул тикиш орқали наф олади. Ташкилот раҳбарияти бу банкни шу йил октябр ойида рўйхатдан ўтказиб, фаолиятини бошлашга ҳукуматдан рухсат олишига ишонч билдирмоқда.

 

Киевга ташриф

16 март куни Малайзиянинг Перлис штати амири Саид Файзуддин Путра Украина мусулмонлари идорасига ташриф буюрди. Меҳмонга Малайзиянинг мамлакатдаги фав­қулодда ва мухтор элчиси Чуа Теонг Бан ҳамроҳлик қилди. Муфтий Аҳмад Тамим мамлакатда диний таълимни ривожлантириш соҳасидаги ишлар ҳамда конфессиялар билан ўрнатилган дўстона алоқалар ҳақида сўзлаб берди. Саид Файзуддин Путра қабул учун чуқур миннатдорлик билдирди. Учрашувда Малайзия халқ­аро Ислом университети мударрис ва талабалари билан тажриба алмашиш тўғрисида таклифлар айтилди.

 

Эксперт  гуруҳи  тузилди

Жаҳонда Ислом молия ташкилотлари ҳамда банклари фаолиятини назорат қилувчи уюшма тузилди. Иброҳим Десаи бошчилигидаги Жанубий Африка Ислом уламоларидан иборат эксперт гуруҳи ташкилотларнинг қонунларга қандай амал қилаётганини кузатиб боришади. Шунингдек, олимлар кўпроқ ширкатларнинг эмас, мижозларнинг ҳуқуқи­ни ҳимоя қилиш билан шуғулланади. Мутахассислар бундай амалиёт корхоналар хизмати самарадорлигининг ортиши ва ишлар қатъий интизом асосида йўлга қўйилишига ёрдам беради, демоқ­далар.

 

Интернет материаллари асосида Азизхон Ҳакимов тайёрлади.