ФОРС КЎРФАЗИ САЙЁҲЛАРИ

“Ал-Арабия” ахборот агентлиги хабар беришича, ўтган мавсумда Швейцарияни зиёрат қи­лувчи сайёҳларнинг энг кўпини Форс кўрфази мамлакатларининг фуқаро­лари ташкил қила­ди.

Охир­ги йилларда бу ерга сайёҳларнинг келиши ўт­тиз бир фоизга кўпайган. Аксарияти Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Қатар давлатлари фуқароларидир.Шу боис ҳам ушбу юрт вакил­лари учун алоҳида чегирмалар берилди. Шунингдек, мамлакатнинг қирқдан ортиқ сайёҳлик ширкати янада кўпроқ мижозларни жалб қилиш мақсадида Форс кўрфазидаги давлатларда тарғибот-ташвиқот ишларини жадаллаштирмоқдалар.

 

ШВЕЙЦАРИЯДАГИ ЭНГ КАТТА МАСЖИД

Швейцарияда янги масжид қурилишига киришилди. Мазкур муҳташам иншоот уч қаватли бўлиб, атрофида яна бошқа бинолар – анжуманлар зали, дўконлар ва катта боғ барпо қилиш кўзда тутилган. Швейцария Ислом кенгаши ушбу қурилиш учун тахминан 21 миллион доллар сарф бўлишини маълум қилди. Кенгаш президенти Николас Бланчонинг сўзига қараганда, қурилиш ишлари асосан ҳашар йўли билан амалга оширилади. Шунингдек, бу хайрли ишга Форс кўрфази давлатлари сармоядорлари ва бир неча саховатпеша инсонлар ҳам жалб қилинади.

 

НАВБАТДАГИ МАЖЛИС

Қоҳира шаҳрида Ислом Ҳамкорлик Ташкилотининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбирда ташкилотга аъзо эллик етти давлатдан йигирма олтитасининг раҳбарлари иштирок этди. Анжуманда асосий эътибор бузғунчиликка қарши кураш, таълим соҳасини ривожлантириш ва Сурия халқига ёрдам бериш масалалари муҳокама этилди. Йиғинда бир қатор давлат арбоблари сўзга чиқиб, ўз фикр ва мулоҳазаларини билдиришди. Жумладан,   Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг хавфсизлик кенгашига кириш таклиф этилди. Ташкилот раҳбари Акмалиддин Эҳсонўғли бу қарор анжуманда кўтарилган муаммоларни ҳал қилишда муҳим омил бўлишини таъкидлади.

 

ЭНГ КАТТА ҚУРЪОН

Афғонистонда Қуръо­ни каримнинг дунёда­ги энг катта қўлёзма нусхаси тақдимоти бўлиб ўтди. Қўлёзманинг бўйи 228, эни 155 сантиметр бўлиб, 218 саҳифадан иборат. Ҳаким Носир Хусрав Балхий бошлиқ хаттотлар гуруҳи 2006 йилдан бошлаб, етти йил мобайнида ана шу савобли ишни амалга оширдилар. Қуръони каримнинг ҳар бир пораси ўзгача услуб ва кўринишда кўчирилган.

 

ЧИКАГО МУСУЛМОНЛАР УЮШМАСИ

Американинг Чикаго шаҳридаги “Имон” мусулмонлар уюшмаси ҳар йили эрта баҳорда турли хайрия тадбирларини ўтказади. Бу йил ҳам кам таъминланган оилалар учун моддий ва маънавий ёрдам бериш мақсадида махсус шифохона барпо қилинди. Ҳозир касалхона шифокорлари тўрт юз минг нафар мусулмонларни муолажа қилиб, уларнинг дардларига малҳам бўлишяпти. Уюшма келгусида имкониятларини кенгайтириб, мусулмонлар учун турли маиший хизматларни ташкил қилиш ниятида.

 

ҲАЖ ҲАҚИДАГИ ФИЛМ

Ушбу бадиий филм “Абу, одам ўғли” деб номланди. Ҳинд кино­ижодкорлари суратга олган филм ҳаж қилишни орзу қилиб, бунга ҳалол меҳнат эвазига эришган ва Ислом дини асл моҳиятини тушуниб етган солиҳ киши ҳақидадир. Ҳиндистонда бўлиб ўтган 42-халқаро кинофестивалда филм энг юқори ўринни эгаллади. Яъни, “Энг яхши филм”, “Энг моҳир актёр”, “Операторлик маҳорати” ва “Энг яхши мусиқали фон” йўналишларида ғолиблик шу филм ижодкорларига насиб этди.

 

САКХАР ЙИҒИНИ

Баҳрайн қироли Хамад ибн Исо ташаббуси билан Сакхар шаҳрида “Тинчлик – бебаҳо бойлик” мавзуи­да илмий-амалий анжуман ўтказилди. Тадбирда бир қатор дин арбоблари, дипломатик корпус ва халқаро ташкилот вакиллари иштирок этишди. Давлат раҳбари миллат ва дин вакилларининг ўзаро ҳамдўстлиги мамлакатдаги барқарорликнинг асосий омили эканини таъкидлади. Қайси фирқа ва мазҳабга эътиқод қилишдан қатъи назар, инсон фақат эзгу амал қилиши кераклигини қайд этди.

 

КУТУБХОНА ОЧИЛИШИ

Канада Ислом ташкилоти мамлакатда исломий кутубхонани барпо этди. Кутубхонада Қуръони карим, ҳадис тўпламлари, тафсирлар, фиқҳ ва бошқа мавзудаги китоблар жуда кўп. Бу ерга хоҳлаган киши кириб, бепул фойдаланиши мумкин. Келажакда кутубхона қошида ўқув курслари ташкил этиш ҳам режалаштирилган.

 

ЯНГИ МУФТИЙ САЙЛАНДИ

Шавқий Иброҳим Абдукарим Миср Араб Республикасининг янги муфтийи этиб сайланди. У мамлакат тарихидаги ўн тўққизинчи муфтий бўлди. Очиқ сайловда “Ал-Азҳар” университети шайхлари заковат, ташкилотчилик, оғир-босиқлик каби фазилатлари учун унга овоз беришди. Шавқий Иброҳим олдинги муфтий Али Жума қолдирган маънавий меросни сақлаб қолиш ва халқ фаровонлиги йўлида астойдил хизмат қилишга ваъда берди.

 

МУСУЛМОНЛАР СОНИ ОРТМОҚДА

Белгия пойтахти Брюссел Оврупадаги энг кўп мусулмонлар яшайдиган шаҳарга айланди. Шаҳар аҳолисининг тўртдан бир қисми, яъни уч юз мингдан ортиғи Ислом динига эътиқод қилувчилардир. Мутахассисларнинг фикрича, мамлакатда мусулмонлар орасида туғилиш тобора ўсиб бормоқда.

 

ШОИРЛАР ТАНЛОВИ

Озарбайжонда Пай­ғамбаримиз Муҳаммадга  бағишланган шеърий тўпламлар танлови ўтказилади. Тадбир Кавказ мусулмонлари идораси, мамлакат ёзувчилари уюшмаси ва халқаро ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилди. Биринчи ўринга лойиқ топилган асар муаллифи беш минг, иккинчи иккита ўрин эгаларига икки минг ва учинчи ўринни эгаллаган уч нафар шоирга эса минг доллар миқдорида мукофот берилади. Бундан ташқари, яхши қатнашган яна беш нафар қаламкаш мақтов ёрлиғи ва беш юз доллардан ҳадя олади. Танловга тақдим этилган шеърий асарлар аввал чоп этилмаган бўлиши шарт.

 

ОРОЛДА МАСЖИД БАРПО ЭТИЛАДИ

Италиядаги жоме ­масжидлар сони яна биттага ортадиган бўлди. Яқинда Сицилия оролининг Салеми шаҳридаги “Рабато” мавзесида янги масжид қурилиши учун жой ажратилди. Бу хабарни мамлакатда истиқомат қилаётган бир миллион икки юз минг нафар мусулмон чексиз қувонч билан қарши олдилар.

 

КУТИЛМАГАН ТАШАББУС

АҚШнинг Индиана штатидаги Эвансвилл университетининг мусулмон талабалари ноанъанавий ишни амалга оширишди. Улар бошқа динга эътиқод қилувчи талабаларга гул тарқатиб чиқишди. “Биз турли конфессия вакиллари билан тинчлик ва эзгулик тилида мулоқот қилишга уриняпмиз. Ислом – тинчлик ва меҳр-муҳаббат дини эканини барча билсин”, дейди талаба Мустафо Алиҳожи. Университет маъмурияти бу ташаббусни маъқуллади.

 

БРИТАНИЯДА ЯНГИ УЮШМА ТУЗИЛДИ

Гринфорд шаҳрида Муназа Заман бошчилигида “Бирлашган уммат” номли уюшма очилди. Янги уюшманинг асосий фаолияти кам таъминланган, ёш болали ва ёрдамга муҳтож мусулмон аёлларга ёрдам беришдан иборат. Уюшма ҳашар ёки хайрия сифатида йиғилган маблағни савоб ишларга сарф қилиш истагидадир.

 

ТИЖОРАТДА БАРАКА БОР

Мутахассислар валюта захираси бўйича ­дунёдаги энг илғор мамлакатларни аниқлашди. Хитой ва Япониядан кейинги учинчи ўринни олти юз саксон уч миллиард икки юз миллион доллар захираси билан Саудия Арабистони эгаллади. Швейцария ва Бразилиядан сўнг Қувайт, Бирлашган Араб Амирликлари, Қатар ва Баҳрайн каби араб мамлакатлари ўрин олди. Жаҳон халқаро валюта жамғармаси раҳбарияти бу кўрсаткич фақатгина мамлакатларнинг ўзидаги табиий қазилмалар эвазига эмас, балки савдо-сотиқ соҳасида ҳам етакчи ўринларни забт этганларидан далолат беришини қайд этишмоқда.

 

МАЛАЙЗИЯДА КЎРГАЗМА ЎТКАЗИЛАДИ

Шу йил март-сентябр ойларида Малайзия­нинг Тренгану штатида Ислом осори-атиқалари, буюмлари кўргазмаси бўлиб ўтади. Унда бир қанча мамлакатлардан келтирилган ноёб ашёлар намойиш этилади. Хусусан, Усмонлилар даврида кўчирилган Қуръони карим ҳам кўргазмага қўйилади. Тилла суви юритилган бу ноёб қўлёзма “насх” хатида кўчирилган. Ушбу китоб Хитойнинг Мин сулоласи хазинасида сақланган.

 

ҚУРЪОННИНГ УКРАИНЧА ШАРҲИ

Мадина шаҳридаги Қирол Фаҳд номидаги марказда Қуръони каримнинг украин тилидаги шарҳи босилиб чиқди. Шарҳни Украинанинг Острожск академияси ўқитувчиси, тарих фанлари номзоди Михаил Якубович тайёрлаган. Китоб тўққиз юз тўқсон уч бетдан иборат. Ҳар бир оятга хохолча шарҳ берилган.

 

ИТБ РАҲБАРЛАРИ МАЖЛИСИ

Жидда шаҳрида Ислом Тараққиёт Банки­нинг директорлар кенгаши мажлиси ўтказилди. Кенгайтирилган йи­ғилиш­да ИТБ йиллик ҳисоботи, фаолият мобайнида эришган ютуқ ва камчиликлар муҳокама қилинди.

 

Интернет материаллари асосида Азизхон Ҳакимов тайёрлади.