ОЛМОНИЯДА ЯНГИ БАНК

Олмониянинг Ма­нг­ейме шаҳрида “Қу­вайт-Турк” номли исло­мий банк иш бошлади.

Банк низомига кўра, сав­до ва ишлаб чиқариш корхоналарини маблағ билан таъминлаб, олинган фойда ё кўрилган зарарга тенг шерик бўлади. Яъни, динимиз аҳкомларига мувофиқ фаолият юритади. Маълумки, Исломда рибо – (фоиз) гуноҳи кабира ҳисобланади.

 

ЁШ ОИЛАЛАРГА ЁРДАМ

Бирлашган Араб Амирлигининг собиқ раҳбари Шайх Зайд ибн Султон ан-Наҳён 1990 йили ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш жамғармасига асос солган эди. Шу пайтгача ушбу жамғарма ёш оилаларга уч юз қирқ саккиз миллион доллар миқдорида беғараз ёрдам кўрсатди. Жамғарма раиси Ҳабиба ал-Ҳусаний бу йил бундай савобли ишга эллик тўққиз ярим миллион доллар ажратилишини маълум қилди.

 

ҚИММАТЛИ ҚОҒОЗ

Саудия Арабистони миллий авиаширкати қиймати тўрт миллиард долларга тенг қимматли қоғозларини сотувга чиқарди. Бундан кўзланган мақсад Жидда шаҳридаги қирол Абдулазиз халқаро аэропортини таъмирлаш ва кенгайтиришдир. Бундай ҳолат подшоҳликда кўп кузатилмайди. Охирги марта 2007 йили мамлакатдаги йирик “Saudi Basic Industries” нефт ширкатлари уюшмаси қимматли қоғозлари сотувидан саккиз миллиард риёл фойда кўрган эди.

 

ИСЛОМ БАНКИ ТАРМОҚЛАРИ

Бирлашган Араб Амирликлари “Ду­бай” Ислом банки тармоқ­ларини янада кенгайтир­япти. Бугунги кунда мамлакатда банкнинг етмиш бешта бўлими бор. Уларнинг ўттиз бештаси Дубай шаҳрида. Банк қисқа муддат ичида дунё­ миқёсида ўрни ва мавқеини топди. Бу ютуққа банк иши тўғри ва мижозлар учун қулай ташкил этилгани туфайли эришилди.

 

БОКУДА АНЖУМАН ЎТКАЗИЛДИ

Озарбойжон пойтахти Боку шаҳрида “Ом­мавий ахборот воситаларининг ҳамкорлиги ва ҳамжиҳатлиги” мавзуида халқаро анжуман бўлиб ўтди. Унда ISESCO – Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича халқаро Ислом ташкилоти раҳбари Абдулазиз Тувайжирий ҳам иштирок этди. Иштирокчилар ҳозирги кунда долзарб муаммо ва ҳодисаларни тўғри талқин қилишда оммавий ахборот воситалари фаолияти муҳим аҳамият касб этишини таъкидлашди.

 

ҚОРИЛАР МУСОБАҚАСИ

Ҳиндистон пойтахти Деҳлида Қуръони карим мусобақаси бўлди. Унда мамлакатдан бир юз ўттиз олти нафар қори иштирок этди. Мусобақа уч йўналишда – мужаввид, мураттаб қорилар ўртасида ва тафсир бўйича ўтказилди. Ғолибларга ёрлиқлар, пул мукофоти топширилди. Биринчи ўрин эгаси Эрон Ислом Республикасида ўтказиладиган халқаро мусобақада иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади.

 

ИЛМИЙ-АМАЛИЙ АНЖУМАН

Ислом тарихи, фан ва маданиятини ўрганиш маркази (IRCICA) Манас университети билан ҳам­корликда Бишкек шаҳри­да “Ўрта Осиёда Ис­лом тамаддуни” мавзуи­да анжуман ўтказишни режа­лаштирмоқда. Мақсад ҳудудда Ислом тарихини ўрганиш ва шу соҳада қилинган ишлар ва чиқарилган нашрларни ўрганишдир.

 

ЛОНДОНДА ДИНЛАРАРО АНЖУМАН

Лондон шаҳри марказий жоме масжидида “Диний  бағрикенглик” мавзуида анжуман бўлиб ўтди. Анжуман Дин­лараро конгресс ва Диний эркинлик уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда олимлар ва мамлакатдаги диний ташкилотлар вакиллари қатнашишди. Тадбирдан кўзланган мақсад, динлараро тотувлик ва бағрикенглик ришталарини янада мустаҳкамлашдир.

 

МИСР ҲУКУМАТИ ҚАРОРИ

Миср ҳукумати мамлакатда спиртли ичимликлар савдосига чек қўйиш ҳақида қарор қабул қилди. Илгари фақат муборак Рамазон ойидагина сотуви тақиқланган маҳсулотларни энди хориждан олиб кириш ҳам ман этилади. Ҳукумат аъзоси Набил Аббос мамлакатда маст қилувчи маҳсулотларнинг сотилишига чек қўйилиши осойишталик ва фаровонлик сари олға қадам эканини таъкидлади. Шунингдек, қарор бундай маҳсулотлар импортидан даромад кўраётганларга ёқмаслигини билдирар экан, қарорга барча фуқаролар риоя этиши зарурлигини қайд этди.

 

ЯНГИ КУТУБХОНА

Доғистонда замонавий ва муҳташам кутубхона барпо этилди. Унда араб, инглиз ва бошқа тиллардаги илмий, тарихий, фиқхий китоблар, ҳадис тўпламлари, турли тафсирлар ва замонавий адабиётлар бор. Компютерлар билан тўлиқ жиҳозланган. Ўқувчи интернет орқали он-лайн тизимида бошқа кутубхоналар билан мулоқот қилиш имкониятига эга. Бу ерга Ислом билим юртлари талабалари, ўқитувчилари ташриф буюришмоқда.

 

МУСУЛМОНЛАР СОНИ ОРТМОҚДА

Мутахассислар турли давлатларга умумий аҳолига нисбатан мусулмонларнинг ададини аниқлаб чиқишди. МДҲ мамлакатлари ичида Ўз­бекистон мусулмонлар сони жиҳатидан биринчи ўринда туради. Мамлакат аҳолисининг 89 фоизи, яъни 23897563 нафари Ислом динига эътиқод қилади. Кейинги ўринларда Россия – 21513046 нафар, Озарбойжон – 7584311, Тожикистон – 6805330, Туркманистон – 4407352, Қирғизистон аҳолисининг 4117024 нафари мусулмондир.

 

ҲАЖ ҲАҚИДА КЎРГАЗМА

Британия музейида “Ҳаж: Ислом юрагига саёҳат” мавзуида кўргазма очилди. Унда ҳаж мавсумида кийиладиган ки­йимлардан тортиб, бажариладиган амалларнинг видеотасмалари намо­йиш этилмоқда. Кўргазма 15 апрелгача давом этади. Ҳажга бормаган мусулмонлар ундан унумли фойдаланишлари мумкин. Шунингдек, бошқа динлар вакиллари ҳам ҳаж қоидаларидан хабардор бўлишяпти.

 

МАДРАСА ОЧИЛДИ

Тюмен вилояти Сургут шаҳридаги (Тюмен вилояти) марказий жоме масжиди қошида мадраса ташкил қилинди. Унда исломий билимлар ва араб тили ўргатилади. Дарсларни Россия Ислом университети битирувчилари ўтишади. Дарслар тугагач, хоҳловчилар учун махсус ўқув курслари ҳам ташкил қилинган.

 

МАСЖИДДА ИНТЕРНЕТ

Қозон шаҳридаги “Апанаев” жоме масжиди компютерлари интернет тармоғига уланди. Шу кунгача Wi-Fi фақат меҳмонхона, рес­торан, бизнес-марказ ва маж­м­уаларда бор эди. Масжидда ушбу қулайликдан бир вақтнинг ўзида 20–30 киши фойдаланиши мумкин.

 

БАҲРАЙНДАГИ КЎРГАЗМА

Баҳрайн давлатининг ал-Ансор Умм ал-Хассом марказида “Нур” номли кўргазма ўтказилди. Беш кун давом этган тадбирда Ислом тарихи ва Қуръони каримни ўқитиш ҳақидаги китоблар, талабалар учун ўқув қўлланмалари намойиш этилди. Кўргазма Баҳрайн Адлия, Ислом ва вақф ишлари вазири Холид ибн Али ал-Халифа раҳнамолигида ташкил этилди.

 

ДАРОМАД ОЛИШЯПТИ

Канада мусулмонларининг кўпчилиги маб­лағларини Ислом банкига ёки жамғармаларга сармоя сифатида қўйиш­моқда. Савдо-сотиқ ва ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган бу каби ташкилотлар, охирги маълумотларга қараганда, катта фойда кўришяпти. Ўз навбатида сармоядорлар ҳам қўшган улушларидан яхшигина даромад олмоқда.

 

Интернет материаллари асосида Азизхон Ҳакимов тайёрлади.