АНТИҚА МАЖМУА

 

Дубайда янги "Falcon City" мажмуаси бунёд этил­япти. Унда Тож Маҳал, Эйфел минораси, Эҳромлар ва Хитой деворлари каби дунё­нинг етти мўъжизаси нусхалари қад кўтаради. Бундан ташқари, мажмуа яшаш жойлари, экологик боғ ва турли дўконларни ҳам ўз ичига олади.  Лойиҳа бўйича қурилиш учун ўн икки миллиард доллар сарфланиши кўзда тутилган. Айни пайтда коммуникация, сув таъминоти ва алоқа кабеллари тизимини ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда. Мажмуа 2014 йилда битказилиши режалаштирил­япти.

 

ШВЕЦИЯДА ҚУРЪОН КЎРГАЗМАСИ

 

Швециянинг Вестерос шаҳрида Эрон Ислом Республикасининг "Ал-Заҳро" маданият маркази Қуръони карим кўргазмасини ўтказди. Унда оятларининг хаттотлик услубида ёзилган варақлари, муқаддас китобнинг турли нақш­лар билан безатилган нусхалари кўргазмага қўйилди.

 

МУҲАММАД (СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВА САЛЛАМ) ҲАҚИДА  ФИЛМ

 

Қатар киноижодкорлари Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳақида мисли кўрилмаган даражада сифатли филм яратишни режалаштиришяпти. Қувайт ахборот агентлигининг хабар беришича, уч қисмдан иборат бўладиган филмни тайёрлаш ишларига тўрт юз эллик миллион доллар харажат қилинади. Кинофилм юксак даражада сифатли ва ноёб бўлиши ҳамда Пай­ғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳақида бугунга қадар ишланган филмлардан афзал чиқиши кўзда тутилган. Томошабинларни кўп жалб қилиш мақсадида кино учун инглиз тили танланди. Киноижодкорлар  иш бошлаш учун техник воситалари ва сценарий тайёр экани, филмда Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) чеҳралари кўрсатилмаслигини таъкидлашди.

 

САНЪАТ ДУРДОНАЛАРИ

 

Фаластинда қадимги қўлёзма нусхалар ва ноёб буюмлар кўргазмаси ўтказилади. Мамлакат саёҳат ва қадимий ёдгорликларни сақлаш вазирлиги ташкил этаётган ушбу тадбир Миллий тарих музейида бўлиб ўтади. Унда қадимий тангалар, Усмон империяси даврининг тамғалари ва Буюк Британия гувоҳномалари нусхалари намо­йиш этилади. Шунингдек, тарихий ҳужжатлар, Қуръони карим нусхалари ва ўймакорлик санъа­ти дурдоналари ҳам кўргазмадан ўрин олади. Ташкилотчилардан Аҳмад Парч бундай тадбирлар ҳозирги авлод ўз ўтмишини яхши билиши ва маданияти ҳақида ёрқин тасаввурга эга бўлишига катта ҳисса қўшишини таъкидлади.

 

ҲАЖ ВАЗИРЛИГИ БАЁНОТИ

 

Қирқдан ортиқ давлат бу йилги ҳаж мавсумида зиёратчилар квотаси сонини оширишни сўраб Саудия Арабистонининг Ҳаж вазирлигига мурожаат қилган. Вазир Бандар Хожар ўз баёнотида Маккаи мукаррамадаги Масжидул Ҳаромда кенг кўламли қурилиш ишлари олиб борилаётгани боис ушбу сўровларга рад жавобини бериб, Саудия Арабистони яқин беш йил мобайнида ҳожиларни эски квота бўйича қабул қилиш имкониятига эга эканини маълум қилди.

 

ҲАҚГЎЙ ИНСОН

 

Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳри полицияси йигирма олти ёшли покистонлик такси ҳайдовчиси Умар Ажмалга олижаноблиги учун мақтов ёрлиғи топширди. Ҳайдовчи ишдан уйга қайтаётганида машинасининг орқа ўриндиғида қолган дипломатни кўриб қолади. Уни очмай шаҳар назорат идорасига топширади. Нозирлар дипломатнинг эгаси Саудия Арабистонидан келган ишбилармон эканини аниқлашади. Дипломатни эгасига қайтаргач, унда бир юз йигирма беш минг реал ва қимматбаҳо буюмлар борлиги маълум бўлди. Саудиялик ишбилармон камтарин мусулмон Умар Ажмалнинг имон-эътиқодига қойил қолиб, катта миқдорда суюнчи ҳадя этди.

 

ЭНГ ЁШ ВАЗИР

 

Норвегия маданият вазири этиб йигирма тўққиз ёшли Ҳадя Тоиқ тайинланди. Бу мусулмон аёл мамлакат тарихидаги энг ёш вазирдир. Вазир келажакдаги иш фао­лиятига доир тузган лойиҳаси ҳақида оммавий ахборот воситаларига баёнот берди. Унда маданият мамлакат кундалик ҳаётининг ажралмас қисмига айланиши зарурлигини изҳор этди. Вазир Норвегияда истиқомат қилувчи ҳар бир шахснинг қайси динга эътиқод қилишидан қатъи назар, ўз маърифати, санъа­ти ва маданиятини эркин намоён этиш ҳуқуқига эга эканини айтди.

 

ЮНИСЕФ ЛОЙИҲАСИ

 

Бирлашган миллатлар ташкилотининг болалар ҳуқуқини ҳимоя қилиш жам­ғармаси (ЮНИСЕФ) суриялик ёшлар таълим олишлари учун шароит яратиш ва моддий ёрдам бериш режасини тузди. Ҳозир таълим олишга муҳтож етмиш беш минг нафар ёшларни ўқув қуроллари билан таъминлашни бошлади. Шу кунларда тўрт минг беш юз нафар ўқувчи бошланғич таълим муассасаларида ўқишни давом эттиряпти. Лойиҳа бўйича умумий ёрдам миқдори қирқ миллион долларни ташкил қилади. Жамғарма барча халқаро ташкилотларни суриялик ёшларга моддий ёрдам беришга чақирмоқда.