Масжидлар қурилади

 

Афина шаҳри ҳукумати мусулмонларга алоҳида эътибор бериш ҳамда уларга керакли шароитлар яратиш тўғрисида қарор қабул қилди. Шаҳар туманларида биттадан, жами ўн бешта жоме масжидини бир вақтда қуриш режалаштириляпти. Ҳозирга қадар Юнонистонда битта ҳам расмий масжид бўлмаган. Шаҳар мэри Йоргос Каминис ҳукумат йиғилишида шундай деди: "Мусулмонларнинг ҳам бошқа дин вакиллари қатори ҳуқуқлари бор, биз уларга ҳурмат билан муносабатда бўлишимиз ва масжидларни бун­ёд этишда барчамиз кўмакдош бўлишимиз керак". У Афина марказидаги масжид қурилишига бир миллион евро ажратилишини айтди.

 

Мусулмонлар кўпаймоқда

 

Голландияда мамлакат мусулмонлари уюшмасининг  на­в­бат­даги VI йиғини ўтказилди. Тадбирда Амстердам шаҳри мэри, дин арбоблари ва бир ярим мингдан ортиқ мусулмон иштирок этди. Илгари бундай анжуманлар иштирокчилари асосан хориждан келган мусулмонлар бўлар эди. Бу сафарги тадбирда эса Ислом динини янги қабул қилган маҳаллий миллат вакиллари қатнашишди. Голландияда мусулмонлар сони ошиб бораётир. Шаҳар мэри сўзга чиқиб, мамлакат ижтимоий ҳаётида мусулмонлар ўз ўрни ва мавқеи­га эга эканини изҳор этди. Шунингдек, мамлакатда истиқомат қилаётган ҳар бир инсон қайси динга ишонишидан қатъи назар, бир-бири билан илиқ муносабатда бўлиши кераклигини таъкидлади.

 

Қатар сармоядорлиги

 

Қатарнинг "Barwa Bank" Ислом банки Америка Қўшма Штатлари ва Бирлашган Араб Амирликларида кредит соҳаси бўйича иш олиб боради. Банк ўз фаолиятини кенгайтириб, Бразилия бозорига ҳам кириб келяпти. Маълумотларга кўра, ҳозир Бразилия ривожланиш бўйича Хитой, Ҳиндис­тон ва Россия каби йирик мамлакатлар қаторига қўшилиш арафасида. Араб мамлакатлари билан шу йилги савдо-сотиғи миқдорининг ўзи саккиз миллиард долларни ташкил қилди. Банк мутахассислари бундай мамлакатда иш олиб бориш катта самара беришига ишонч билдиришмоқда. Бундан ташқари, олдинда футбол бўйича 2014 йилги жаҳон чемпионати ҳамда 2016 йилги олимпия ўйинлари ҳам турибди.

 

Экологик масжид

 

Буюк Британиядаги мусулмонлар уюшмаси қошида ташкил этилган махсус жамғарма Кэмбриж шаҳрида экологик масжид барпо қилиш ҳаракатида. Ушбу жоме бошқалардан тубдан фарқ қилади. Масалан, хонақоҳ табиий ҳаво алмаштириш йўли билан совитилади. Унинг теварак-атрофида боғ яратишни машҳур дизайнер Эмма Кларк ўз зиммасига олган. Шунингдек, масжид томи ҳам бўш бўлмай, унда қушлар ин қуриш­лари учун махсус ўт-ўлан ўстирилади.

Кэмбрижда ҳозир турли мам­­­­­­­­­­­­­­­­­­ла­­­­­­­кат­­­­­­­­­­лар­­­­дан келган минг­­­­­­­­лаб мусулмон талабалар яшамоқдалар. Уюшма уларга шароит яратиш билан бирга, экологияни тозалашга ҳам ўз ҳиссасини қўшмоқда.

 

Музей очилди

 

Қуддус шаҳри мусулмон, насроний ва яҳудийлар учун тарихий ва муқаддас жой саналади. Мана шу гўзал маконда Аманда Вейс "Bible Lands Museum" музе­йини ташкил этиб, унга ўзи директорлик қилмоқда. Олим ушбу музейга турли тарихга эга, лекин учала динга ҳам оид нодир қўлёзмалар, ноёб буюмлар ва қадимий санъат намуналарини йиғди. Бу ерга турли дин вакиллари келиб, экспонатлар билан танишиб, ўзаро фикр алмашишяпти. Аманда Вейс музей турли дин вакиллари ўртасида дўстлик ришталарини боғлашига ишонч билдирмоқда.

 

Торонто мусулмонлари йиғилиши

 

Канаданинг Торонто шаҳрида Шимолий Америка мусулмонлари мажлиси бўлиб ўтди. Ўнинчи марта бўлаётган йиғилишда ўн беш мингдан зиёд вакил қатнашди. Тадбирда швейцариялик таниқли олим Тариқ Рамазон, америкалик доктор Жон Эспозито ва машҳур қўшиқчи Сами Юсуф иштирок этдилар.