ИСЛОМ ҚАЛБЛАРНИ ЗАБТ ЭТЯПТИ

Кейинги олти йил мобайнида Буюк Британияда мусулмонлар сони ўттиз етти фоизга кўпайди, расмий масжидлар сони эса бир ярим мингга етди.

 

“ҚУЛ ШАРИФ” МАСЖИДИ

Бир хил ном билан юритиладиган масжидлар кўп шаҳарларда бор. Улардан бири “Қул Шариф” жоме масжидидир. Бундай номли масжидлардан бири Қозон шаҳрида. Иккинчиси Оренбург вилоятининг Асекеев туманида жойлашган. 1883 йили бунёд этилган. Демак, бу йил қурилганига 130 йил тўлади. Саксон тўрт ёшни қаршилаган Муҳаммад Гадилгареев бир неча йиллардан бери масжидда имом-хатиблик қилиб келади.

 

АРАБ ТИЛИДА СЎЗЛАШУВ

Қозон шаҳридаги “Муҳаммадия” мадрасасида “Араб тилида сўзлашув” мавзуида анжуман бўлиб ўтди. Мадраса талабаларининг араб тилида сўзлашув даражалари текширилди. Янги услуб бўйича фақат араб тилида гаплашиб, тушунтириб бера олиш шарти қўйилди. Талаба топа олмаган сўзлар ўрнига синонимларидан фойдаланиш талаб қилинди. Араб тили мутахассислари келгусида тажрибадан келиб чиқиб, бундай услубни бошқа ўқув юртларида ҳам жорий қилишни режалаштиришди.

 

ВИКТОРИНА ЎТКАЗИЛДИ

Кемерово вилоятидаги Томск, Новосибирск, Белов ва Киселёв шаҳарларида “Ислом асослари” викторинаси ўтказилди. Мусобақада бутун вилоятдан йиғилган қорилар Ислом асослари, фиқҳ ва Қуръон ўқиш бўйича маҳоратларини синаб кўришди. Новосибирск шаҳрида бўлиб ўтган якуний босқичда Абу Акиев ғалаба қозонди. Иккинчи ўринни Ислом Цалоев ва Мурод Бузуртанов бўлишиб олишди. Ғолибларга фахрий ёрлиқлар ва пул мукофотлари берилди.

 

ЎҚИТУВЧИГА МУКОФОТ

Белгия тарихида илк бор “Хизматлари учун” мукофоти билан Ислом тарихи ва асослари фани ўқитувчиси Муҳаммад Ҳасбал тақдирланди. У ўттиз йилдан бери мамлакатдаги билим юртларида дарс бериб келади. Муҳаммад Ҳасбал мукофотни ҳукуматнинг Исломга ва умуминсоний қадриятларни сақлашга бўлган ҳурмати сифатида қабул қилди.

 

ВАКОЛАТХОНА ОЧИЛАДИ

Остона шаҳрида Араб давлатлари лигаси ваколатхонаси очилади. Қозоғистон Республикасининг Мисрдаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Берик Орин Қоҳирада Араб давлатлари лигаси бош котиби Набил Арабий билан учрашди. Суҳбатда араб давлатлари билан ўзаро дўстона алоқаларни тиклаш ва ривожлантириш ҳамда бир қатор мамлакатларда марказлар очиш истаги билдирилди. Шунингдек, Риёз шаҳрида ўтказиладиган “Иқтисодиёт анжумани” ҳақида ҳам сўз юритилди.

 

КИЕВДА ЯНГИ МАРКАЗ

Киев шаҳрида “Мадинаи мунаввара” номли халқаро араб маркази ташкил этилди. Тадбирда Украинадаги араб давлатлари элчилари ва бир қатор олимлар иштирок этишди. Ушбу марказ Яман Таълим вазири Абдураззоқ Ашвала ташаббуси билан очилди. Маросимда марказ директори ўринбосари Муҳсин Мажид сўзга чиқиб, бундай марказнинг очилиши араб мамлакатлари билан бевосита дўстона алоқаларнинг янада ривожланишига ёрдам беришини таъкидлади.

 

РОССИЯДА ХАТТОТЛИК ТАНЛОВИ

Ханти-Мансийлар мухтор ўлкасидаги Пит-Ях шаҳрида “Қуръон ва хаттотлик” мавзуида мусобақа ўтказилди. Танлов Қуръоннинг қозонбосма нусхаси чоп этилганига 225 йил тўлишига бағишланди. Беллашувда юзга яқин иштирокчи қатнашиб, Қуръони каримнинг куфий, настаълиқ, риқо ва бошқа услубда кўчирилган нусхаларини намойиш этишди.

 

ЭЛЧИ БИЛАН УЧРАШУВ

АҚШнинг Испаниядаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Алан Соломонт Барселона шаҳрининг Равале тумани мусулмонлари билан учрашди. Элчи суҳбат чоғида Америка Ислом динига нисбатан яхши муносабатда эканини айтди. Шунингдек, бошқа динлар каби унинг қадриятларини ҳурмат қилишини таъкидлади. Ҳозирги кунда маҳаллий аҳолининг қирқ беш фоизини ташкил этган мусулмонлар бу ерни Равалистон деб аташади.

 

ЭСКИ МАСЖИД ТАЪМИРИ

Россия Федерациясининг Архангелск вилоятида 1905 йилда барпо этилган қадимий масжидни таъмирлаш бошланди. Таъмирлаш ишларини “Меъморий ёғоч” ширкати амалга оширмоқда. Маҳаллий аҳоли жомени ҳашар йўли билан олдинги ҳолига келтиришга астойдил ҳаракат қиляпти.

 

ДИНЛАРАРО АЛОҚАЛАР

Ўрдун (Иордания)-да Ислом ва насроний динлари ўртасида ўзаро дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш мавзуида анжуман ўтказилди. Иордания қироли ташаббуси билан ўтказилган анжуманда Фаластин, Миср, Судан, Ливан, Ироқ каби бир қатор давлатлардан етмиш бешта диний ташкилот вакиллари иштирок этди.

 

ИСЛОМ МОЛИЯСИГА ҚИЗИҚИШ

Италия ҳукумати мамлакатда Ислом молиявий тармоғини татбиқ этишга жиддий қизиқмоқда. Маълумки, Оврупанинг Буюк Британия, Малта ва Люксембург давлатларидаги молиявий муассасалар Ислом банки тизимида кенг кўламда иш олиб боряпти. Бу яхши натижа бераётганини италян мутахассислари эътироф этмоқда. Италияда бу соҳада “Deloitte” ширкатининг оз муддат ичидаги сермаҳсул фаолияти бунга ёрқин мисолдир.

 

ИСЛОМ – ТИНЧЛИК ДИНИ

Мавританиянинг Нуадибу шаҳрида “Бағрикенглик” мавзуида анжуман бўлиб ўтди. Унда юзга яқин олимлар ва диний ташкилот вакиллари иштирок этди. Йиғинда Ислом динининг қўпорувчилик, зулм ва экстремизмга мутлақо қарши экани ҳақида маърузалар ўқилди. Шунингдек, Мавританияда мавжуд саккиз мингга яқин масжид имомлари бу ҳақда қавмларига кўпроқ тушунтириш ишлари олиб боришлари ижобий натижа бериши таъкидланди.

 

РОССИЯДА ЯНА БИР МАСЖИД

Краснодар ўлкасининг Куйбишев қишлоғида “Агуй Шапсуг” масжиди қурилиши бошланди. Қишлоқда қирим татар, ўзбек, дунгон каби турли миллат вакиллари яшайди. Қишлоқ мусулмонлари эмин-эркин ибодат қилишлари учун қулай шароит яратилаётганидан миннатдор. Янги масжид бир вақтда тўрт юз нафар намозхон ибодат этишига мўлжалланган.

 

ПОРТУГАЛЧАГА ТАРЖИМА

Қуръони карим маъонлари португал тилига таржима қилинди. Бирлашган Араб Амирликлари ушбу хайрия уюшмаси ушбу нашрга ҳомий бўлди. Уюшма раҳбари Аҳмад Муҳаммад айтишича, португал тилида Қуръон маънолари таржимаси беш минг нусхада чоп этилган. Ушбу китоблар Бразилиядаги масжидларга ҳадя қилинди.

 

ЁМҒИР СЎРАШДИ

Саудия Арабистонида дарёлар йўқлиги туфайли маҳаллий аҳоли сув танқислигидан қийналади. Маиший истеъмол учун Форс кўрфази ва Қизил денгиздан сув олиб, чучуклаштирилади. Сувни ташиш, қайта ишлаш учун эса катта маблағ ва ишчи кучи сарфланади. Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қурғоқчиликдан қутулиш мақсадида Аллоҳ таолодан сўраган (истисқо) дуоларини саудияликлар кўп такрорлашади. Ўтган жума куни қирол Абдуллоҳ ибн Абдулазиз бошчилигида бутун мамлакат мусулмонлари жамоат бўлиб, Яратгандан ёмғир ёғдиришини сўраб, илтижо қилишди.

 

Интернет маълумотлари асосида тайёрланди.