Бузғунчи сайтлар хусусида

Олмониянинг “Шудоч Зейтунг” газетасида Ислом дини асл моҳиятини бузиб кўрсатувчи сайтларга қарши мақола босилди. Олмония ҳукумати бундай сайтлар фаолияти қонунга хилоф эканини таъкидлади. Ҳукумат динни енгил-елпи ўрганиб олган ёки атайин динга тош отишга ҳаракат қилаётган кимсаларни қоралади. Газетада ёзилишича, виждон эркинлигига путур етказадиган турли сайтларнинг қонунга зид иш олиб боришига тез орада чек қўйилади.

 

Яманга ёрдам

Нефт захиралари бўйича дунёда етакчилардан бўлган Саудия Арабистони чегарадош Яманга ёрдам қўлини чўзмоқда.

Сиёсий ва иқтисодий қийинчиликларни бошдан кечирган қўшни мамлакатга январ ойида беш юз минг тонна бензин ва дизел ёнилғиси тортиқ қилинди. Адан шаҳридаги нефтни қайта ишлаш заводи вақтинча ёпилгач, анча узилиш бўлиб қолган эди. Июн ойидан буён Саудия Арабистони Яманга уч миллион баррел қора олтин етказиб берди. Маълумотларга кўра, қўшни мамлакат ўзини ўнглаб олгунга қадар бу ёрдам тўхтамайди.

 

Қозон шаҳрида анжуман ўтказилади

Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти (Ислом Конференцияси Ташкилоти)нинг IV Халқаро йиғини шу йил 21–22 май кунлари Қозон шаҳрида бўлади. Татаристон Республикаси Президенти бошчилигида ўтадиган ушбу йиғинни Ислом тадбиркорлар жамғармаси ташкил қилмоқда. Мақсад ИҲТга аъзо мамлакатларнинг иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда мусулмон мамлакатлар инвесторлари билан ҳамкорликни кучайтиришдир. Анжуманда МДҲ, Оврупа, Жануби-шарқий Осиё, Яқин Шарқ ва Россиядан ишбилармон ва сармоядорлар ҳамда турли соҳа вакиллари иштирок этишади.

 

Мусулмонларни тақдирлаш

Британия қироличаси ўн саккиз нафар мусулмонни тақдирлади. Улар катта хизматлари учун олий мукофотларга лойиқ кўрилди. Жумладан, шифокор Тоҳир Аҳмад Маҳмуд – “Британия империяси командори”, Йорк университети профессори Муҳаммад Ҳомидий – “Британия Империяси зобити” ва Рочдейл кенгаши аъзоси Муҳаммад Ҳабибуллоҳ Британия империяси орденига муносиб топилди.

 

Чита тарихий масжиди

Бойкўлорти ўлкаси жоме масжиди қурилганига бир юз беш йил бўлди. Жоме шу атрофдаги ўн тўрт минг мусулмон учун ягона масжиддир. XIX аср бошида бунёд этилган жоме маълум бир муддат омборхона ва ётоқхонага ҳам айлантирилган. 1993 йилга келиб масжид сифатида яна ўз вазифасини ўтай бошлади.

Тантанага мусулмонлар пухта тайёргарлик кўришди. Масжидни таъмирлаб, яна бир хонақоҳ барпо этиш режаси тузилган.

 

Мусулмонлар қабристони очилди

Францияда биринчи расмий мусулмонлар қабристони очилди. Мозор мамлакат шимоли-шарқидаги Страсбург шаҳрида. Очилиш маросимида дин арбоблари, Ислом маркази ходимлари ва ҳукумат вакиллари қатнашди. Очилишга саккиз юз минг евро сарфланган қабристон ҳудудида таҳоратхона ва хонақоҳ ҳам бор. Францияда истиқомат қилаётган муҳожир мусулмонлар илгари дунёдан кўз юмган яқинларини ўз юртларига олиб кетишарди.

 

Буюк Британиядаги кўргазма

Лондон марказий жоме масжидида “Exhibition Islam” хайрия ташкилоти “Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) – мурувват тимсоли” кўргазмасини ташкил этди. Ташкилот ўн йилдан бери Оврупада турли диний кўргазмалар ўтказиш билан шуғулланиб келади. Унда Қуръони карим қўлёзмалари, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадислари ва турли диний адабиётлар намойиш этилди. Мақсад Ислом дини тарихини танитиш ҳамда унинг барқарорлик ва дўстлик дини эканини намоён қилишдир. Унга мусулмонлар билан бир қаторда бошқа дин вакиллари ҳам келишди.

 

Ҳаво тозалиги учун

Давос шаҳрида Жаҳон иқтисодиёти анжуманининг экология масалаларига бағишланган йиғилиши бўлиб ўтди. Дунёда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатни асраш бўйича энг юқори ўринларни эгаллаб келаётган мамлакатлар эълон қилинди. Германия, Исландия, Финландия, Япония ва Белгия қаторига Малайзия ҳам қўшилди. Ушбу мамлакатда 2011 йили  ҳаво тозалигини сақлаш кўрсатикичи тўқсон фоизни ташкил қилган.

 

Янги русумли телефон

Ҳиндистоннинг Tol.Mol.com ширкати ENMAC MQ3500 русумли уяли телефон ишлаб чиқди. У араб, инглиз, форс, рус ва турк тилларида ишлайди. Телефон мингтагача рақамни сақлай олади. Унда Қуръони каримни беш нафар энг машҳур қори қироатида эшитиш мумкин. Телефон хотирасига Мусҳафнинг 29 тилдаги маъно таржимаси ҳам жойланган.

 

Швецияда Қуръон кўргазмаси

Швециянинг Вестерос шаҳрида Эрон Ислом Республикасининг “Ал-Заҳро” маданият маркази Қуръони карим кўргазмасини ўтказди. Унда хаттотлик услубида кўчирилган оятлар, муқаддас китобнинг турли хил майда қимматбаҳо тош, металл ва нақшлар билан безатилган нусхалари намойиш этилди.

 

Торонто анжумани

Яқинда Канаданинг Торонто шаҳрида Шимолий Америка мусулмонлари йиллик анъанавий анжумани бўлиб ўтди. Ўнинчи марта бўлаётган йиғинда ўн беш мингдан зиёд вакил қатнашди. Йиғинда швейцариялик таниқли олим Тариқ Рамазон, америкалик доктор Жон Эспозито ва машҳур қўшиқчи Сами Юсуф  иштирок этишди.

 

Ислом маркази иш бошлади

Сўнгги беш йилда Американинг Миссури штати мусулмонлари сони икки баробар ортди. Шу вақтгача одамлар намозни кўча ва йўлакларда ўқишарди. Миссури штати Ролла шаҳрида очилган Ислом маркази муаммони қисман бўлса-да ечишга ёрдам берди. Марказда масжид, кутубхона ва болалар майдончаси бор. Бу ерда мусулмонлар эмин-эркин ибодат қилишлари ва диний билим олишлари мумкин. Марказ Америка мусулмонларидан тушган хайр-эҳсон ҳисобига қурилди.

 

Янги факултет очилди

Олмониядаги Тубинген университетида янги ўқув йилидан исломий фанлар факултети иш бошлади. Ушбу факултет бакалаврлари имом-хатиб ёки ўқитувчи даражасини олишади. Дарслар немис тилида ўтилади. Тўрт миллионли Олмония мусулмонлари учун бу иш жуда муҳим янгилик бўлди.

 

Марокашликлар ёмғир сўрашди

Янги йилнинг илк жума намозида Мароқашдаги барча масжидларда мусулмонлар Аллоҳ таолодан ёмғир сўраб, дуога қўл кўтардилар. 2011 йил қурғоқчил келди. Ёғингарчилик олдинги йилларга нисбатан 89 фоиз камайиб, барча соҳаларга сезиларли зарар етказди. Ҳар йилги ўртача ўн миллион тонналик буғдой ҳосили икки миллионга тушиб кетди.

Марокаш дон маҳсулотлари етиштириш бўйича дунёда энг юқори ўринлардан бирини эгаллайди. Аҳолининг қирқ фоизга яқини қишлоқ хўжалигида меҳнат қилади. Мамлакат мусулмонлари бу йил баҳор ёғин-сочинли келишидан умидвордирлар.

 

Яна бир Ислом маркази

Лондон четидаги Перли мавзеида Ислом маркази очилди. Марказда мусулмонлар эмин-эркин ибодат қилиб, фикр алмашишлари учун кенг имкон бор. Бу ерда маданий-маърифий тадбирлар уюштириш ҳам мумкин. Ислом маркази асосчиларидан бири Усмон Содиқ: “Мақсадимиз Ислом қўпорувчилик ва бузғунчиликка мутлақо қарши, тинчлик ва бағрикенглик дини эканини намоён этишдир”, деди. Бугун Перлида юзга яқин мусулмон оила истиқомат қилади.

 

Лубнонда динлараро йиғилиш

2012 йил 17 январ куни Лубноннинг Байрут шаҳрида динлараро халқаро йиғилиш ўтказилди. “Ал-Фариғ ал-арабий ал-ахвар ал-ислами вал-масиҳий” маркази ташкил этган ушбу анжуман “Мусулмон ва насроний алоқалари янги босқичда” мавзуида ўтди. Асосий мақсад Яқин Шарқ ва Шимолий Африка ҳудудларида мусулмон ва насроний аҳолининг тинч-тотув муносабатларини янада мустаҳкамлашдир.

 

Сайёҳларга янгилик

Қирим сиҳатгоҳларида дам олувчиларга мўлжаллаб янги лойиҳа ишлаб чиқилди. Лойиҳа бўйича Қиримдаги қадим мақбаралар ва тарихий қадамжоларга зиёратлар уюштирилади. Намозхонлар учун кенг имкониятлар ва қулайликлар яратилади. Лойиҳани янада такомиллаштириш устида иш олиб борилмоқда.

 

Индонезия масжидларида марказлаштириш

Индонезия Ислом уюшмаси масжидлар орасида интернет орқали ўзаро жонли (online) алоқалар ўрнатиш тизимини ишга туширмоқчи. Бу билан намозхонлар ўртасида Ислом адабиётлари ва фикрлар алмашинувини йўлга қўйиш кўзда тутилган. Индонезия дунёда энг кўп мусулмон яшайдиган мамлакат ҳисобланади. Яъни, 237 миллион аҳолисининг 85 фоизи мусулмондир. Расмий масжидлар сони бир миллионга яқин.

 

Халқаро Ислом иқтисоди конференцияси

Шу йил 28–29 март кунлари Лондон шаҳрида иккинчи Халқаро Ислом иқтисоди анжумани бўлиб ўтади. Анжуман молиявий инқироз шароитида иқтисодий аҳволни мўътадиллаштириш масалаларига бағишланади. Халқаро йиғинда банкчилар, иқтисодиёт маслаҳатчилари ва уламолар қатнашади. Ўтган йили илк бор ўтказилган анжуманда бир юз йигирмадан ортиқ вакил иштирок этиб, ўттиздан ортиқ маъруза тингланган эди.

 

Ғолиб лойиҳачилар

Январнинг 17-куни Қирим мусулмонлари диний идорасида Симферопол шаҳрида қурилажак “Катта жума жомеи” лойиҳаси учун ўтказилган танлов ғолиблари аниқланди. Унда Украина, Туркия, Қозоғистон ва бошқа мамлакатлардан келган ўн бир нафар меъмор ўн тўртта лойиҳа билан қатнашди. Биринчи ўринни Идрис Юнусов, иккинчи ўринни Иброҳим Нагаев ва учинчи ўринни Руслан Яҳёев эгаллади. Ғолибларга Қирим мусулмонлари фахрий ёрлиқлари, пул мукофотлари топширилди.

 

Қуръони карим имо-ишора тилида

Ўрдундаги Қуръони каримни сақлаш жамияти қулоғи оғир, кар кишилар учун илк бор Қуръони каримнинг махсус DVD дискларини чиқарди. Ушбу диск карларга имо-ишора ёрдамида Мусҳафни ёритиб беради. “Диск ёзиш учун беш йил сарфладик”, дейди лойиҳа иш бошқарувчиси Аҳмад Алайид. “Қуръон шарҳларини ўрганиб чиқиб, энг содда шаклини танладик. Ўттиз пора олтмишта дискка сиғди. Вақти келиб, дискларни ҳадя этиб тарқатишни режалаштиряпмиз”.

 

Меҳр-шафқат уйи

Белгия Ислом маркази илмий ходими Абдулқодир Дамиший Брюссел шаҳрида меҳр-шафқат уйини очиш режасини эълон қилди. Бу иш 2014 йили амалга оширилиши мўлжалланяпти. “Кекса мусулмонларнинг ҳолидан хабар олиб, ёрдам қўлини чўзадиган муассаса очмоқчимиз. Мақсад Исломда ота-онага ҳурмат-эҳтиромни намоён этишдир”, дейди Абдулқодир Дамиший.

 

Интернет материаллари асосида тайёрланди.