Алоқалар ривожланяпти

 

Бирлашган Араб Амирликлари президенти шайх Халифа ибн Зайд Ашхобод шаҳрида Туркманистон президенти Қурбонўғли Бердимуҳамедов билан учрашди. Томонлар ўзаро савдо-сотиқ ва маданият соҳаларида ҳамкорлик алоқалари ўрнатиш ҳақида мулоқот олиб боришди. Ҳозиргача БАА Туркманистонда халқ­аро даволаниш маркази барпо этиш, "Арчман" сиҳатгоҳи ва Мара шаҳри аэропортининг учиш-қўниш йўлини таъмирлаш каби бир қатор ишларни амалга оширган. Арабларнинг "Dragon Oil" ва "Petrofac" гигант ширкатлари ўн икки йилдан буён Каспийдаги кондан газ қазиб олиш ва қайта ишлаш билан шуғулланиб келмоқда. Шунингдек, юз миллион мижозга эга йирик "Etisalat" алоқа ширкати ҳам бу юртда фаолият олиб боришни режалаштирмоқда.

 

Виртуал университет

 

Дунёдаги Халқаро Ислом университетлари федерацияси 2014 йилда биринчи виртуал Ислом университети очишни режалаштиряпти. Бу лойиҳа Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо элликдан ортиқ мамлакатдаги икки юз эллик саккизта Ислом университетини бирлаштиради. Натижада жаҳоннинг турли бурчакларида истиқомат қилувчи мусулмонлар чет элга чиқмасдан ўз билимларини ошириш имкониятига эга бўладилар. Ўқиш жараёни online тизимида конференц-алоқа орқали амалга оширилади. Масалан, Шаржа, Уганда ёки Қувайт Ислом университетларида бор адабиётлардан мана шу тармоқ ёрдамида бошқа университетлар талабалари ҳам фойдаланиши мумкин бўлади.

 

 Ислом факультети

 

Олмониянинг Тюбинген университетида янги ўқув йилидан Ислом таълими факультети иш бошлайди. Ушбу факультет бакалаврлари имом-хатиб ёки ўқитувчи даражасини олади. Дарслар немис тилида ўтади. Бу Олмониянинг тўрт миллионга яқин мусулмонлари учун ажойиб янгилик бўлди.

 

Марокашликлар умиди

 

Сўнгги жума намозларида Марокашдаги барча масжидларда мусулмонлар дуоларида Аллоҳ таолодан ёмғир сўраб илтижо қилишди. Ўтган йили мамлакатда ёғингарчилик йиллик меъёрга нисбатан саксон тўққиз фоиз камайиб, қурғоқчилик бўлди. Бу ҳол барча соҳаларга сезиларли зарар етказди. Ҳар йили ўртача олинадиган ўн миллион тонналик буғдой ҳосили икки миллионга тушиб кетди. Марокаш дон маҳсулотлари етиштириш бўйича дунёда энг юқори ўринлардан бирини эгаллайди. Аҳолининг қирқ фоизига яқини қишлоқ хўжалиги соҳасида меҳнат қилади. Мамлакат мусулмонлари йил ёғин-сочинга мўл бўлишидан умидвор.

 

Қишлоқда биринчи масжид

 

Молдова Республикасининг Чамзинка қишлоғида биринчи масжид қурилиб битказилмоқда. Масжид учун ерни маҳаллий ҳукумат ажратган. Молдова диний идораси раиси, муфтий Илдус Исҳоқов айтишича, бу иш ўтган куз фаслида бошланган. Бино бир қаватдан иборат. Масжидда бир вақтнинг ўзида икки юз нафар намозхон ибодат қила олади. Ҳозир қишлоқда мордва, чуваш, рус ва бошқа миллат вакилларидан иборат тўққиз ярим минг аҳоли яшайди.

 

Ливанда динлараро йиғилиш

 

Ливаннинг Байрут шаҳрида халқаро динлараро йиғилиш ўтказилди. "Ал-Фариқ ал-арабий лил-ҳивар ал-ислами вал-масиҳий" маркази ташкил этган ушбу анжуман "Мусулмон ва насронийлар янгиланиш арафасида" мавзуида бўлиб ўтди. Асосий мақсад Яқин Шарқ ва Шимолий Африка ҳудудларида мусулмон ва насроний аҳолининг биродарона муносабатларини янада мустаҳкамлашдир.

 

Сайёҳлар учун янгилик

 

Қиримдаги дам олиш масканлари ва сиҳатгоҳларда янги лойиҳа ишлаб чиқилди. Бу лойиҳа бўйича дам олувчилар учун Қиримдаги тарихий қадамжоларга зиёратлар уюштирилади. Намозхонлар учун кенг имкониятлар ва қулайликлар яратилади. Келажакда лойиҳани янада такомиллаштириш режалаштирилган.

 

Нобел мукофоти совриндори

 

Осло шаҳрида Нобел мукофоти тақдимоти бўлиб ўтди. Либерия президенти Эллен Жонсон-Серлиф ва яманлик Таваккул Карман хоним Нобел совриндорларига айландилар. Мукофот аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг жамиятда ўз ўрнини эгаллашига қўшган ҳиссалари учун тақдим этилди. Ғолиблар бир ярим миллион доллар миқдорида пул билан тақдирланди.

 

Динлараро тенглик

 

Италия ҳукумати аъзоларидан иборат гуруҳ Рим шаҳридаги масжидни араб давлатлари элчилари билан бирга зиёрат қилди. Ҳукумат вакиллари Ислом динига кўрсатилаётган турли хил салбий муносабатларга қарши эканларини билдиришди. Айрим тоифа шахслар амалга ошираётган қабиҳона ҳаракатлар миллиарддан ортиқ киши эътиқод қиладиган Ислом динига зарар етказа олмаслигини таъкидлашди. Италия ҳукумати барча дин вакилларига ҳамиша тенг ҳуқуқ ва эркинлик бериши қайд этилди.