Қувайт анжумани

 

Қувайтда "Ислом дини ўтмиши ва келажаги" мавзуида халқаро анжуман бўлиб ўтди. Тадбирда ўн тўққизта мамлакатдан келган юздан ортиқ диний олим иштирок этди. Мажлисда мусулмон оламига оид бир қатор ютуқ ва камчиликлар ҳақида сўз юритилди. Оврупа мусулмонлар уюшмасининг фатво бўйича раҳбари Абдуллоҳ ибн Байа сўзга чиқиб, барчани соф Ислом динини тўғри талқин қилишга ундади. Шунингдек, йиғилиш қатнашчиларини ва улар орқали барча мусулмонларни бирдамлик, ҳамжиҳатлик, дўстлик ва тотувликка даъват қилди.

 

Кема тўхташ жойи

 

Соҳа мутахассисларининг кенг қамровли изланишлари натижасида муҳим янгилик кашф этилди. Шу вақтга қадар омма Нуҳ (алайҳиссалом) кемаси буюк тўфондан кейин тўхтаган жойини Арарат тоғида деб билар эди. Олимлар кема Туркия ҳудудидаги Жуди тоғида тўхтаганини аниқлашди. Ширнак университети профессори Абдулмуталлиб бир неча йиллардан бери илмий гуруҳ билан бирга Қуръон ва Таврот китобларида келтирилган жой ва масканларни аниқлаш устида изланиш олиб боряпти. Улар Ҳуд сураси оятлари ва Тавротда келтирилган сўзларни бирлаштириб, хулоса чиқаришди. Профессорнинг фикрича, Арарат тоғи Ван, Йўлбарс ва Жуди каби бирмунча тоғлардан иборат. Уларнинг энг баланд чўққиси айнан Жуди тоғи эканини таъкидлади.

 

Ўртоқлик учрашуви

 

Испаниянинг йирик ширкатлари Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунавварани боғлайдиган темир йўл қурилиши устида иш олиб боришяпти. Темир йўл 2016 йилга қадар битказилиши режалаштирилган. Шу муносабат билан Испаниянинг Барселона ва Реал Мадрид футбол жамоалари Саудия Арабистонида ўртоқлик учрашувини ўтказади. Барселона раҳбарлари ушбу тадбирда мусулмонларга ҳурмат юзасидан жамоа вақтинча хоч белгисиз кийимда иштирок этишини маълум қилди. Саудиядаги спорт дўконларига анчадан буён "Барса"нинг хочсиз кийими сотувга қўйилган.

 

Торонто уюшмаси

 

Канаданинг Ташқи ишлар вазирлиги қошида диний бағрикенглик уюшмаси очилди. Уюшмага Оттава шаҳридаги Августин коллежи декани Эндрю Беннетт раҳбар этиб тайинланди. Янги ташкилотнинг вазифаси барча дин вакилларининг ҳуқуқини ҳимоя қилишдан иборат. У мамлакат ва ундан ташқарида истиқомат қилаётган барча диндорларнинг қизиқиши, истак ва хоҳишларини амалга оширишда кўмакдош бўлади. Қайси дин вакили бўлишидан қатъи назар, эмин-эркин ибодат қилиши ва ўз урф-одатларига хос яшашига имконият яратади.

 

Масжид қурилиши учун ер ажратилди

 

Судак шаҳар ҳокими Владимир Серов Қиримтатар оқсоқоллар кенгаши вакилларига янги масжид қурилиши учун ер далолатномасини топширди. Асрет мавзесидан ажратилган ушбу ер майдони ўн ярим сотихни ташкил этади. Далолатномани топширишга бағишланган тантанали маросимда сўз олган қиримтатар шоири Рифат Чайлак: "Бугун судакликлар учун катта байрам, тантана. Янги масжидни мусулмонларимиз бир неча йиллардан бери кутарди. Ҳукуматимизга, сабр қилиб яшаган халқимизга минг раҳмат", дея ўз қувончини изҳор этди.

 

Халқаро ислом иқтисоди конференцияси

 

Лондон шаҳрида иккинчи халқаро Ислом иқтисоди конференцияси бўлиб ўтди. Иштирокчилар молиявий инқироз шароитида Ислом аҳкомлари бўйича фаолият олиб бориш иқтисодий аҳволни мўътадиллаштиришига ишонч билдиришди. Халқаро йиғилишда банкирлар, иқтисодий маслаҳатчилар ва уламолар қатнашади. Ўтган йили илк бор ўтказилган конференцияда бир юз йигирмадан ортиқ вакил иштирок этиб, ўттиздан ортиқ маъруза тингланган эди.

 

Лойиҳа ғолиблари

 

Қирим мусулмонлари диний идорасида Симферопол шаҳридаги янги "Буюк жума Жомий" жомъ масжидига лойиҳа ишлаш бўйича мусобақа бўлиб ўтди. Унда Украина, Туркия, Қозоғистон ва бошқа мамлакатлардан ўн бир нафар меъмор ўн тўртта лойиҳа билан қатнашди. Биринчи ўринни Идрис Юнусов, иккинчи ўринни Иброҳим Нагаев ва учинчи ўринни Руслан Яҳёев эгаллади. Қирим мусулмонлари идораси томонидан ғолибларга фахрий ёрлиқ ва пул мукофотлари топширилди.

 

Қариялар уйи

 

Белгиялик олим Абдулқодир Дамиший Брюссел шаҳрида биринчи марта мусулмонлар учун қариялар уйи очишни мақсад қилди. Бу иш 2014 йили амалга оширилиши мўлжалланяпти. "Мамлакатимизда кекса мусулмонларнинг ҳолидан хабар олиб, ёрдам қўлини чўзадиган қариялар уйи очилса, айни муддао бўларди. Мақсад кексаларга бўлган ҳурмат-эҳтиромни намоён қилиш. Қуръони карим ва ҳадиси шарифда ота-онага иззат-икромда бўлиш уқтирилган. Эзгу ишларимизнинг самара ва савоби икки дунёда ҳам намоён бўлишига ишонамиз", дейди Белгия Ислом маркази илмий ходими Абдулқодир Дамаши.

 

Интернет сайтлар хусусида

 

Олмониянинг "Шудоч Зейтунг" газетасида Ислом динининг асл моҳиятини бузиб кўрсатувчи интернет сайтларга қарши мақола ёритилди. Олмония ҳукумати бундай сайтлар фаолияти қонунга ҳам хилоф эканини таъкидлаган. Ҳукумат динни енгил-елпи ўрганиб олган ёки атайин динга тош отаётган хаккерларни қоралади. Газетада ёзилишича, виждон эркинлигига футур етказадиган турли хил сайтларнинг ноқонуний иш олиб боришларига чек қўйиш керак.

 

Навбатдаги анжуман

 

Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти IV Халқаро йиғилиши Қозон шаҳрида ўтказилди. Татаристон Республикаси Президенти бошчилигида бўлиб ўтган ушбу йиғилишни Ислом Бизнеси Жамғармаси ташкил қилди. Мақсад ИҲТга аъзо мамлакатларнинг ўзаро иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда мусулмон мамлакатлари сармоядорлари билан ҳамкорликни кучайтиришдир. Анжуманда МДҲ, Оврупа, Жануби-Шарқий Осиё, Яқин Шарқ ва Россиядан ишбилармонлар, сармоядорлар ҳамда турли соҳа вакиллари қатнашди.