Фатво сўрашяпти

Белгия, Франция ва Голландия мусулмонлари Оврупада балиқчилик ҳақида қўшимча фатво чиқаришни сўрашяпти. Бунинг боиси 2013 йил июн ойидан кучга кирадиган қонундир. Янги қонун балиқларни чўчқа, товуқ қолдиғи ва ҳаром ўлган чорва моллари суяклари кукуни билан боқишга рухсат беради. Бу ҳол балиқ маҳсулотлари ҳалоллигига мусулмонларда шубҳа туғдириши табиий. Номаълум жойда сўйилган қўй ёки мол гўштидан балиқни ейишни афзал кўрадиган Оврупа мусулмонлари масалага ойдинлик киритишни мақсад қилишган. Шу муносабат билан Оврупа мусулмонлари уюшмаси “Ал-Азҳар” университетига расмий хат жўнатди.

“Янги Макка” лойиҳаси

Саудия Арабистони йил охирига қадар “Янги Макка” номли йирик қурилиш лойиҳасини амалга оширади. Унга кўра, Каъбадан ўн уч километр узоқликда “Бавобод” турар жой мажмуаси барпо қилинади. Қурилиш майдони бир миллион олти юз квадрат метрни ташкил қилади ва олти юз тўқсон минг нафар кишини яшаш жойи билан таъминлайди. Жидда шаҳрида бўлиб ўтган халқаро ярмаркада “Sumuo” ширкати лойиҳа макетини тақдим қилди. Қурилиш ишларига “Atlas Group Construction” ширкати ҳам жалб қилинади.

Оврупада мусулмонлар сони

Буюк Британиянинг “Faith Matters” динлараро мулоқот маркази мамлакатда Ислом динини қабул қилувчилар сонини аниқлаш мақсадида сўров ўтказди. Натижада Ислом динига эътиқод қилувчи инглизларнинг умумий сони юз минг нафарлиги маълум бўлди. Уларнинг сони ҳар йили беш минг нафарга ортяпти. Марказ раҳбари Фаёз Мутал айтишича, бундай сўровлар илгари Франция ва Олмонияда ҳам ўтказилган. Фаёз Мутал ушбу мамлакатларда мусулмонлар сони охирги ўн йилда сезиларли даражада ортганини таъкидлади.

Иқтисодни ривожлантириш мақсадида

Марокаш ҳукумати мамлакат иқтисодини тиклаш ва ривожлантиришда қўшни давлатлардан андоза олиб, илк Ислом банки очишни режалаштирмоқда. Ушбу режани парламент тасдиқлаганидан сўнг банк ишга тушиши кўзда тутиляпти. Мамлакатда биринчи бўлиб Қатар халқаро Ислом банки ваколатхона очиши тахмин қилиняпти.

Уюшқоқлик меваси

Нигерияда турли дин вакиллари ўзаро дўстлик ва аҳилликни янада мустаҳкамлашга ҳаракат қилишмоқда. Мусулмонлар уюшмаси ва католиклар бирлашмаси бу борада ҳамкорлик қилишга келишиб олишди. Улар кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олиб, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатишяпти. Улар болаларни полиомиелитга қарши эмлашда уюшқоқлик билан ишлашди.

Каъба атрофи таъмирланади

Маккаи мукаррамада Масжидул Ҳаром ҳовлисини таъмирлаш бошланди. Каъба атрофини кенгайтириш учун саккизта лойиҳа тақдим этилган. Илгари Масжидул Ҳаром ҳовлисининг паст қисмида бир вақтнинг ўзида эллик икки минг киши тавоф қилиши мумкин эди. Таъмирдан сўнг бир юз ўттиз минг ҳожи бемалол ибодат қилиш имкониятига эга бўлади. Қурилиш ишларида ўн минг нафар ишчи қатнашади. Барча ишлар шаъбон ойигача битказилиши режалаштирилган.

Ислом банклари бирлашади

Яқин шарқда иккита энг йирик Ислом банклари бирлашадиган бўлди. Dubai Bank ва Emirates Islamic Bank мутасаддилари шундай қарорга келишди. Мақсад чиқимларни камайтириш ва мижозларга янада қулай шароит яратишдир. Эндиликда бирлашган Ислом банкини Жамол ибн Ғалис бошқаради. Бирлашган Араб Амирликлари ҳукумати аъзолари банк акцияларининг салкам ўттиз фоизига эга экани аҳамиятлидир.

Намоз вақти

Парвоз пайтида айни намоз вақтини аниқлаш анча мушкул. Одатда, самолётда учиш жойи ёки етиб борадиган шаҳар вақтига қараб, тахминан белгиланар эди. Яқинда Сингапурнинг “Crescentrating” ширкати парвоз пайти намоз вақтини аниқлайдиган янги қурилма ихтиро қилди. Энди ширкат хоҳловчиларнинг электрон почталарига интернет орқали, қаерда кетаётганларидан қатъи назар, намоз вақтини аниқ айта олади. Ҳозир ширкат мутахассислари учиш вақтида қиблани ҳам аниқлаб берадиган мослама тайёрлаш устида ишлашяпти.

Зиёратчиларга қулайлик

Саудия Арабистони Ҳаж ишлари вазирлиги Мадинаи мунаввара яқинидаги Ҳижр водийсида зиёратчилар учун марказ бунёд этиш режасини тузди. Қуриладиган марказ йилига ҳаж ва умра амалларини бажариш учун келадиган етти миллион нафар зиёратчига хизмат қилади.

Қадимий ибодатхона

Тбилисидаги қадимий “Жума” жоме масжиди шаҳарда ягона ҳисобланади. У 1811 йили қурилган. Тарихий қадамжолар ва қадимий обидаларни тиклаш ва уларни қайта ободонлаштириш ҳақида Гуржистон ҳукумати қарорига мувофиқ, ушбу жомеда ҳам таъмирлаш ишлари бошланди. Икки асрлик тарихга эга масжиднинг қайта тикланишида мамлакатдаги икки юздан ортиқ ширкат ҳисса қўшиш истагини билдирди. Таъмирлаш жараёнида майдонни уч баробар кенгайтириш ҳам кўзда тутилган. Барча қурилиш ишлари жорий йил охиригача якунланиши режалаштирилди.

Кийимга эътибор

Саудия Арабистони Қироллиги ёшларнинг кийиниш маданиятига аҳамият бериш ҳақида янги қарор қабул қилди. Ҳозирги кунда авж олиб кетган йигитларнинг қизларга ўхшаб, қизларнинг эса йигитлар каби кийинишларига чек қўйиш бўйича хулқ-атвор полицияси иш олиб боряпти. Энди мамлакатдаги барча ўрта ва олий ўқув юртларига ёшлар жинсига мос кийинган ҳолдагина киритилади.

Қурултой ўтказилди

Олмаота шаҳрида Қозоғистон мусулмонларининг навбатдан ташқари VI қурултойи бўлиб ўтди. Унда Қозоғистон мусулмонлари идораси раҳбарияти, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ғайрат Лама Шариф ва уламолар кенгаши аъзолари иштирок этишди. Анжуманда асосий эътибор Қозоғистон мусулмонлари идорасининг яқинда тасдиқланган янги низомига қаратилди. 2012 йил октябр ойида “Диний ташкилотлар ва уларнинг фаолияти ҳақида”ги қонунга ўзгартишлар киритилган эди. Шу боис, мамлакатда диний ташкилотларни қайта рўйхатдан ўтказиш кўзда тутилган.

Бағрикенглик

Америка Ислом жамияти Брукфилд штатидаги Милуоки ва Висконсин ҳудудларида янги масжид қуриш режасини кўриб чиқди. Мамлакатда йил сайин чет элдан келаётган мусулмонлар ва маҳаллий аҳоли орасида Ислом динига эътиқод қилувчилар сони ортаётгани туфайли шунга эҳтиёж кучаймоқда. Ушбу туманларда яшовчи бошқа дин вакиллари ҳам буни маъқуллашди. Зеро, илгари мусулмонлар ҳам синагога ёки черков каби ибодатхоналар қурилишини ижобий баҳолаб, бағрикенглик билан ёндашганлар. Ҳукумат учун эса ҳудудда барча дин вакиллари аҳил ва иноқ ҳаёт кечириб, давлат қонунига амал қилишларининг ўзи кифоя.

Белгия уламолари

Белгияда намоз вақтларини белгилаш масаласида баъзи ихтилофлар бор эди. Сония ёки бир дақиқа туфайли келиб чиқадиган тушунмовчиликларга Рамазон ойида, айниқса, кўпроқ дуч келишарди. Ислом уламолари ва астрономия мутахассислари бунга барҳам бериш ва мамлакатда ягона тақвимни аниқ белгилаш учун йиғилишди. Мутахассислар маслаҳат билан Маккадаги халқаро Ислом фиқҳи академияси белгилаб берган вақтга амал қилишни маъқуллашди. Брюсселдаги Ислом маданияти маркази раҳбари доктор Холид Иври шу ҳақда бундай дейди: “Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир неча аср олдин намоз вақтларини кун ботиши, чиқиши ёки қуёш тиккага келиши каби ҳолатлар билан белгилаганлар. Ҳозирги кунда эса замонавий технология ривожланган, демак, вақтни аниқлаш умуман муаммо бўлмаслиги лозим. Бунинг учун бирдамлик ва ҳамжиҳатлик керак, холос”.

Нигерияда кўргазма

Нигерия пойтахти Абужи шаҳрида китоблар кўргазмаси ўтказилди. Унда Қуръони карим шарҳлари, ҳадис тўпламлари, фиқҳий ва тарихий мавзулардаги олтмиш беш мингдан ортиқ китоб нусхалари намойиш этилди. Абужи университитети собиқ ректори, профессор Нуху Якубу сўзга чиқиб, ташкилотчиларга миннатдорлик изҳор этди. Анжуманни бу соҳада бир неча йиллик тажрибага эга “De Minaret International” адабий ташкилоти уюштирди. Ушбу ташкилот фаолияти мобайнида юз мингга яқин диний китобларни нашр қилиб, арзон нархларда мусулмонларга туҳфа этган.

Еттинчи ўринни олди

Шу йил апрел ойида Қувайт давлатида жаҳон қорилари мусобақаси бўлиб ўтди. Мусобақага эллик олти давлатдан 107 нафар қори иштирок этди. Нукусдаги “Муҳаммад Беруний” Ислом ўрта махсус билим юртининг 3-босқич талабаси Йўлдошбой Нуриддинов энг кучли ўнликда еттинчи ўринни эгаллади.

 

Интернет маълумотлари асосида тайёрланди.