Ислом кўргазмаси

Буюк Британиянинг шарқий Стаффордшир графлиги мусулмонлари уюшмаси икки кунлик Ислом кўргазмасини ташкил қилди. Унда Ислом архитектураси ва санъати намуналари, қадимий араб ёзувларидаги ноёб китоблар, шунингдек, ҳужжатли филмлар намойиш этилди. Тадбирда мусулмонлар билан бирга бошқа дин вакиллари ҳам қатнашишди. Анжуман ташкилотчиларидан Шайх Ҳусайн шундай деди: “Биз имкон қадар соф Ислом дини ҳақида маълумот беришга ҳаракат қилдик. Турли дин вакилларининг бу ерда жам бўлишлари ҳаммамизни беҳад қувонтирди. Бу келажак ишларимизда бизга илҳом бағишлайди”.

 

Ўқув курси очилди

Туркиянинг Ўрда вилояти муфтияти имомлар учун янги малака ошириш курси очди. Унда имом-хатиблар имо-ишора тилини ўрганишади. Ўқув курси мамлакатда истиқомат қилувчи кар-соқов мусулмонларга маъруза қилиш ва уларнинг диний эҳтиёжларини қондириш учун ташкил қилинди. Ҳозирча ушбу ўқув дастури бўйича ўттиз учта имом-хатиб малака оширяпти. Вилоят муфтийи Мустафо Қолуқис ўғли келажакда кар-соқовларга Қуръони каримни ўргатадиган марказ ҳам очиш режада борлигини таъкидлади.

 

Қуръони карим шарҳи

Украинада Қуръони каримнинг рус тилидаги шарҳи икки минг дона ададда чоп этилди. “Ўқи” деб номланган ушбу лойиҳани қиримлик Волид Абу Юсуф (Иван Селенцов) ўз жамғармасидан ташкил қилди. Нашрнинг минг дона нусхасини Россияда, қолганини Украинада тарқатиш режалаштирилган.

 

Мусулмонларни тақдирлаш

Британия Қироличаси Ислом динига эътиқод қилувчи ўн саккиз нафар фуқарони тақдирлади. Улар фидокорона хизмати учун олий даражали мукофотларга лойиқ топилди. Жумладан, хотин-қизлар саломатлигини сақлаш соҳасидаги фаолияти учун гинеколог Тоҳир Аҳмад Маҳмуд, Британия Империяси Командори, Йорк университети профессори Муҳаммад Ғомидий радиоэлектроника соҳасидаги ютуғи учун, Британия Империяси Офицери ва Рочдейл кенгашидаги 29 йиллик ҳалол меҳнати учун Муҳаммад Ҳабибуллоҳ Британия Империяси орденига муносиб деб топилди.

 

Хайр-эҳсон

Уэлснинг Свонс шаҳарчасида яшовчи Дэвид Уилямс ва Трейсига бир неча йиллик турмушдан сўнг Яратган қўшалоқ фарзанд ато этди. Чақалоқлар нозик туғилгани сабабли болалар шифохонасида олиб қолинган. Кам таъминланган оила бор-йўғи юз фунт стерлингга кун кечираётган эди. Гўдакларга дори-дармон сотиб олишга ҳам шароити бўлмаган эллик бир ёшли ота қийин аҳволда қолди. Бу ҳақда “Evening Post” газетасидан хабар топган мусулмонлар тезлик билан моддий ёрдам кўрсатдилар. Свонс шаҳарчаси мусулмонлари озчиликни ташкил этса-да, жуда ҳам аҳил ва сахийлиги яққол намоён бўлди. Уларнинг бошқа дин вакилларига қилган ҳадяси ҳаммани лол қолдирди.

 

Экология

Давос шаҳрида Жаҳон иқтисодий форумининг экологияга бағишланган йиғилиши бўлиб ўтди. Дунёда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатни сақлаш бўйича энг юқори ўринни эгаллаб келаётган мамлакатлар эълон қилинди. Германия, Исландия, Финляндия, Япония ва Бельгия қаторига Малайзия ҳам қўшилди. Бу мамлакатда 2012 йили мусаффо ҳавони асраш кўрсаткичи тўқсон фоизга етган.

 

Буюк Британиядаги кўргазма

“Exhibition Islam” хайрия ташкилоти Лондон марказий жоме масжидида “Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам – мурувват тимсоли” номли кўргазма ўтказди. Ташкилот ўн йилдан бери Оврупада турли диний кўргазмалар ўтказиш билан шуғулланиб келмоқда. Унда Қуръони карим қўлёзмалари, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадислари ва турли диний адабиётлар намойиш этилади. Мақсад Ислом дини тарихини танитиш ҳамда унинг барқарорлик ва дўстлик дини эканини намоён қилишдир. Тадбирга мусулмонлар билан бирга бошқа дин вакиллари ҳам келди.

 

Азизхон ҲАКИМОВ тайёрлади.