Брюссел анжумани

Украина мусулмонлари идораси раиси, муфтий Аҳмад Тамим Брюсселда Оврупанинг дўстона муносабатларни ривожлантириш бўйича раҳбари Штефан Фюле билан учрашди. Тадбирда мамлакатнинг бошқа конфессия вакиллари ҳам қатнашишди. Анжуман чоғида кўп миллатли аҳоли ўртасида ҳамжиҳатлик ришталарини уйғунлаштириш ҳамда динлараро бағрикенгликни мустаҳкамлаш хусусида фикр юритилди. Аҳмад Тамим Оврупада қабул қилинаётган қарорларнинг ҳаммаси ҳам Украина менталитетига тўғри келмаслигини таъкидлади. Айниқса, бир жинсдагилар никоҳини расмийлаштириш ҳақидаги қонун мамлакатдаги барча дин вакилларини ҳайратлантирганини қайд этди. Учрашув сўнгида Оврупа иттифоқидаги конфессия арбобларининг келгусидаги ҳамкорлик режалари ҳам кўриб чиқилди.

 

Вазир нутқи

Франция ҳукуматининг навбатдаги мажлисида мамлакатнинг ички ишлар вазири Мануэл Валс нутқ сўзлаб, жумладан, шундай деди: “Мамлакатимизда истиқомат қилаётган мусулмонлар сони олти миллион нафардан ошгани боис, Ислом дини иккинчи расмий дин сифатида қабул қилинишига хайрихоҳлик билдираман. Ҳозир диёримизда фаолият юритаётган масжидлар сони икки минг уч юзтага етди. Франция ҳукумати ва Оврупа давлат арбоблари Ислом динини инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ва замон билан ҳамоҳанг ривожланиб борувчи дин сифатида тан олишлари маъқул, деб ҳисоблайман”.

 

Тадбиркор аёллар рўйхати

“Ал-Аҳром” газетасида араб дунёсининг ўттиз нафар энг нуфузли тадбиркор аёллари рўйхати эълон қилинди. Рўйхат аёлларнинг иқтисод ва таълим соҳаларини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси, ишлаб чиққан бизнес режалари ва уларнинг ҳаётга татбиқ этилишига қараб тузилди. Унда БАА, Саудия, Тунис, Жазоир, Уммон ва Қувайт давлатларининг энг таниқли аёл-тадбиркорлари исмлари келтирилган. Биринчи учта ўрин Бирлашган Араб Амирликлари вакилалари: Ташқи савдо вазири Лубна Қосимий, “Эркин иқтисод доираси” ширкати ижрочи раҳбари Салма Харб ва TECOM Investments Corporation ширкати бош директори Амина Растамонийга насиб этди.

 

Янги мажмуа қурилади

Ирландия ҳукумати Клонгриффин шаҳрида катта мажмуа барпо қилишга рухсат берди. Қурилиш учун қирқ миллион евро сарфланиши режалаштирилган. Уч қаватли мажмуа беш минг нафар намозхон сиғадиган хонақоҳ, кутубхона, ўқув маркази ва спорт залидан иборат бўлади.

 

Махсус факултет

Швейцария университетларида имомларни тайёрлаш факултети очилади. Бундай қарорни Борн шаҳрида ўтказилган анжуманда Оврупа мусулмонлари уюшмаси ва олий ўқув юрти раҳбарлари қабул қилишди. Ҳозир Швейцарияда ҳаммаси бўлиб бир юз саксон нафаргина имом-хатиб бўлиб, уларнинг ярмидан кўпи маҳаллий тилда сўзлаша олмайдиган турк, албан ва боснияликлардир. Дин арбоблари мамлакатда Ислом дини арконларини пухта биладиган мутахассисларга катта эҳтиёж сезилаётганини таъкидлашди. Шу сабабдан олий ўқув юртлари талабаларига диний илм бериш учун “Ал-Азҳар” университети докторлари таклиф қилинадиган бўлди.

 

Анжуман ўтказилди

Душанбе шаҳрида “Ўрта Осиёда ислом динининг ривожланиши” мавзуида анжуман ўтказилди. Йиғилиш “Осиё-плюс” медиа-гуруҳи ва Фридрих Эберт жамғармаси томонидан ташкил этилди. Мажлисда Ислом динини тўғри англаш ва унга таҳдид солаётган турли оқимлар фаолиятига чек қўйишга доир масалалар муҳокама қилинди.

 

Маданият форуми

Араб санъати ассоциацияси “Холид Шоман Дорат Фунун” жамғармаси билан биргаликда 3–4 июн кунлари Иордания пойтахти Уммон шаҳрида анжуман ўтказди. Унда ҳозирги кундаги замонавий араб санъатининг жаҳонда тутган ўрни ҳақида сўз юритилди. Қадимий ноёб асарлар билан бир қаторда замонавий услубда тайёрланган ишлар ҳам намойиш этилди.

 

Икки масжид қурилиши

Россиянинг Ханти-Манси автоном округидаги туманларда бирдан икки масжид қурилиши бошлаб юборилди. Иккала жоме саховатпеша инсонлар маблағи ҳисобига маҳаллий мусулмонлар ҳашари йўли билан барпо этилмоқда. Қурилиш ишлари ёзнинг биринчи ярмида тугатилиши режалаштирилган.

 

Чекишга қарши кураш

Озарбойжонда ёшларни тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишдан қайтаришга қаратилган қарорлар қабул қилинмоқда. Ўн саккиз ёшга тўлмаган ўспиринларга сигарет сотиш ман қилинди. Уларга тамаки маҳсулотини сотган шахслар юз эллик манат жарима тўлайдилар.