Аҳолининг тўртдан бири

Белгия пойтахти Брюссел Оврупада мусулмонлар энг кўп яшайдиган шаҳарга айланди. Шаҳар аҳолисининг тўртдан бир қисми, яъни, уч юз мингдан ортиғи Ислом динига эътиқод қилувчиларни ташкил этади. Мутахассислар фикрича, мамлакат мусулмонлари орасида туғилиш тобора ўсиб бормоқда.

 

Тенг шериклик асосида

Олмониянинг Мангейме шаҳрида илк исломий банк иш бошлади. У низомига кўра корхона ва савдо ташкилотларини маблағ билан таъминлаб, ишлаб чиқариш ва савдодан олинган фойда ва зарарга тенг шерик бўлади.

Ёш оилага ёрдам

Бирлашган Араб Амирлигининг собиқ давлат раҳбари Шайх Зайд ибн Султон Наҳён 1990 йили ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш жамғармасига асос сол­ган эди. Ушбу жамғарма ёш оилаларга шу вақтгача 348 миллион доллар миқдорида беғараз ёрдам кўрсатди. Жамғарма раиси Ҳабиба Ҳусаний жорий йилда бундай савобли ишга эллик тўққиз ярим миллион доллар ажратилишини маълум қилди.

 

Лондонда динлараро йиғилиш

Яқинда Лондон марказий жоме масжидида "Диний  бағрикенглик" мавзусида йиғилиш бўлиб ўтди. Динлараро конгресс ва Диний эркинлик ассоциациаси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур анжуманда мамлакатдаги диний ташкилот вакиллари қатнашади. Мақсад  динлараро тотувлик ва бағрикенглик ришталарини янада мустаҳкамлашдан иборатдир.

 

Қимматбаҳо қоғоз

Саудия Арабистони миллий авиатсиясининг қимматбаҳо қоғозлари ишлаб чиқарилди. Бу қоғозларнинг баҳоси тўрт миллиард долларга тенг. Бундан кўзланган мақсад Жидда шаҳридаги қирол Абдулазиз халқаро аэропортини таъмирлаш ва кенгайтиришдир. Охирги марта бундай қоғозлар 2007 йили июл ойида сотувга қўйилган эди. Ўшанда нефт деви бўлмиш "Saudi Basic Industries" ширкати саккиз миллиард риёл фойда кўрган.

 

Бакуда анжуман ўтказилади

Жорий йилнинг 26-27 апрел кунлари Баку шаҳрида "Оммавий ахборот воситаларининг ҳамжиҳатлик ва тотувликдаги мавқеи" мавзуида халқаро анжуман бўлиб ўтади. Унда ISESCO - Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича халқа­ро Ислом ташкилоти раҳбари Абдулазиз Тувайжирий ҳам иштирок этади.

 

Оролда масжид барпо этилади

Италияда жоме масжидлар сони яна биттага ортадиган бўлди. Ситсилия оролининг Салеми шаҳридаги "Рабато" мавзеида янги масжид қурилишига жой ажратилди. Бу хабар мамлакатда яшайдиган бир миллион икки юз минг мусулмонни чексиз қувонтирди.

 

Ислом банки тармоқлари

Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай ислом банки ўз тармоқларини янада кенгайтир­япти. Бугунга келиб банк бўлимлари мамлакат бўйлаб етмиш бештага етди. Уларнинг ўттиз бештаси Дубай шаҳрида жойлашган. Ислом банки қисқа муддат ичида дунё миқёсида ўз ўрни ва мавқеини топди. Бу ҳол мижоз ташкилотлар ҳамда жисмоний шахсларни ўзига жалб қилмоқда.

 

Қорилар мусобақаси

Ҳиндистон пойтахти Деҳлида шу йилнинг 6 февралидан III Қорилар мусобақаси бошланади. Унда мамлакатдан бир юз ўттиз олти нафар қори иштирок этади. Мусобақа уч бос­қичда - мужаввид, мураттаб қорилар ва тафсир бўйича ўтказилади. Ғолиблар мақтов ёрлиғи, пул мукофоти билан тақдирланади. Биринчи ўрин эгаси Эрон Ислом Республикасида ўтказиладиган халқаро қорилар мусобақасига йўлланма олади.

 

Илмий-амалий анжуман

Ислом тарихи, фан ва маданиятини ўрганиш маркази (IRCICA) Манас университети билан ҳамкорликда 2012 йилнинг 9-11 октябр кунлари Бишкек шаҳрида "Ўрта Осиёда Ислом тамаддуни" мавзуида анжуман ўтказишни режалаштирмоқда.