Таянч маркази

Қатар Малайзиянинг Саравак штатида дори-дармон ва турли маҳсулотлар тайёрлаш таянч маркази қуришни режалаштиряпти. Танжунг Манис номли ушбу майдон етмиш етти минг гектар ҳосилдор ердан иборат. Араблар янги хом ашё базасини яратиб, маҳаллий аҳолини иш билан таъминлаш учун ўз сармоясини қўшмоқчи. Шунингдек, Қатар юртида балиқ кўплигидан фойдаланиб, денгиз маҳсулотларини қадоқлашни йўлга қўйиш ниятида.

 

Университет 25 ёшда

Уганданинг Мбал шаҳридаги Ислом университети битирувчилари хатмонасида дунёнинг турли давлатларидан олимлар, халқаро ташкилот раҳбарлари ва уюшма вакиллари иштирок этишди. Тадбирда Ислом ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Акмалиддин Эҳсон ўғли нутқ сўзлади. У тадбир эгаларини ушбу кунга тўғри келган мамлакат мустақиллигининг 50 йиллиги, ўқув юрти ташкил топганининг 25 йиллиги билан муборакбод этди. Ёш мутахассисларга илм ва техника соҳасида замон билан ҳамоҳанг юришларини маслаҳат бериб, келгуси ишларида зафарлар тилади.

 

Вазир ташрифи

Болгария мусулмонлари идорасига мамлакат бош вазири Марин Райков ташриф буюрди. Муфтий Мустафо ҳожи билан ўтказилган учрашувда бағрикенглик, динлараро дўстлик ва ўзаро тотувлик ҳақида сўзлашишди. Райков мусулмонлар болгар, турк ёки бошқа миллатга мансублигидан қатъи назар, мамлакат фуқароси сифатида эътиборга лойиқлигини таъкидлади. Бош вазир дин арбоблари ўз маърузаларида кўпроқ Ислом динининг асл моҳияти тинчлик ва осойишталикни асраш, қадрлаш эканини тушунтиришлари кераклигини таъкидлади.

 

Динлараро дўстлик

“Ал-Байт” жамғармаси динларни уйғунлаштириш борасидаги ишларни баҳолаш мақсадида танлов ўтказди. Тадбир Иордания қироли Абдуллоҳ II ташаббуси билан БМТ раҳнамолигида 2010 йилдан бери мунтазам ташкил этиляпти. Унда бу масалада фаол изланиш олиб бораётган халқаро уюшма вакиллари қатнашишди. Бу галги танловда Нигериянинг Кадуна шаҳридаги динлараро ҳамкорлик марказининг “Имом ва руҳоний дўстдир” мавзуидаги лойиҳаси биринчи ўринга муносиб топилди. Иккинчи ўрин эса Филиппиндаги Ислом ва демократия марказининг “Жаҳон тинчлиги йўлида” мавзуидаги лойиҳасига насиб этди. Мезбон Малайзияга учинчи ўрин берилди.

 

Ислом банки ҳисоботи

АВС Ислом банки бир йиллик фаолияти давомида кўрган соф фойдани ҳисоблаб чиқди. Унга кўра, банк бу йили саккиз миллион бир юз минг доллар кирим қилган. Бу кўрсаткич ўтган йилгига қараганда икки юз тўқсон уч фоиз кўпроқдир. Акциядорлар маблағи икки юз йигирма етти миллион долларни ташкил қилди. Бу ҳол дунёдаги банк ходимларининг Ислом банкига бўлган қизиқишларини тобора орттирмоқда.

 

Талабалар учун ётоқхона

Қозондаги ўрта махсус Ислом билим юрти талабалари учун ётоқхона қурилмоқда. Ётоқхона саховатпеша инсонлар ёрдами ва маҳаллий аҳолининг ҳашари йўли билан барпо этилмоқда.

 

Таъмирлашга ёрдам

Сибир ғарбидаги “Когалим” жоме масжидига “ЛУКОЙЛ” нефт ишлаб чиқариш ширкати бош директори Вагит Юсуфович Алиакбаров ташриф буюрди. У XII асрга тегишли Қуръон қўлёзмасини Югра ҳудуди муфтийси Тагир Саматовга тақдим этди. Шунингдек, у динлараро бағрикенглик ва ўзаро ҳамжиҳатлик тўғрисида тўхталиб, ширкат Ислом ва насроний дини вакилларига ёрдам бериши, масжид ва черков қурилишига кўмаклашишини айтди.

 

Жамғарма очилди

Татаристон Республикасида “Ийдул Ҳаж” жамғармаси ташкил этилди. Муборак зиёратга бориш истагида бўлган шахслар оз бўлса-да, ўз сармояларини жамғармага қўйиб борадилар. Жамғарма мижозлардан йиғилган маблағни бинолар қуриб сотиш ва турли хил ишлаб чиқаришга қўшган. Ундан кўриладиган соф ва ҳалол фойда ҳажга бориш харажатларини қоплаш учун замин яратади.

 

Интернет материаллари асосида Азизхон ҲАКИМОВ тайёради.