Электрон нашр

Интернет тармоғида “Исломий изланишлар” номли электрон журналининг биринчи сони намойиш этилди. Ушбу нашр Украина Ислом маркази билан “Раид” уюшмасининг биргаликдаги меҳнатларининг маҳсулидир. Бош редактор шарқшунос Вячеслав Швед нашр ҳар кварталда инглиз, рус ва хохол тилларида чоп этилишини таъкидлади. Журнал мазмуни, асосан, буюк алломалар ҳаёти ва ижоди, жаҳон университетларида Ислом соҳасида олиб борилаётган изланишлар ва ёш олимларнинг илмий тадқиқотлари каби мавзуларни ёритади.

 

Вирусга қарши кураш

Малави мусулмонлари уюшмаси Мчинжи шаҳрида “ОИТС инсониятнинг ашаддий душмани” мавзуида анжуман ўтказди. Тадбир қатнашувчилари ушбу касалликнинг салбий оқибатлари, унинг олдини олиш ва ташвиқот ишларини олиб бориш ҳақида маърузалар қилишди. Улар Қуръони каримдан мисоллар келтириб, Аллоҳ сўзларига қанчалик амал қилинса, шунчалик фаҳш ишлардан йироқ юрилиши ва покиза, соғлом турмуш тарзига пойдевор яратилиши муқаррар эканини таъкидлашди. Ҳозир Республикада ушбу касалликка чалинганлар сони бир миллионга етай деб қолгани тўғрисида аниқ маълумотлар бор. Уларнинг маълум фоизи норасида гўдаклар экани ачинарли ҳолдир.

 

Қадамжолар тикланади

Усмонлилар ҳукмронлиги даврида бунёд этилган қадимий ёдгорликлар ва тарихий биноларни қайта тиклаш мақсадида Истамбул шаҳрида катта қурилиш ишлари режалаштириляпти. Сулаймония, Фатиҳ, Волида Султон, Лалели ва Султон Аҳмад масжидлари, ўша пайтдаги бозор, боғ ва фавворалар каби мажмуалар таъмирланиши кўзда тутилган. Таъмирланажак биноларнинг кўпи ЮНЕСКО ташкилотининг қизил китобига киритилганини айтиш жоиз. Қурилиш учун давлат хазинасидан саккиз юз минг доллар ажратилди. Ҳозир камида 7-8 йил давом этиши мумкин бўлган қурилиш жараёнида қандай қилиб йўл транспортларига ҳалақит қилмаслик чоралари кўриляпти.

 

Ширкат туҳфаси

Саудия Арабистонининг “Mobily” уяли алоқа ширкати “Реал Мадрид” футбол жамоаси ҳужумчиси Криштиану Роналдуга Қуръони каримнинг португал тилидаги тафсирини совға қилди. Футбол юлдузи ширкат билан тузилган шартномага биноан, уч ой муддат Риёз шаҳрида реклама лавҳаларида суратга тушади. Илгари Роналдунинг Ислом динига бўлган қизиқиши ҳақида айтган эдик. Бунга ундаган инсон унинг жамоадоши Масъуд Ўзилнинг сўзларига қараганда, у Қуръони карим тиловатини эшитишни жуда яхши кўрар экан.

 

Жубайлга ташриф

Дунёнинг энг бой одами Карлос Слим Саудиянинг Мексикадаги фавқулодда ва мухтор элчиси ҳамроҳлигида Жубайл шаҳрига ташриф буюрди. Миллиардер маҳаллий ҳукумат вакиллари, оғир ва енгил саноат мутахассислари ва тадбиркорлар билан учрашди. Карлос Слим йиғилиш қатнашчиларига ушбу шаҳарчани ободонлаштириш, янги заводлар қуриш ва ишчи ўрнини кўпайтириш ниятида эканини таъкидлади. Ҳозир Америка ва Оврупа давлатларида унинг бир нечта шахсий ширкатлари ва ташкилотлари бўлса-да, у мусулмон мамлакатлари билан алоқани ривожлантириш мақсадида эканини қайд этди. Шахсий ҳисобида етмиш тўрт миллиард доллар маблағ бўлган мексикалик бойвачча Ислом ва мусулмонларга бефарқ эмаслигини намоён қилмоқда.

 

“Мусулмон дунёси” анжумани

Перм шаҳрида “Мусулмон дунёси” номли анжуман бўлиб ўтди. Йиғилишни Перм ўлкаси муфтийи Муҳаммадали Хузин ташкил қилди. Унда Россия Федерацияси депутатлари, олимлар ва Ислом маданияти маркази вакиллари иштирок этдилар. Мақсад замонавий Ислом маданиятини ўрганиш, маҳаллий аҳолига янада қулай шароитлар яратиш ва мамлакатдаги диний идораларнинг дўстона алоқаларини мустаҳкамлашдир.

 

Украинага ташриф

Украина мусулмонлари идорасига Ироқнинг расмий делегацияси ташриф буюрди. Ироқнинг бу мамлакатдаги фавқулодда ва мухтор элчиси Шураш Холид уларга ҳамроҳлик қилди. Меҳмонлар Киев шаҳридаги “Роҳма” жоме масжидини зиёрат қилдилар. Украина муфтийси Аҳмад Тамим билан учрашдилар. Муфтий меҳмонларни Киев шаҳрида бунёд этилган биринчи масжид ва диний идора фаолияти билан таништирди. Делегация Украинада турли соҳада эришилган ютуқларни юқори баҳолади.

 

Олисни кўзлаб

Қатарнинг саксон беш миллиард доллар маблағга эга сармоядорлик жамғармаси Франциядаги йирик ишлаб чиқариш корхона, хашаматли кошона ва меҳмонхоналарини харид қилмоқда. “Пари Сен Жермен” клубининг сотиб олингани ҳам бунга ёрқин мисолдир. Мамлакат Амири келажакда фақатгина ўз юртининг ерости бойликларига суяниб қолмасликни кўзда тутмоқда.

 

 

Азизхон ҲАКИМОВ тайёрлади