Университетда тадбир

Буюк Британиянинг Фэрли Дикинсон университетида Қуръони каримга бағишланган анжуман ўтказилди. Тадбирда университет талабалари, профессор-ўқитувчилар ва олимлар иштирок этишди. Йиғилишда Қуръони каримнинг нозил бўлиш тарихи, араб ёзуви турлари, ўқиш ва ёдлаш сирлари ҳақида сўз юритилди. Анжуманда Оксфорд университети кутубхонасида сақланаётган видеолавҳа ва фотосуратлар намойиш этилди. Қуръони каримга ёзилган турли тафсирлар ҳақида ҳам маълумот берилди.

Мусулмонлар кўпайяпти

Саудия Арабистонида айни пайтда тиббиёт, молия, ирригация, нефтни қайта ишлаш, спорт ва бошқа соҳаларда ишлаётган минглаб чет эллик мутахассислар бор. Мигрантлар орасида, албатта, ўз динига эътиқод қиладиганлар талайгина. Мамлакат пойтахти Риёз шаҳридаги Ислом таълими жамғармаси бу борада кузатишлар олиб борди. Натижалар ўтган йили хорижлик бир юз эллик тўрт нафар эркак ва икки юз йигирма нафар аёл хорижлик Ислом динини қабул қилганини кўрсатди. 1993 йилдан бери ушбу кўрсатгич йигирма мингдан ортганини айтиш жоиз. Уларнинг кўпи Филиппин, Америка фуқаролари ва оврупаликлардир.

Юз йил ўтиб

Юнонистоннинг Салоники шаҳридаги “Йени” жоме масжидида деярли бир аср ўтиб, яна намоз ўқилди. Жоменинг ишга тушиши мамлакат мусулмонларини жуда қувонтирди. Ушбу масжид 1902 йили Усмонлилар даврида италиялик меъмор Виталиано Позелли лойиҳаси асосида бунёд этилган. 1923 йилга қадар жоме ишлаб турган. Ўшандан бери бинодан кўргазмалар зали сифатида фойдаланилган эди.

Ислом молияси анжумани

Куала Лумпур шаҳрининг “Sasana Kijang” савдо марказида Ислом молияси бўйича анжуман бўлиб ўтди. Табдир Ислом сармояси кенгаши ва Малайзиянинг Ислом молияси глобал университети билан ҳамкорликда ташкил қилинди. Йиғилишда топ-менежерлар, тадбиркорлар, дин арбоблари ва ушбу соҳа мутахассислари қатнашди. Ажуманда Ислом банкинги, менежмент, сармоядорлик, иш юритиш ва шу соҳага алоқадор турли масалалар муҳокама қилинди. Келажакда рўёбга чиқариладиган режалар тўғрисида ҳам келишиб олинди.

Турли дин вакиллари йиғилишди

Киев шаҳридаги “Премйер Палас” меҳмонхонасида бўлиб ўтган динлараро анжуманда турли конфессия вакиллари, олимлар, диншунослар ва сиёсатшунослар иштирок этишди. Тадбирни Украина мусулмонлари идораси бошқа диний ташкилотлар билан ҳамкорликда уюштирди. Йиғилишда диннинг замонавий дунёда тутган ўрни, ёш авлодни тарбиялашдаги аҳамияти ва мудҳиш воқеаларнинг олдини олишдаги муҳим вазифалари ҳақида баҳс юритилди. Анжуманда сўзга чиққанлар инсоният эътиқоди қандай бўлишидан қатъи назар дин руҳий жиҳатдан барчани бирлаштирувчи асосий омил эканини таъкидлашди.

Ғаройиб бинолар

Саудия Арабистонининг шимоли-ғарбида, Қизил денгиз ёқасида жойлашган Табук вилоятида сув устида масжид барпо этилди. “Тавҳид” деб номланувчи масжид биносининг асоси ўн олти сантиметр ҳажмдаги қумга тўлдирилган қувурлар ёрдамида сув остига ўрнатилган. Ўтган жума бу жомеда илк жума намози ўқилди. Ғаройиб масжидлар кун сайин ортиб бормоқда. Канн марказида бунёд этилган икки минг метр квадрат майдонга эга масжид ҳам бошқа масжидларга ҳеч ўхшамайди. Учбурчак кўрсатгич шаклида қиблага қаратиб солинган масжиднинг на минораси ва на қуббаси бор. Лапландияда (Швеция) эса муздан ясалган ғайриоддий масжидни декабр ойида қуриб битказиш режалаштирилди.

Калифорния мусулмонлари

Американинг Калифорния штати маркази Сакраменто шаҳрида “Калифорнияга Ислом кириб келиши” мавзуида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. Унда мамлакатдаги барча Ислом марказлари вакиллари ва кўпгина зиёлилар иштирок этдилар. Улар Ислом динининг бу диёрда тарқалиши ва ҳозирги кунда мамлакат ҳаётида тутган ўрни хусусида сўз юритишди. Шунингдек, хориждан келган мусулмонларга моддий ва маънавий ёрдам қўлини чўзиш ҳамда уларни ижтимоий ҳимоя қилиш масалалари ҳам кўрилди.

Янги интернет тармоғи

Оврупа, Осиё ва МДҲ давлатлари уламоларидан иборат гуруҳ “Салом, дунё” номли янги интернет ахборот тармоғи лойиҳаси устида иш олиб бормоқда. Режага кўра, узоғи билан уч йилда у машҳурлик борасида “Facebook” тармоғи билан беллаша оладиган даражага етади. Фойдаланувчилар сони бир юз эллик миллион нафардан ошиши кутилмоқда. Уни яратиш учун эллик миллион долларга яқин маблағ сарфланади. “Салом, дунё” уятсиз суратлар, беҳаё блоклар ва динимиз шариати ман қилган турли хил рекламалардан холидир.

Марказ тақдирланди

Оксфорддаги Ислом маданият маркази Буюк Британия қироличаси мукофоти билан тақдирланди. Бу даргоҳ 1985 йили Ислом тадқиқот маркази сифатида иш бошлаган эди. Ушбу ёрлиқ дин ва маърифат йўлида қўшган улкан хизматлари учун тақдим этилди. Ташкилот йигирма етти йиллик фаолияти мобайнида халқаро илмий-текшириш институтлари, марказлар ва машҳур Ислом олимлари билан ҳамкорлик олиб борди. Ислом маданият маркази ташкиллаштирган халқаро анжуманларда шаҳзода Чарлз бир неча бор маъруза қилган.

Қуръон маънолари япон тилида

Қуръони карим маъноларининг япон тилидаги таржимаси тайёр бўлди. Таржимон япон миллатига мансуб қирқ саккиз ёшли Иброҳим Савададир. Шу вақтга қадар бу тилга Қуръони карим маънолари етти марта таржима қилинган. Лекин уларнинг матни эскича услубда эди. Савада ёшлар осон тушунишлари ва ўзлаштиришлари учун оддий сўзлардан фойдаланган. Китоб халқаро экспертиза институти олимлари текширувидан ўтди. Бу Япония мусулмонларига хушхабар бўлди.

Сайёҳатлар мавсуми

Рамазон бу йили ёзнинг айни иссиқ пайтигача тўғри келяпти. Шу боис халқаро сайёҳлик маркази барча туристик ширкатлар Рамазон ойида рўзадорларнинг ҳурматини жойига қўйиш ва керакли шарт-шароитлар яратиш савобли иш эканини алоҳида таъкидлаяпти. Мусулмонлар саёҳатга кўп борадиган мамлакатлар асосан Малайзия, Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари ва бир қанча Оврупа давлатларидир. Ҳозир ушбу мамлакатлар меҳмонхоналари ва сиҳатгоҳларида катта тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.

Мусулмонларга хизмат

Американинг Миссури штатида истиқомат қилувчи Одил Имдоднинг йигирма саккиз ёшли акаси тўсатдан вафот қилди. Мусулмонлар озчиликни ташкил қиладиган мамлакатларда марҳумни дафн этиш осон эмас. Имдод шундай муаммога дуч келди. Шунда у мусулмонлар учун дафн этиш хизматини ташкиллаштиришга қарор қилди. “Ўлим ҳақ, ҳар бир оиланинг бошида бор, лекин кутилмаганда қазо қилган одамнинг яқинлари саросимага тушиб қолар экан. Мен буни ўз акамни дафн этишда кўрдим”, дейди Одил Имдод. Олдинлари бундай маросим марҳум яқинларига камида етти минг долларга тушар эди. Ҳозир эса мувофиқлаштирилган марказ барча ишларни ҳашар йўли билан бажаряпти.

Мегабанк

Ислом Тараққиёт банки янги мегабанк ташкил қилиш тараддудида. Бунинг учун бир миллиард доллар қийматга тенг “беш йиллик” қимматбаҳо қоғозлар тайёрламоқда. Бу лойиҳага банкнинг Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони, Малайзия ва бошқа бир қатор давлатларда фаолият олиб бораётган бўлимлари ҳамда Американинг йирик банклари ҳам жалб қилинди. “Бундай мегабанк очилиши муҳим воқеадир. Келажакда унинг баланси, капитали, таъминоти, маблағи ва салоҳияти дунё миқёсида катта аҳамият касб этади. Яқин беш йилдан кейин билим юрти, кутубхона ва касалхоналарни барпо этиш йўлидаги йирик лойиҳаларни амалга оширишда жуда қўл келади”, дейди ИТБнинг Дубай бўлими раҳбари Уфқхон.

ISESCO кўргазмаси

Таълим, фан ва маданият бўйича Ислом ташкилоти (ISESCO) Рим шаҳрида кўргазма ташкил этди. Италия палатаси биносида ўтказилган Ислом маданияти кўргазмасида қадимий қўлёзмалар, ҳаж ҳақидаги эски хариталар ва Жалолиддин Румий каби улуғ мутафаккирлар ижодидан намуналар намойиш этилди. Тадбирда Саудия Арабистони ва Марокашнинг мамлакатдаги фавқулодда ва мухтор элчилари ҳамда Италия Ислом уюшмаси вакиллари иштирок этишди.

Атроф-муҳитни сақлаш

Канада мусулмонлари уюшмаси навбатдаги ўттиз саккизинчи йиғилишини ўтказди. Миссасу шаҳрида бўлиб ўтган ушбу анжуман табиатни муҳофаза қилишга бағишланди. Тадбирда мамлакатнинг кўзга кўринган уламолари қатнашди. Инсон учун ҳаёт манбаи бўлган сув мусаффолигини таъминлаш барчанинг бурчи экани, хусусан, мусулмонлар бу борада ўрнак бўлишлари зарурлиги ҳақида маърузалар тингланди. Мажлисда тозаликка риоя қилиш масалаларига ҳам тўхталинди. Англиялик эколог Фазл Холид билим юртларида табиатни муҳофаза қилиш ва тозаликка эътибор бериш тўғрисида қўшимча дарслар ўтиш кўпроқ самара беришини таъкидлади.

Президентнинг айтганлари

Олмония президенти Хоаким Гок Ислом динига яхши муносабатда эканини ифодалаб бундай деди: “Ҳозирги кунда мусулмонлар мамлакат аҳолисининг ажралмас қисмидир. Мамлакатнинг ҳартомонлама ривожланиши, уни моддий ва маънанавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасида улар муҳим аҳамият касб этади. Ушбу дин вакиллари аҳолимизнинг беш фоизини ташкил қилади. Биз фуқароларимизни дини, ирқи ёки миллатига қараб ажратиб қўймаслигимиз керак. Ҳолбуки, мусулмонлар илм-фан, ишлаб чиқариш ва садо-сотиқ каби бошқа соҳаларда асосий ўринлардан бирини эгаллашяпти”.

 

Илк йиғин

Тбилиси шаҳрида Гуржистон мусулмонларининг биринчи йиғини бўлиб ўтди. Анжуманда муфтий Жамол Покзода сўзга чиқиб, бундай деди: “Ўтган йили Гуржистон мусумонлари идораси бир қатор хайрли ишларни амалга оширди: Мамлакатда ягона мувофиқлаштириш тизими яратилди. Маҳаллий мусулмонлар сони озчиликни ташкил қилса-да, Ажардан Кахетигача ҳар бир ҳудудда мусулмонлар йиғинлари ташкил қилинди. Ҳукумат ёрдами билан мусулмонлар муборак ҳаж сафарига боришяпти. Энди биз эмин-эркин ибодат қилишимиз ва яратилган ушбу қулайликлар учун Аллоҳга шукр айтишимиз лозим”.

 

Интернет материаллари асосида тайёрланди.