Ислом Ҳамкорлик Ташкилотига (ИҲТ) қарашли Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Халқаро Ислом Ташкилоти (ISESCO) ҳар йили ташкилотга аъзо Осиё, Африка ва араб мамлакатлари шаҳарларини “Ислом маданияти пойтахти” деб эълон қилади. 2005 йилдан йўлга қўйилган ушбу анъана мусулмон мамлакатлари ўртасидаги маданий алоқаларни ривожлантириш, Ислом маданиятига оид илмий-маърифий, тарихий-меъморий меросни ўрганиш, тиклаш ва тарғиб қилиш, динлараро ва маданиятлараро мулоқотни кучайтириш, турли мамлакатларнинг бу борадаги саъй-ҳаракатини қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантиришга хизмат қиляпти.

2007 йили Тошкент шаҳрига “Ислом маданияти пойтахти” деган юксак номнинг берилиши нафақат пойтахтимиз, балки бутун Ўзбекистон халқи учун улкан тарихий воқеа бўлди. Танлов таъсис этилганидан уч йил ўтибоқ Тошкентга ушбу мақомнинг берилиши пойтахтимизнинг нафақат Осиёда, балки бутун дунёда обрў-эътибори юксаклигидан далолатидир.

Таълим, фан ва маданият масалари бўйича Халқаро Ислом Ташкилоти (ISESCO) тўртта шаҳарга – Африка қитъасидан Нигерия Республикасининг Кану шаҳри, Саудия Арабистонининг Мадина ва Ливаннинг Триполи шаҳарлари, Осиё қитъасидан Афғонистоннинг Ғазна шаҳарларига ушбу мақомни берди. Яқинда ушбу ўзига хос танловнинг иккинчи босқич режалари ҳам эълон қилинди. Унда 2015–2024 йиллар мобайнида ташкилотга аъзо мамлакатларнинг қайси шаҳарлари юқоридаги эътирофга сазовор бўлиши ҳақида ҳам айтиб ўтилган. Қувонарлиси, ушбу режага асосан, 2020 йили юртимизнинг кўҳна ва навқирон шаҳарларидан бири – Бухоро ҳам “Ислом маданияти пойтахти” деб эълон қилиниши кўзда тутилмоқда.

Халқаро ташкилот томонидан шаҳарларимизга берилаётган эътибор уларнинг янада гуллаб-яшнаши, тараққий этишига таъсир кўрсатади деб ишонамиз.

 

Мақсуд КАРИМОВ,

Халқаро алоқалар бўлими ходими