Ислом микроиқтисоди

Ислом микроиқтисодиёти нафақат мусулмон олами, балки бошқа давлатларда ҳам шиддат билан оммалашиб боряпти. Мутахассисларнинг ҳисобларига кўра, ушбу тартибда айланаётган маблағ миқдори бир миллиард долларга етган. Абу Даби шаҳрида бўлиб ўтган уч кунлик анжуманда “Ҳуда” Ислом марказининг ижрочи директори Муҳаммад Зубайр нутқ сўзлади. Унинг айтишича, Ислом молияси хизмати билан дунёда уч юздан ортиқ ташкилот шуғулланади. Ўттиз икки мамлакатдан бир миллион олти юз нафар мижоз жалб қилинган. Ушбу тадбирни “Emerald” илмий текшириш ташкилоти Абу Даби университети билан ҳамкорликда ташкил этди.

 

Қадимий Кордова

IX асрда Оврупанинг Ислом маркази ҳисобланган Испаниянинг Кордова (Қуртуба) шаҳри яна мусулмон сайёҳларини жалб қиладиган бўлди. Маҳаллий ҳукуматга бир қанча сайёҳлик ширкатлари ва Ислом уюшмаси ёрдам беряпти. Бу, аввало, шаҳардаги меҳмонхона ва ресторанларда ҳалол маҳсулотлардан таом тайёрлашдан бошланади. Мусулмон мижозлар хонасига Қибла ишораси, Қуръони карим ва жойнамоз ҳозир қилинади. Қадимий шаҳарчага асосан Осиё давлатларидан сайёҳлар келишади. Ундан йилига олти юз миллион евро соф фойда кўриляпти.

 

Малави Ислом университети

Шарқий Африкадаги Малави давлатида биринчи Ислом университети очилди. Олийгоҳга юз нафарга яқин талаба қабул қилинади. Уларга шариат асослари, фиқҳ, ақоид, тафсир, қироат, сарф-наҳв, замонавий технология ва математика фанлари чуқур ўргатилади. Университет ташкил қилиниши учун Малави мусулмонлари уюшмаси ва Қувайтнинг “Direct AID Society” хайрия жамғармаси маблағ ажратишди. Янгилик мамлакатнинг ўн беш миллиондан ортиқ мусулмон аҳолисини жуда қувонтирди.

 

Оврупанинг энг кўркам масжиди

Хорватиянинг Риека шаҳрида янги масжид ва Ислом марказининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда мамлакат президенти Иво Йовович, Қатарнинг Ислом ва вақф ишлари вазири Ғайс ибн Муборак Каварий ва халқаро ташкилот вакиллари иштирок этишди. Ўн миллион евро маблағ сарфланган мажмуада анжуманлар зали, ошхона, меҳмонхона, ўқув хоналари, спорт майдони, автоулов тўхташ жойи ва бошқа маиший хизмат жойлари бор. Бу Хорватия заминида усмонлилар ҳукмронлигидан буён қад кўтарган илк масжид бўлди. Ўнг минг нафар киши бемалол намоз ўқий оладиган ушбу масжидни Оврупада энг гўзал деб эътироф этишяпти. Уч йил давом этган қурилиш ишларида Қатар амири шайх Хамад ибн Халифа Соний катта ҳисса қўшди.

 

Охрид анжумани

Македонияда диний бағрикенгликка бағишланган III халқаро анжуман ўтказилди. Тадбирда турли мамлакатлардан ташриф буюрган мусулмон, насроний, ҳинду ва бошқа дин вакилларининг икки юз нафардан ортиғи иштирок этди. Анжуманга Республика раҳбари Георгий Иванов, бош вазир Николай Груевский бош бўлишди. Анжуман “Озодлик ва қадрият – инсонлараро, динлараро ва маданиятлараро муносабатнинг муҳим бойлиги” шиори остида ўтди. Охрид шаҳрида 2003 йил динлараро саммит тузилганидан буён бундай тадбирлар мунтазам ташкиллаштирилади.

 

Янги музей қурилади

2016 йили Истанбул шаҳрида Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) музейлари очилиши режалаштириляпти. Жаҳондаги энг йирик музейлардан бирига айланиши кўзда тутилган ушбу мажмуада Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) даврларидаги вазият акс эттирилади. Хазинада Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шахсий ашёлари – соч толалари, кийимлари ва шунга ўхшаш маиший буюмлари сақланади. Қурилиш ишларига сарфланадиган маблағни “Siyer” жамғармаси ва “1453” панорама-музейи тақдим этяпти. Ташаббускорлар музей шаҳарнинг энг қадимий туманларидан бўлмиш Аюбхонада бунёд этилишини маълум қилишди.

 

Дам олиш мавсуми

Дам олиш мавсумида Малдив ороллари ҳамда Малайзияда сайёҳлар кўпаймоқда. Мутахассислар фикрига кўра, Оврупадан келувчилар камайиб, Яқин Шарқ ҳамда Ўрта ва Жануби-Шарқий Осиё вакиллари кўпайиши кузатилмоқда. Жорий йилнинг биринчи ярмида дам олувчилар сони етмиш саккиз фоизга кўпайган. Ушбу давлат оромгоҳларининг аксари мусулмонлар учун ихтисослашган бўлиб, у ерда ичкилик, беҳаё кийимларда юриш тақиқланган.

 

Марселда янги мажмуа

Франциянинг Марсел шаҳри аҳолисининг тўртдан бир қисми мусулмонлардир. Шу боис ҳозир намозхонлар учун янги жоме қурилиши лойиҳасини ишлаб чиқилди. Лойиҳага кўра, етти минг нафар намозхон сиғадиган масжид қуриляпти. Бундан ташқари, мажмуада йигирма беш метрлик минора, мадраса ва кутубхона барпо этилиши режалаштирилган. Икки юз эллик минг нафар марселлик мусулмонга эмин-эркин ибодат қилиш учун катта шароит яратиладиган бўлди.

 

Масжидун Набий таъмирланади

Саудия Арабистони қироли Абдуллоҳ ибн Абдулазиз Мадинаи мунавварадаги Пайғамбаримиз Муҳаммаднинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) муборак масжидларини кенгайтиришни режалаштирди. Мамлакатнинг молия вазири Иброҳим Асаф хабар беришича, шунда Масжидун Набий қўшимча бир миллион олти юз минг нафар намозхонни сиғдира олади. Кенгайтириш бўйича лойиҳа уч босқичда ўтказилади. Биринчи босқичдан кейин саккиз юз минг нафар мусулмонларни қабул қилиши мумкин. Иккинчи босқичда Масжидун Набийнинг ғарбий қисми, учинчи босқичда эса шарқий қисмида қурилиш олиб борилади. Қурилиш битгандан сўнг яна саккиз юз минг нафар намозхонни ўз ичига олишга қодир бўлади. Бу тарихда энг йирик кенгайтириш лойиҳасидир. Қанча маблағ сарфланиши ҳали эълон қилинмаган.

 

Мутахассислар керак

Олмониянинг табиий ва гуманитар фанлар бўйича илмий йиғини ишлаб чиққан махсус ўқув дастури бўйича бир қатор имомлар малака оширишяпти. Немис тили ва урф-одатларини тушунадиган, малакали кадрлар озлиги боис бу ишга икки йил аввал қўл урилган эди. Мамлакатда мусулмонлар эллик йилдан бери истиқомат қилишади. Ҳозир уларнинг сони тўрт миллион нафарга етди. Олмония масжидларида икки минг нафардан ортиқ имом-хатиб фаолият юритяпти. Имомлар мусулмонларнинг талабини қондириши ва уларни қизиқтирган саволларга тўла-тўкис ва юқори савияда жавоб бера олиши учун ушбу ўқув курслар ташкил этилди. Ҳозирги кунда тўртта немис олийгоҳида Ислом асослари факултети очилган. Унда талабалар фиқҳ, адабиёт, тарих ва араб тилини замонавий технология асосида ўрганишяпти.

 

Куала Лумпур анжумани

Малайзияда мусулмон аёллар ҳуқуқини муҳофаза қилиш бўйича анжуман бўлиб ўтди. Тадбир “Mercy Mission” уюшмаси ташаббуси билан ташкил этилди. Мажлисда таниқли олимлар, дин ва давлат арбоблари сўзга чиқишди. Улар аёлларнинг маиший қийинчиликларни енгиши билан бир қаторда жамиятда ўз ўринларини топиши, таълим олиш борасида ҳам тенгҳуқуқли экани ҳақида маърузалар ўқишди. Шунингдек, ишбилармон ва тадбиркор аёллар фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш ҳамда янги ғояларни илгари суриш тўғрисида ҳам фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

 

Ёши улуғ аёл

Дунёда энг ёши улуғ аёллардан бири Ўзбекистон Республикаси фуқароси Тўти Юсуповадир. Тўтихон ая 1880 йил 1 июнда Қорақалпоғистон Республикасининг Тўрткўл туманида дунёга келди. Бир юз ўттиз уч ёшни қаршилаганига қарамай онахон гаплашади, юради ва эшита олади. У ўн етти ёшида турмушга чиқиб, икки фарзандни дунёга келтирган. 1940 йили турмуш ўртоғи, кейинчалик ўғли вафот этди. Лекин ҳозир бир юз бир ёшга кирган қизи ҳаёт. Маҳалланинг кўпчилиги шу сулола авлодлари – узоқ умр кўрувчилардир. Тўхтахон ая бола, невара, эвара, чевара ва ҳатто бегоналарнинг ҳам бувиси бўлиш ҳамда уч аср юзини кўриш бахтига муяссар бўлди.

 

Қонун ҳануз амалда

Шу йил июл ойида Австрияда Ислом расман тан олинганига юз йил тўлди. Бу ҳақда 1912 йили император Франс Йозеф қонун қабул қилган эди. Мамлакатда диний бағрикенглик соясида истиқомат қилувчи католик, лютеран, ҳиндуийлик ва буддавийлик вакиллари каби мусулмонлар ҳам тенг ҳуқуқлидир. Вена шаҳрида юз йиллик тўйга бағишланган анжуманда Австрия Ислом уюшмаси раҳбари Фуод Санак сўзга чиқиб, илиқ сўзларни айтди. Ушбу қонуннинг юз йиллик юбилейи нишонланар экан, бу бошқа Оврупа мамлакатларига ўрнак экани, Австрияда Ислом дини руҳият ва маданият бойлиги сифатида тушунилишини таъкидлади. Бу юрт Исломга эҳтиром кўрсатганидек, мусулмонлар ҳам унинг ички қонун ва қоидаларига масъулият билан ёндашишларига тўхталди. Ҳозир мамлакат аҳолисининг олти фоизи, яъни беш юз минг нафари мусулмондир. Пойтахтда эса бу кўрсаткич католик насронийларидан кейин иккинчи ўринни эгаллаган.

 

Энг юқори натижа

Ҳиндистоннинг Махараштра штатидаги Аҳмаднагар шаҳрилик Ҳафиз Муҳаммад Ҳабибуллоҳ Қуръон тиловати бўйича энг юқори натижага эришди. У эрталаб саккиздан кечқурунги саккизгача Қуръони каримни ёддан ўқиб улгурди. Устозлари ўн икки соат давомида Ҳафиз Муҳаммаднинг бирон марта ҳам луқма олмагани ва тажвид қоидаларига тўлиқ риоя қилганини таъкидлашди. Мураттаб қорининг айтишича, у Қуръони каримни саккиз ойда тўлиқ ёдлаб бўлган экан. Шаҳар маъмурияти Ҳафизни мақтов ёрлиғи ва пул мукофоти билан тақдирлади.

 

Интернет материаллари асосида Азизхон ҲАКИМОВ тайёрлади.