Қувайтда  чекиш ман  этилади

Жорий йилнинг 13 февралидан Қувайт ҳукуматининг чекиш ман этилиши ҳақидаги қарори чиқди. Унда аэропорт, таълим муассасаси, ресторан, меҳмонхона, савдо-сотиқ марказлари ва шу каби жамоат жойларида чекиш таъқиқланиши маълум қилинган. Келгусида Форс Кўрфазидаги мамлакатларда кенг тарқалган чилим чекишни ҳам ман этилиши эътироф этилмоқда.

 

Киевда  анжуман

18 феврал куни Киев шаҳрида "Ислом динида аёлнинг қадри" мавзуида анжуман ўтказилди. Уни Украина мусулмонлари диний идораси қошидаги Хотин-қизлар қўмитаси ташкил этди. Мажлисда мамлакатдаги хотин-қизлар ташкилоти вакиллари ва ҳуқуқни ҳимоя қилувчи идоралар мутасаддилари иштирок этди. Сўзга чиққанлар аёлнинг оила ва жамиятдаги ўрни ҳамда ҳуқуқ ва бурч­лари ҳақида гапирдилар.

 

Масжид  тўқсон  ёшда

Париж шаҳридаги марказий жоме масжиди тўқсон йиллиги муносабати билан 18 феврал куни тадбир ўтказилди. Унга Ислом маркази ходимлари, уламолар ва бошқа дин вакиллари ҳам таклиф этилди. Франция бош почтамти тўйга тўёна сифатида масжид кўриниши туширилган янги маркалар босиб чиқарди.

 

Шифохона  қурилади

Малайзиянинг Субанг Жайа шаҳридаги "Ал-Фалаҳ" жоме масжиди "KPJ Healthcare" ширкати билан биргаликда шифохона барпо этишни режалаштирмоқда. Унда кам таъминланган, ночор оилаларга хизмат кўрсатилади. Касалхона эшиклари барча миллат ва дин вакиллари учун очиқ. Қурилиш ва дори-дармонлар билан таъминлаш ишлари саҳоватпеша инсонлар ёрдами ва ҳашар йўли билан амалга оширилади.

 

Янги  масжид

Перм ўлкасининг Оси шаҳридаги марказий жоме масжид намоз ўқувчиларга қайтадан очилди. Бу қадимий масжид 1899 йилда саховатпеша инсон Султон Мансуров ёрдамида қурилган эди. 1930 йилгача масжид бўлиб ишлаб келди. Кейин яқин саксон йил ичида у омборхона, сарой ва новвойхона қилинди. Умумий майдони олти минг бир юз олтмиш тўққиз квадрат метрни ташкил этадиган ушбу масжидда илк пайтларда минора ҳам бўлган. Яқинда давлат хазинасидан бир миллион рубл ажратилиб, таъмирлаш ишлари бошлаб юборилди.

 

Малайзияда  кўргазма

Шу йили март-сентябр ойларида Малайзиянинг Тренгану штатида Ислом маданияти осори атиқалари кўргазмаси бўлиб ўтади. Унда бир қанча мамлакатлардан келтирилган ноёб буюмлар намойиш этилади. Усмонлилар давридаги Қуръони карим ҳам кўргазмага қўйилади. Тилла суви юритилган бу ноёб қўлёзма "насх" хатида кўчирилган. Ушбу китоб Хитойнинг Мин сулоласи хазинасида сақланган.

 

Қуръоннинг украинча  шарҳи

Қуръони каримнинг украин тилидаги шарҳи Саудия Арабистонининг Мадина шаҳрида босмадан чиқди. Шарҳни Украинанинг Острожск академияси ўқитувчиси, тарих фанлари номзоди Михаил Якубович ёзди. Китоб тўққиз юз тўқсон уч бетдан иборат.