Киноанжуман

Қирим мусулмонлари идораси “Диним, тилим, миллатим” мавзуида ҳужжатли филмлар киноанжумани ўтказади. Унда диний, маърифий филмлар намойиш этилади. Мақсад диний, миллий, маънавий қадриятларни қайта тиклаш ҳамда авлодларни уларга эътиқод ва ҳурмат руҳида тарбиялашдир.

 

Малака ошириш курси

Қозоғистон мусулмонлари идораси мамлакат чекка туманларидаги масжидларнинг имом-хатиблари учун бир ойлик малака ошириш курслари ташкил этди. Имом-хатиблар Қуръони карим, ҳадис, фиқҳ ва Ислом тарихидан маърузалар тинглашади. Уларга қавм олдида ўзларини муносиб тутиш, турли бузғунчи оқимларга қарши кураш тартиб-қоидалари ҳам ўргатилади.

 

Жоменинг очилиш маросими

Сербия пойтахти Белград шаҳрида “Байрўғли” жоме масжиднинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Озарбойжон Республикаси ташаббуси билан таъмирланган ушбу масжид очилишида Сербия Ислом уюшмаси раҳбари Одам Зилкич, Сербия православ черкови Патриархи Ириней ва мамлакат президентлигига номзод Борис Тадичлар қатнашишди. Кавказ мусулмонлари идораси раиси, муфтий Оллоҳшукур Пошшозода бу тадбир икки мамлакат ўртасидаги диний-маърифий ва бошқа соҳалардаги дўстона алоқалар янада ривожланишига ҳам туртки бўлади, деб ишонч билдирди.

 

Британия мусулмонлари

Буюк Британияда мусулмонлар сони ҳар йили ўртача беш минг нафарга ортяпти. Уларнинг етмиш фоизи зиёли ва ўртаҳол инглиз аёллари, ўттиз фоизи эса худди шу тоифадаги эркаклардир. Оврупаликларни Ислом динида аёлларнинг қадри юксаклиги ва оилада эрнинг мавқеи, масъулияти кўпроқ қизиқтиряпти. Мусулмонлар сони кўпайгани сайин масжидларга эҳтиёж ортиши табиий. “Масжидлар, диний билим юртларини кўпайтириш, Ислом динини пухта тушунадиган ва халқнинг диний эҳтиёжларини қондириб, саволларига тўғри жавоб бера оладиган малакали имомларни етиштириш ҳозирги кун талабидир”, дейди англиялик мухбир Кристиан Бэккер.

 

Жамғарма фаолияти

Жаҳондаги Ислом банк ва ширкатларининг пул айланмаси бир триллион икки юз миллиард еврони ташкил қилади. Соҳани ривожлантириш учун Малайзияда «CIMB-Principal» махсус молия гуруҳи тузилган. У турли мамлакатларда бўлинмалар очиш билан шуғулланади, гуруҳ Олмония бозорида ҳам Ислом жамғармаларини кўпайтиришга ҳаракат қилмоқда. Франкфурт шаҳрида бўлиб ўтган анжуманда гуруҳ раҳбари Норипах Камсо шу ҳақда гапириб ўтди. Ҳозир Олмонияда биттагина шундай сармоя жамғармаси бор. Мамлакатда яшовчи тўрт миллион мусулмоннинг йигирма уч фоизи жамғармага аъзо. Жамғарма хизматларини халққа янада яқинлаштириб, бошқа динлар вакилларини ҳам ўзига жалб қилиш ниятида. Куала Лумпур халқаро Ислом молия университети раҳбари Довуд Абдуллоҳ шу ҳақда маълум қилди.

 

Тозаликка эътибор

Шу йил Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича халқаро ислом ташкилоти (ISESCO)нинг V анжумани ўтказилди. “Яшил кўприк” шиори остида бўлиб ўтган ушбу тадбир атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалаларига қаратилди. Унда эллик етти мамлакатдан икки юз нафардан ортиқ олим, халқаро ташкилотлардан йигирма беш вакили иштирок этди. Қатнашчилар тозаликка, хусусан, табиатни муҳофаза қилишга Ислом динида доимо катта эътибор берилишини таъкидлашди.

 

Дўстона алоқалар

Теҳрон шаҳрида Эрон Ислом Республикасининг маданият ва Ислом ишлари вазири Саид Муҳаммад Ҳусайн Туниснинг мамлакатдаги фавқулодда ва мухтор элчиси Муҳаммад Хасаирий билан учрашди. Суҳбат чоғида томонлар халқлар ўртасида қадимдан кўп соҳаларда мустаҳкам алоқалар борлигини айтиб, бундан кейин ҳам ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришни таъкидлашди. Вазир Тунисда анча йиллардан бери эронликлар аҳил яшаётгани бунинг далили эканини айтди. Элчи июл ойида Тунис маданият вазирининг Эронга расмий ташрифи ҳақида эслатиб ўтди. Ўз навбатида вазир яқинда Эронда ўтказиладиган кўргазмага Тунис санъаткорлари ва рассомларини таклиф этди.

 

“Рaҳма” масжидига ташриф

Ҳиндистон Ташқи ишлар вазири Эдапакатх Аҳмад Украинага ташриф буюрди. Ташриф чоғида меҳмон Киев шаҳридаги “Рaҳма” жоме масжидида жума намозини адо этди. Намоздан сўнг Украина мусулмонлари идораси раиси, муфтий Аҳмад Тамим ва Эдапакатх Аҳмад ўзаро суҳбатлашишди. Муфтий меҳмонга идора фаолияти ҳақида сўзлаб берди.

 

Азизхон ҲАКИМОВ тайёрлади.