Мусулмонларга ёрдам

Япония бош вазири Синдзо Абэ Мянма давлати президенти билан суҳбат чоғида этник асосдаги зиддиятлардан энг кўп азият чеккан мусулмон аҳолига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилишини маълум қилди. Ёрдам миқдори саккиз юз тўқсон икки миллион долларни ташкил этади. Бундан ташқари, бош вазир Мянманинг икки миллиард доллардан ортиқ қарзидан воз кечилишини ҳам таъкидлади. Қайд этиш жоиз, бу Япония ҳукумати раҳбарининг сўнгги ўттиз олти йил давомида Мянмага биринчи ташрифидир.

Теҳрон кўргазмаси

Теҳронда “Қуръони каримга мос яшаш тарзи” мавзуида XXI халқаро кўргазма бўлиб ўтди. Унда таниқли дин арбоблари ва олимлар, парламент аъзолари ҳам иштирок этишди. Анжуманда “Қуръони карим ва иқтисод”, “Қуръони карим ва жамият”, “Қуръони карим ва табиий фанлар” каби мавзуларда маърузалар тингланди. Тадбир ниҳоясида уюштирилган китоблар кўргазмасида Қуръони каримнинг асл нусхалари, аждодлар қолдирган илмий мерос намуналари ва турли диний адабиётлар намойиш этилди.

Покиза маҳсулот

Бруней Султонлигида ҳалол ва покиза маҳсулотлар ишлаб чиқариш тобора такомиллашиб бормоқда. Султонлик ҳукумати бу борада дунёнинг етук илмий-текшириш ташкилотлари билан шартномалар имзолаяпти. Келишувлардан бири Американинг Флорида университети билан хом ашёларни текшириш методикаси бўйича тузилди. Шунингдек, Япониянинг Осака университети муҳандислик кафедраси билан озиқ-овқат ва ичимлик маҳсулотларидаги ингредиентлар таркибини ўрганиш соҳасида аҳднома тузилди. Бундай ўзаро ҳамкорликлар Бруней саноати янада ривожланишига катта йўл очади.

Франция мусулмонлари

Франция ички ишлар вазирлиги хабар беришича, ҳозир мамлакат аҳолисининг олти миллион нафари Ислом динига эътиқод қилади. Мусулмонларнинг кўпи чет элдан келган муҳожирлар. Уларнинг юз мингдан ортиғи сўнгги йилларда Ислом динини қабул қилган французлардир. 1986 йили мамлакатда мусулмонлар бор-йўғи эллик минг нафар эди. 2000 йилдан кейин уларнинг сони тез суръатда орта бошлади. Мутахассислар Николя Анелка, Франк Рибери, Эрик Абидал каби машҳур спорт усталари ва бошқа санъаткорларнинг Исломни қабул қилиши маҳаллий аҳолига ибрат бўлаётганини таъкидлашяпти.

Хазина янада бойиди

Ҳиндистоннинг Ҳайдаробод шаҳридаги Чоумаҳалла музейи хизматчилари эски ёзувларда битилган қоғоз, мато, ёғоч ва тош бўлакларини қайта таъмирлашга бел боғлашди. Тадбир ташаббусчиси шаҳар ҳокимининг рафиқаси Юсро бўлди. У Мирусмон ва унинг меросхўри Мирбаркат Алихон хазинасида юзга яқин қадимий қўлёзмаларни музейга топшириб, таъмири билан ҳам шуғулланяпти. Қўлёзмаларнинг энг қадимийи 1450 йили куфий хатида кўчирилган Қуръони каримдир. Бундан ташқари, форс, урду, пушту ва бошқа тиллардаги диний қўлёзмалар ҳам талайгина.

Жамғарма ташкил қилинади

Австралияда исломий банк тизимини йўлга қўювчи “Crescent Wealth” жамғармаси ташкил этилади. Мамлакат жамғармалар бошқармасининг ижрочи директори Талала Ёсин айтишича, ҳозир мамлакатда бундай тизимда иш юритувчи бирорта ҳам ширкат йўқ. Агар жамғарма очилса, беш йилдан кейин Австралияда бундай банклар капитали миқдори тахминан олти миллиард долларга етиши мумкин. Мижозлар маблағларининг кўпи кўчмас мулк, савдо-сотиқ ва ишлаб чиқариш соҳаларига йўналтирилади.

Симферопол анжумани

Симферопол шаҳрида “Украинада Ислом ва мусулмонлар” мавзуида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. Анжуманни “Раид” уюшмаси, “Амал” ташкилоти ва “Шарқшунослик” маркази ташкил этишди. Беш кун давом этган жонли мулоқотлар жараёнида Ислом асослари, Ислом ҳуқуқи, араб тили грамматикаси, фиқҳ ва тарих каби фанларни замонавий методика асосида ўргатиш масалалари муҳокама этилди. Маърузачилар Украинада Ислом дини ва мусулмонларнинг тутган ўрни ҳақида сўз юритар экан, бундай тадбирлар орқали билимни кенгайтириш ҳамда янги чиқаётган фатво ва янгиликлардан хабардор бўлиш мумкинлигини таъкидлашди.

Мутахассислар керак

Финляндияда мусулмонлар қирқ минг нафарга етди. Шу сабаб Қуръони каримни ўқиш ва ёд олиш, диний фанларни ўрганишга қизиқиш тобора ортиб бормоқда. Хелсинки университети исломшунослик кафедраси профессори Йакко Хамеен Антилла бундай дейди: “Араб тили ва фин тили орасида катта фарқ бор. Ҳарф талаффузини келиштириш, алифбо ўрганиш, Қуръони каримни ўқишга тушиш осон эмас. Таржима, тафсир ва фиқҳ сингари фанларни ўрганиш учун эса анча меҳнат қилиш керак. Бизда мазкур фанлардан дарс берадиган малакали мутахассислар жуда кам”.

“Рамазон – 2013”

Оврупа мамлакатларида “Рамазон фестивали” ўтказиш анъанага айланиб бормоқда. 2005 йилдан бери бундай тадбирлар Голландия, Швейцария, Белгия ва Норвегия мамлакатларида бўлиб ўтган эди. Бу сафарги “Рамазон фестивали” Лондонда ўтказилди. Тадбир Буюк Британия Ислом уюшмаси, Англия мусулмонлар кенгаши ва Оврупа “Cedar Network” халқаро тармоғи билан ҳамкорликда ташкил қилинди. Фестивал доирасида жонли мулоқотлар ўтказилди, болалар учун томошалар ҳам уюштирилди, таъминланган оилалар ва ёлғиз қарияларга ёрдам кўрсатилди. “Рамазон фестивали”ни ўтказишдан асосий мақсад Ислом тинчлик ва тотувлик дини эканини барчага намоён қилишдир, шунингдек, мамлакатдаги бошқа дин вакиллари билан дўстлик ўрнатиш учун ажойиб имконият.

Хитой мусулмонлари

Хитой Халқ Республикасида йигирма икки миллион мусулмон бўлиб, улар асосан Синцзян, Нинся, Гансу ва Цинхай вилоятларида истиқомат қилишади. Бошқа дин вакиллари сингари мусулмонлар ҳам турли корхона ва ширкатларда самарали ишлашяпти. Аёллар ва қариялар ҳам имкон қадар ўзларига мос енгил иш билан машғул. Ўтган йили мусулмонлар қилган соф даромад 2010 йилга нисбатан ўн уч фоизга ошди, яъни, бир миллиард олти юз миллион долларни ташкил қилди.

Муборак Рамазоннинг биринчи куни Хитойнинг Синин шаҳарчасидаги “Дунгуан” жоме масжиди бунёд этилганига олти юз йил тўлди. Мусулмонлар ушбу муборак санани кенг нишонлашди.

Интернет материаллари асосида тайёрланди.