Мусулмонлар кўпайяпти

Сўнгги ўн йил мобайнида Канадада истиқомат қилувчи мусулмон аҳоли сони саксон икки фоизга ортган. Ислом динига эътиқод қилувчилар 2001 йили мамлакатда беш юз етмиш тўққиз минг нафар эди. 2011 йилги кўрсаткичга кўра, уларнинг сони бир миллиондан ошди. Мутахассислар дунё­да энг тез ривожланаётган дин сифатида айнан Ислом динини эътироф этишяпти. Ҳозир мусулмонларнинг тўрт юз йигирма тўрт минги Торонто, икки юз йигирма бир минги Монреал ва етмиш уч минг икки юз нафари Ванкувер шаҳарларида истиқомат қилишяпти. Уларнинг кўпчилигини покистонликлар ташкил қилади.

 

Ғаройиб кўринишдаги масжид

Косованинг Приштин шаҳрида янги масжид қурилиши бошланди. Лойиҳа бўйича бинонинг устки қисми қуёш панеллари билан қопланади. Ҳашаматли иморат кўриниши икки қисмдан иборат – Маккаи мукаррамадаги тўртбурчак Каъба рамзида ва юмалоқ шаклда бўлади. Ғаройиб кўринишдаги масжид икки хонақоҳга бўлинади. Бирида кундалик беш маҳал намоз ўқилса, иккинчиси жума ва ҳайит намозлари учун мўлжалланган.

 

Уммонда янги жамғарма

Уммон Султонлигида биринчи бора Ислом сармояси жамғармаси ташкил этилди. “Al Hilal Mena Fund” номли ушбу жамғарма Ahlibank мегаширкати ҳомийлигида тузилди. Ташкилот анъанавий Ислом модули асосида – музораба тартибида ишлайди. Сармоядорлар ўз маблағларини Яқин Шарқ ва Шимолий Африкадаги катта бизнес лойиҳалари учун тикишади. Ahlibank бош директори Абдулазиз ибн Муҳаммад Балуший янги жамғарма ҳақида шундай дей­ди: “Жамғарма сармоядорлар билан шу йўсинда мунтазам ҳамкорлик қилади ва бунинг орқасидан баъзи ривожланмаган ҳудудларда тадбиркорликни кучайтиради. Албатта, шариат аҳкомлари чегарасидан чиқмаган ҳолда фаолият юритиши кўзда тутилган”.

 

Навбатдаги мусобақа

Иордания Ҳошимийлар Қироллигида Қуръони каримни тартил билан ўқиш ва ёд олиш бўйича аёллар ўртасида VIII халқаро мусобақа ўтказилди. Тадбир мамлакатнинг Вақф ва дин ишлари вазирлиги томонидан қиролича Рани Абдуллоҳ раҳнамолигида ташкиллаштирилди. Тўрт кун давом этган беллашувда Қуръони каримнинг ўн порасини, йигирма порасини ва тўлиқ ёдлаш бўйича ғолиб­лар аниқланди. Ўттиз битта мамлакатдан қатнашган иштирокчилар орасидан бешта ютуқ эгалари пул мукофоти ва мақтов ёрлиқлари билан тақдирланди. Тақдирлаш маросимида Вақф ва дин ишлари вазири Муҳаммад Нуҳ Ҳуда сўзга чиқиб, Қуръони каримни тартил билан ўқиш ва ёд олишга алоҳида аҳамият берилаётганини таъкидлади. Ҳозир Иорданияда илм зиёсини таратаётган ўн икки мингдан ортиқ қори ва қориялар давлат фахри ҳисобланишини қайд этди.

 

Рамазонда чегирма

Бирлашган Араб Амирлик­ларининг Истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича департамент раҳбари Ҳошим Нуаймий Рамазон ойида барча савдо мажмуаларида эски нарх сақланиши ва озиқ-овқат маҳсулотларига чегирмалар қилиниши ҳақидаги махсус қарорни ўқиб эшиттирган эди. БАА шаҳарларидаги тижорат тармоқлари фаолияти департаментнинг махсус гуруҳи томонидан назорат қилинди. Кундалик талабидаги маҳсулотлар ўттиз фоизга арзонлаштирилди. Уларга гуруч, ун, гўшт, чой ва қадоқланган сув каби молларнинг икки юз хили киритилган. Ўтган йилги Рамазонда бир минг олти юз хил маҳсулотга қилинган чегирма олтмиш миллион дирҳамни ташкил қилган эди.

 

Профессор қарори

Саудия Арабистонининг Қирол Абдулазиз номидаги университети инглиз тили ўқитувчиси канадалик профессор Довуд Рой Волке Ислом динини қабул қилишга қарор қилди. Бунга Қуръони каримни Инжил билан солиштириб чуқурроқ ўргангани сабаб бўлди. “Саудия Арабистонига келганимда Ислом дўстлик ва аҳиллик дини эканини тушуниб етдим. Менга Аллоҳ таолонинг Ўзи тўғри йўл кўрсатди”, дейди олим.

 

Қуръон озарбойжон тилида

Қуръони каримнинг озарбойжон тилидаги электрон кўриниши тайёрланди. Уни Агабал Махтиев ва Дурдона Жафарли таржима қилишди. Бундан аввал озарбойжон тилида Қуръон шарҳи босилиб чиққан, лекин электрон тарзда ишлаб чиқилмаган эди. Энди хоҳловчилар Қуръоннинг “cеfеrilеr.com.” сайтидаги электрон шарҳидан фойдаланиш имкониятига эга бўлдилар.

 

Янги ўқув қўлланма

Москвада “Ўзбек тили дарс­лиги” ўқув қўлланмаси чоп этилди. Дарслик беш жилддан иборат бўлиб, биринчиси – кириш қисми, охиргиси эса ўзбекча-русча луғатдир. Асосий уч жилдда ўзбек халқи маданияти ва миллий урф-одатлари ўзига хос услубда ёритиб берилган. Қўлланма Москва давлат тилшунослик университети ҳамда Тошкент жаҳон тиллари университети ўқитувчиларининг ҳамкорликда қилган меҳнатлари мевасидир. Замонавий технология воситасида ишлаб чиқилган ушбу дарслик фақатгина ўзбек тилини ўрганувчилар учун эмас, балки ўзбек халқи санъати ва маданияти билан яқиндан танишиш истагида бўлганлар учун ҳам жуда қўл келади. Ҳозир “Ишбилармонлар учун ўзбек тили” дарслиги устида иш олиб борилмоқда.

 

Қуръон ва шарқшунослар

Эрон Ислом Республикасининг Қуш шаҳрида “Қуръон ва шарқшунослар” мавзуида анжуман ўтказилди. Йиғилишда дунёнинг турли бурчакларидан ташриф буюрган шарқшунослар ўз маърузалари билан қатнашдилар. Мақсад Қуръони карим тили, тузилиши ва ўқитиш методикаси устида иш олиб борган шарқшунос олимлар билан фикр алмашишдир. “Мустафо” халқаро университети ташкиллаштираётган ушбу анжуман Имом Ҳумайний университетида бўлиб ўтди.

 

Фотобеллашув

Олмонияда “Зенит” номли Ислом ва мусулмонликни ифода этувчи фотосурат мусобақаси бўлиб ўтди. Интернет орқали ўтказилган ушбу беллашувда бошқа дин вакиллари ҳам иштирок этдилар. Улар мамлакатдаги масжид, тарихий обида ва Ислом динига оид расмлар ҳамда турли кўринишдаги мусулмон оилалар фотосуратларини намойиш этдилар. Моҳирлик, нафосат ва бадиий ёндашиш билан олинган уч нафар сурат эгалари ғолибликни қўлга киритдилар. Биринчи уч ўрин Кай Лёффелбайн, Агата Жиманска-Мадина ва Фериэл Бенжамаларга насиб этди.

 

Азизхон ҲАКИМОВ тайёрлади.