Анжуман ва кўргазма

 

Дубайда “Ислом ва дунё” мавзуида халқаро анжуман ўтказилди. Уч кун давом этган йиғинни Қуръони каримни ўрганиш “Манар” маркази ташкил қилди. Унда Юсуф Истс (АҚШ), Абдураҳим Грин (Англия), доктор Зокир Ноиқ (Ҳиндистон), Ҳусайн Йи (Малайзия) каби машҳур Ислом олимлари қатнашдилар. Ислом динининг дунёда тутган ўрни, мавқеи ва у ҳақда соф тушунча ҳосил қилиш каби мавзулар кун тартибига киритилди. Йиғилиш якунида “Қуръон мўъжизалари” кўргазмаси ҳам ўтказилди.

 

Янги электрон дарслик

Қозоғистон мусулмонлари идораси Қуръони каримни тажвид билан ўқишни истаганлар учун янги электрон дастур ишлаб чиқди. Бу ўзига хос дарслик кириш қисм, алифбо ва асосий бўлимлардан иборат. Дарслик араб ҳарфларини махраждан чиқариш ва керак жойда чўзиб ўқиш, товушларни тўғри талаффуз қилишда катта ёрдам беради. Бу қўлланма Қуръони каримни тўғри ўқишни мустақил ўзлаштирмоқчи бўлганларга, айниқса, жуда қўл келади.

 

ИҲТ йиғини

Ғабон Республикаси пойтахти Либревил шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар ахборот вазирларининг IX халқаро анжумани бўлиб ўтди. Йиғилиш тинчлик ва тараққиёт йўлида оммавий ахборот воситаларининг ҳозирги кундаги аҳамиятига бағишланди. Унда Ислом дини, мусулмонлар ҳаёти ва турмуш тарзининг хориждаги оммавий ахборот воситаларида ёритилиши масаласи кўрилди. Шунингдек, анжуман иштирокчилари ИҲТга аъзо баъзи давлатларда Ислом ҳамкорлик ташкилотининг матбуот шўъбаларини очиш, уларни замонавий асбоб-ускуналар билан таъминлаш зарурлигини айтишди.

 

Масжидул Ақсога ташриф

Миср Араб Республикаси муфтийи Шавқий Аъллам Фаластиннинг Қуддус шаҳридаги “Ал-Ақсо” масжидини зиёрат қилди. Мусулмонларнинг учинчи муқаддас масжидида у икки ракат намоз ўқиб, икки халқ дўстлиги равнақини тилаб, дуолар қилди. Муфтий “Ал-Масрий ал-Явм” газетасига берган суҳбатида ушбу ташрифни мамлакатлараро дўстлик ва бирдамлик рамзи сифатида баҳолашини таъкидлади. Ташриф давомида Али Жумага Иордания шаҳзодаси Ғози ибн Муҳаммад ибн Талол, Қуддуси шариф муфтийи, “Ал-Ақсо” масжиди имом-хатиби Муҳаммад Аҳмад Хусайн, Қуддус Ислом вақфи бошқармаси раиси Абдулазим Сахлаб ва Қуддус хайрия жамғармаси директори Аъзам Хатиб ҳамроҳ бўлишди.

 

Сайёҳлик ривожи йўлида

Мутахассислар маълум қилишича, ҳозир Малайзия энг кўп мусулмон сайёҳлар дам оладиган мамлакатдир. Ўтган йили Малайзияга келган мусулмон сайёҳлар етти миллион саксон олти минг нафарга етди. Халқаро сайёҳлик маркази бош директори Абдурраҳмон Шаърий мижозларнинг тобора ортиб бориши соҳа вакилларига катта масъулият юклашини айтди. Хусусан, сайёҳлар учун янада қулайликлар яратиш устида тинмай иш олиб бориш, мижозларнинг таклиф ва талабларига биноан янги хизматлар таклиф этиш, саёҳат турларини кенгайтириш зарурлигини таъкидлади.

 

Дўстона алоқалар

Эрон Ислом Республикасининг Шри-Ланкадаги элчихонасида Ислом дини мазҳабларини уйғунлаштириш мавзуида анжуман бўлиб ўтди. Уч кун давом этган тадбирда мусулмонларни бирдамликка ундаш, сунний ва шиа мазҳаби вакиллари ўртасида дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари кўрилди. Ўша кунлари Шри-Ланка миллий кутубхонасида Эрон маданияти кўргазмаси намойиш этилди.

 

Динлараро мулоқот

Киев шаҳрида ўтказилган динлараро мулоқотни Александр Фелдман жамғармаси ва жаҳон инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш институти ташкил этди. Анжуманда Қуддус Патриархи Феофил III, Россия мусулмонлари идораси раиси Нафиғулла Аширов, Дониед-Лама, Оврупа кенгашининг собиқ бош котиби Валтер Швиммер, Иззи Лемберг, турли диний ташкилотлар вакиллари, журналист ва санъаткорлар иштирок этди. Йиғилишда турли динлар, конфессиялар вакилларининг дўстона алоқаларини тотувлик, ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик асосида тиклаш масалалари муҳокама қилинди.

 

Бирдамлик йўлида

Покистонда “Мусулмонлар ва Насронийлар бирдамлик йўлида” мавзуида халқаро анжуман ўтказилди. Уни Лаҳор шаҳридаги “Бодомий” жоме масжиди имом-хатиби Саид Муҳаммад Абдулкабир Озод ташкил қилди. Йиғилишда турли динларнинг беш юз нафардан кўп вакиллари иштирок этди. Покистон католиклар жамияти раҳбари Франциск Надим анжуманни юқори баҳолаб, эътиқоди турлича бўлган инсонларнинг ўзаро алоқаларининг янада ривожланишига хизмат қилишига ишонч билдирди. Бир неча йиллардан бери мамлакатда мусулмонларга раҳнамолик қилиб келаётган Абдулкабир Озод ўзининг бошқа дин вакиллари билан ҳам дўстона мунасабатда бўлиб келаётганлигини таъкидлади.

 

 Муҳим масалалар муҳокамаси

Ҳиндистоннинг Жайпур шаҳрида Ислом халқаро IX анжумани бўлиб ўтди. Тадбирда мамлакат Бош вазири Раджастхана Ашок Гехлот, Конгресс бош котиби Дигвиджей Сингх, Соғлиқни сақлаш вазири Кхани ва Таълим вазири Кишор Шарма қатнашдилар. Иштирокчилар диний таълим соҳасини ривожлантириш, талабаларни дарсликлар билан таъминлаш каби масалаларни кўриб чиқишди.

 

Азизхон ҲАКИМОВ тайёрлади.