ЗИЁРАТЧИЛАРГА ҚУЛАЙЛИКЛАР

Саудия Арабистони қироллиги Ҳаж ва Умра ибодатларини адо этиш учун ташриф буюрган зиёратчиларга қулайлик яратиш мақсадида қатор ишларни амалга оширди. Хусусан, Каъба ҳудудини кенгайтириш лойиҳаси доирасида икки қаватли пўлат қурилма ўрнатилди.

Лойиҳада ногирон зиёратчилар ҳам инобатга олинган. Энди тавоф ҳудудига бир вақтнинг ўзида 1700 та ногиронлар аравачаси сиғиши мумкин.

 

ЯНГИ ШАҲАРЧА ҚАД КЎТАРАДИ

Саудия Арабистони ҳукумати Макка яқинида янги шаҳарча барпо қилмоқчи. “Макка дарвозаси” деб номланган ушбу лойиҳа давлат ва хусусий ширкатлар ҳамкорлигида амалга оширилади. Қарийб 83 миллион квадрат метр майдонни эгаллайдиган мазкур шаҳарчада таълим масканлари, давлат муассасалари, савдо марказлари, турар жойлар ҳамда миллий боғ бунёд этилади.

Кейинги йилларда мамлакат аҳолиси ва зиёратчилар сонининг тобора ортиб бораётгани сабабли, қироллик яна бир қатор шаҳарчалар қуришни режалаштирган. Хусусан, шу йил ёзда ҳукумат “Pilgrim city” (“Зиёратчилар шаҳри”) лойиҳаси тасдиқдан ўтганини эълон қилди. Мадина шаҳри атрофида қурилиши мўлжалланган ушбу шаҳарчада меҳмонхоналар, турар жой бинолари, темирйўл станцияси, автобус бекатлари, давлат муассасалари ва шифохона қад кўтаради.

“Мега Сити” деб номланган яна бир янги шаҳарча эса 20 миллион квадрат метр майдонни эгаллайди. Жиддадан 150 км шимолроқда бунёд этиладиган ушбу масканда ҳам замонавий шифохоналар, нефт-кимё корхонаси, мактаблар, турар жой бинолари қурилиши мўлжалланган.

 

ДУНЁДА ЭНГ КАТТА МЕҲМОНХОНА

2016 йилда Саудия Арабистонида дунёдаги энг катта “Holiday Inn” меҳмонхонаси фойдаланишга топширилиши режалаштирилди. Inter Continental Hotels Group ҳамда Саудия уй-жой ширкати ҳамкорлигида қуриладиган улкан меҳмонхона Макканинг тижорат марказига яқин жойда бунёд этилиб, 1238 та хонадан иборат бўлади. Ҳукумат “Holiday Inn” тобора кўпайиб бораётган зиёратчилар ва барча сайёҳларнинг талабларига тўлиқ жавоб беришига умид қилмоқда.