Текис йўллар қурилади

Саудия Арабистони Қироллиги мамлакатда транспорт тизимини янгилаш лойиҳасини маъқуллади. Лойиҳа бўйича Риёз, Жидда, Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунавваранинг автомобил йўллари таъмирланади. Шунингдек, у тўртта изли, саксон саккизта бекатга эга, узунлиги бир юз саксон икки километрлик метро барпо қилишни ҳам ўз ичига олади. Ўн олти миллиард доллар маблағ кетадиган лойиҳани ўн йил муддатда амалга ошириш режалаштирилган. Бунинг учун ҳукумат бу ишга алоқадор барча вазирликлар ҳамда мамлакатдаги энг йирик ширкатларни жалб қилмоқда.

124 ёшли отахон

Бир юз йигирма уч ёшни қаршилаган Мусо ота дунёда энг ёши улуғ эркакдир. Отахон уч марта уйланган, ўн икки нафар фарзанди ва олтмиш беш нафар набираси бор. 1889 йили Туркиянинг Қаҳрамонмараш вилояти Туркўғли туманида туғилган. У Усмонлилар давридан тортиб, ҳозиргача ўтган тарихнинг тирик гувоҳидир. Мусо ота ҳануз жисмонан тетик ва бақувват. Ундан узоқ умр кўриш сирлари ҳақида сўрашганида, бундай жавоб берди: “Ичкилик ичмадим, тамаки чекмадим, беш маҳал намозни адо этиб, ҳалол меҳнат қилдим – болаларимни деҳқончилик қилиб боқдим”.

Санъат асарлари

Париждаги Лувр музейида “Ислом санъати” бўлими очилди. Унда ўн саккиз минг дона қадимий буюм кўргазмага қўйилди. Кўргазмада VII – X асрларга оид экспонатлар, XI – XIX асрларда яшаб ўтган маданият арбобларининг нодир асарлари намойиш этилди. Бўлимнинг иккинчи томонида қадимий гиламлар тўплами, Сурия усталари ясаган темир буюмлар, Усмонлилар салтанати давридаги сопол идишлар ва Мамлук амирлари ишлатган шахсий анжомлар бор. “Ислом санъати” бўлими биносини машҳур архитекторлар Марио Беллини ва Руди Риччиоттилар чизишган. Унинг умумий майдони уч минг беш юз квадрат метрдан иборат. Томи ойнали, чеккалари зарҳал билан ишланган. Бинонинг таъмири ва Ислом санъати асарларини йиғишга юз миллион евро сарфланган. Маблағнинг асосий қисмини Саудия Арабистонининг “Волид ибн Талол” жамғармаси ҳадя қилган.

Хатна қилишга рухсат

Олмонияда барча дин вакиллари қатори мусулмонларнинг ҳам ҳуқуқларини ҳимоя қилишга аҳамият бериляпти. Мамлакат Ахлоқ-одоб кенгашининг Кёлн шаҳрида ўтказилган йиғилишида ўғил болаларни хатна қилишга доир мусулмонлар илтимосномасини кўриб чиқди ва маъқуллади.

Инсон ҳуқуқлари

Миср Араб Республикасининг “Табнак” ахборот агентлиги хабар беришича, Араб давлатлари иттифоқи ҳузурида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси тузиляпти. Қўмита раҳбарлиги Миср инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти вакили Амин Маҳдий зиммасига юклатилган. У бу соҳада кўп йиллик тажрибага эга. Қўмита араб мамлакатлари фуқароларини ирқи, миллати ва эътиқодидан қатъи назар ҳартомонлама ҳимоя қилиш билан шуғулланади. Ушбу лойиҳа Баҳрайн ҳукумати ташаббуси билан ҳаётга татбиқ этилди.

Оврупа йиғини

Албаниянинг Дуррас шаҳрида Оврупа вазирлар қўмитасининг навбатдаги йиғини бўлиб ўтди. Йиғилиш “Оврупа ёшларининг конфессиялар фаолиятида тутган ўрни” мавзусига бағишланди. Анжуманда халқаро ташкилот вакиллари, олимлар, диншунослар ва турли конфессия вакиллари иштирок этишди. Бу йилги тадбирга мезбонлар – албанияликлар раислик қилди. Йиғинда Албаниянинг саёҳат, маданият, ёшлар ва спорт вазири Алдо Бумчи сўзга чиқиб, бундай мажлисларнинг мунтазам уюштирилиши диндорлар ўртасидаги дўстона алоқалар кучайишига, яхши натижалар беришига ишонч билдирди. 2008 йилдан бери анъанага айланган тадбир олдин Страсбург, кейин эса Охрида ва Люксембургда ўтказилган.

Сифатли маҳсулот

Ҳозир ер юзи аҳолисининг йигирма уч фоизи, яъни қарийб бир миллиард эллик етти миллион нафари Ислом динига эътиқод қилади. Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирлиги, Қатар, Баҳрайн, Малайзия ва Индонезия каби мусулмон давлатлари ўз халқини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашга жисмонан ва географик жиҳатдан имкониятга эга эмас. Шунинг учун улар чет элдан ярим тайёр маҳсулотларни харид қилишади. Мусулмон оламида сут ва гўшт маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича Янги Зеландиянинг “New Image” ширкати энг илғордир. Ширкат маҳсулотларни темир, елим ёки шиша идишларда чет эллик мижозларга тақдим қилади. Унинг маҳсулотларига талаб тобора кўпаяётгани ва тез орада шуҳрат қозонишининг боисини мутахассислар халқаро гигиена қоидаларига қатъий риоя қилиши, покиза, сифатли ва ҳалол йўл билан тайёрлаши деб ҳисоблашди.

Нотиқлик санъати

Кавказ мусулмонлари идораси ва диний таълимни ривожлантириш бўйича қўмита билан ҳамкорликда анжуман ўтказди. Тадбир “Диний арбоблар жаҳон нотиқларидир” шиори остида бўлиб ўтди. Йиғилишда элликдан ортиқ дин арбоблари, олимлар ва халқаро ташкилот вакиллари иштирок этишди. Анжуман қатнашчилари масжид имомларининг ҳозирги замонда тутган ўрни, мақсад ва вазифалари ҳақида сўз юритишди. Имом намунали, юқори савияли, зукко ва олий маълумотли бўлиши ҳамда қавмга маъруза қилаётганда ёки гаплашаётганда нотиқлик санъати билан чиройли тарзда тушунтириб бера олиши кераклиги эътироф этилди.

Миссисо кўчаларида

Канаданинг Онтарио вилояти, Миссисо шаҳри кўчаларида мусулмонлар ҳафталиги ўтказилди. Ўнинчи йил кетма-кет бўлиб ўтаётган анъанавий бу тадбир доирасида бадиий кўргазмалар, филмлар, концерт ва томошалар намойиш этилди. Етти кунлик кўргазмада йигирма беш минг нафардан ортиқ Ислом ва бошқа дин вакиллари иштирок этишди. Бундай тантанани Ислом уюшмаси ташкиллаштирди. Анжуман орқали мусулмон аҳолининг дўстлиги, тотувлиги ва замонавийлигини акс эттирилди.

Хитойда Ислом маданияти

Истанбул шаҳрининг Фотиҳ туманида очилган кўргазмада Қуръони каримнинг хитой тилидаги дунёда энг улкан тафсирининг нашри намойиш этилди. Китобнинг бўйи икки юз саккиз сантиметр, эни бир метру ўн тўрт миллиметр, оғирлиги эса саксон олти килограм. Мусулмонлар учун турли буюмлар ишлаб чиқарувчи ширкат раҳбари Юсуф Суюн шарҳни кўчириш ва безашда хитой хаттотлик ва наққошлик санъатидан кенг фойдаланган. Уни тайёрлаш учун икки ярим йил давомида етмиш киши ҳаракат қилган экан. “Хитойда Ислом маданияти ва санъати” доирасида ўтказилган ушбу анжуманда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадиси шарифларининг уйғур тилидаги кўринишлари ҳам намойиш этилди.

Янги президент

Сомали парламенти депутатлари мамлакат миллий университети собиқ ўқитувчиси Ҳасан Шайх Муҳаммадни президент лавозимига тайинлади. Иккинчи номзод Шайх Шариф Аҳмадга бир юз тўқсон нафар депутатдан етмиш тўққиз нафаригина овоз берди. Давлатнинг янги раҳбари олдин Могадишо университетини битириб, Ҳиндистоннинг Бхопал университетида магистрликни ҳимоя қилган. Кўп йиллаб университет талабаларига дарс бериб келган. 2010 йилдан бошлаб “Ривожланиш” партиясини бошқарган. Ҳасан Шайх Муҳаммад халқ фаровонлиги учун бор куч-ғайратини ишлатишга ва мамлакатни оғир аҳволдан олиб чиқишга ваъда берди.

Анжуман иш бошлади

Хитойнинг Нинся Хуэй автоном вилояти пойтахти Инчуан шаҳрида покиза маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва савдосини ривожлантириш бўйича халқаро анжуман бўлди. Тадбирда мусулмон мамлакатлардан келган беш юздан ортиқ халқаро ширкат ва институт вакиллари иштирок этишди. Араб мамлакатлари, Малайзия ва Индонезия каби мамлакатлардан ташриф буюрган қатнашчилар бу соҳадаги ютуқлари билан ўртоқлашишди. Ҳозир Хитойда Ислом динига эътиқод қилувчи йигирма уч миллион аҳолининг икки миллион бир юз етмиш минг нафари Нинся Хуэй автоном вилоятида истиқомат қилади.

Давра суҳбати

Қозон шаҳридаги Ислом университетида диний ташкилотлар иштирокида давра суҳбати ўтказилди. Анжуман “Экстремизмга қарши кураш” мавзуига бағишланди. Тадбир қатнашчилари мавзуга доир долзарб маърузалар билан сўзга чиқишди. Турли динлар, конфессиялар вакиллари фикрларини изҳор этар экан, бузғунчилик дунёдаги барча дин вакилларига ҳам баробар терс эканини таъкидлашди. Унинг олдини олиш учун эса диний ташкилот вакиллари орқали халққа тушунтириш олиб бориш ҳамда ёшларга яхши тарбия бериш кераклиги қайд қилинди.

 

Азизхон ҲАКИМОВ тайёрлади.