Гонконг анжумани

Ислом молияси бўйича халқаро кенгаш навбатдаги мажлисини ўтказди. Икки кун давом этган тадбирда халқаро банклар уюшмаси, Ислом ва Осиё тараққиёт банклари раҳбарлари, турли мамлакатлардан келган ташкилот вакиллари ва ишбилармонлар иштирок этишди. Ислом сармоясини ривожлантириш, уни кўчмас мулк савдосига тикиш ҳамда пул айланмасини орттириш масалалари муҳокама қилинди. Мажлис сўнгида кенгашнинг навбатдаги ишлари ҳақида келишиб олинди.

ИҲТ анжумани

Боку шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилотининг “Ёшлар – 2013” анжумани ўтказилди. Унда Озарбойжон президенти маъмуриятининг сиёсий тафтиш ва ахборот таъминоти бошлиғи Элнур Аслонов, Кавказ мусулмонлари идораси раиси, муфтий Оллоҳшукур Пошшозода, мамлакатдаги элчихоналар вакиллари ва бошқалар қатнашди. Тадбир иштирокчилари ушбу лойиҳа ҳақида фикр билдириб, маърузалар ўқишди. Дин, таълим, спорт ва тадбиркорлик соҳаларидаги қобилиятли ёшларга мақтов ёрлиқлари берилди. “Бугун ёшларнинг мана шундай кенг қамровли, зукко, замон талабларига жавоб берадиган ва соҳасига масъулият билан ёндашадиган бўлиб етишаётганлари бизни қувонтиради,” деди Оллоҳшукур Пошшозода.

Дубай савдо кўргазмаси

Бирлашган Араб Амирлигининг Дубай шаҳридаги жаҳон савдо марказида кўргазма-савдо ташкил қилинди. Тадбир Зулҳижжа ойининг 10 – 19 сентябр кунлари ўтказилди. Мижозларга бутун дунёдан келтирилган кийим-кечак, пардоз-андоз буюмлари, мебел, автомашина, тиббий жиҳозлар ва турли хил маиший техника арзон нархларда таклиф этилди. Кўргазмага йигирма мингдан ортиқ мижоз ташриф буюрди.

Алоқалар ривожланмоқда

Байрут шаҳрида Эрон Ислом Республикаси президенти раҳнамолигидаги инновацион ва технологик ҳамкорлик маркази раҳбари Ҳамидризо Амириния билан Ливан қишлоқ хўжалиги вазири Ҳусайн Ҳаж Ҳасан учрашди. Суҳбат чоғида қишлоқ хўжалиги, технология, тиббиёт, таълим ва бошқа соҳалардаги алоқаларни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди. Мамлакатлардаги соҳа мутахассислари ҳамда Ливан миллий университети ва Эрондаги олийгоҳлар мударрислари ўзаро тажриба алмашишига келишилди. “Бундай алоқалар тез орада ижобий натижалар беради,” деди Ҳусайн Ҳаж Ҳасан.

Республикадага энг катта масжид

Ўш шаҳрида Қирғизистоннинг энг катта “Сулаймон Тоо” жоме масжиди очилиш маросими бўлиб ўтди. 2008 йилда бошланган икки қаватли бино қурилиши тўрт йилда битди. Жоме хонақоҳига беш минг нафар, икки ҳайит намозларида эса ҳовлиси билан бирга йигирма минг нафар намозхон сиғади. Очилиш маросимида давлат раҳбари Олмозбек Атамбоев қатнашди. У мусулмонларнинг эмин-эркин ибодат қилишлари учун яратилган бундай шароитдан мамнун эканини билдирди ва ажойиб мажмуанинг барпо этилишида меҳнати сингган барча ташаббускор шахсларга миннатдорлик изҳор этди.

Қуръони карим кўргазмаси

20 октябр куни Эрон Ислом Республикасининг миллий кутубхонасида Қуръони каримнинг қўлёзма нусхалари кўргазмаси бўлиб ўтди. Тадбирда турли ҳажмдаги ва миниатюра услубида яратилган кўпгина нодир қўлёзма нусхалар намойиш этилди. Эронда биринчи марта ўтказилган бу тадбир барча илм аҳлини ўзига жалб этди.

Хайрия тўйи ўтказилди

Ғазо секторида эллик нафар ногиронларнинг никоҳ тўйи бўлиб ўтди. Тадбир Италия хайрия уюшмаси томонидан “Ғалабага интилиш” шиори остида ўтказилди. Тантанада Фаластин ва Араб мамлакатларининг таниқли санъат усталари концерт беришди. Куёвлар Ғазо секторида бўлиб ўтган жангда жароҳат олган ватанпарварлардир. Иштирокчилар бу тадбир шол, кўр ва қўл-оёқсиз қолган забардаст инсонларга кўрсатилган эҳтиром экани ва бундай савобли ишлар мунтазам ўтказилиши мақсадга мувофиқлигини таъкидлашди.

Қорилар мусобақаси

Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида халқаро Қуръони карим мусобақаси бўлиб ўтди. Унда МДҲ давлатларидан келган йигирма беш ёшгача бўлган қирқ икки нафар вакил иштирок этди. Анжуман Тожикистон Ислом маданияти маркази, “Эҳсон хайрия” жамғармаси, Саудия Арабистонининг Ислом олами уюшмаси ҳамда Қувайт мусулмонлари уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилди. Уч босқичли мусобақада Қуръони каримнинг ўттиз, йигирма ва ўн порасини ёд олган қорилар беллашди. Саудия Арабистони ва Қувайт, Эрон ва бошқа мамлакат вакиллари ҳакамлик қилишди. Бундай кенг доирадаги халқаро мусобақа Тожикистонда биринчи бора ўтказилди. Ғолиблар мақтов ёрлиғи ва пул мукофоти билан тақдирланди.