Луврда Ислом бўлими

Дунёдаги энг катта музейлардан бири – Париждаги Лувр музейида Ислом санъати ва маданияти бўлими очилди. Кўргазма Луврнинг уч минг квадратдан иборат Висконти залига жойлаштирилди. Бўлимнинг ташкил этилишига Ислом динига оид нодир асар ва экспонат нусхаларининг бой мероси сабаб бўлди. Бу ерга дастлаб Исломий экспонатлар 1922 йилда олиб келинган. Янги лойиҳа бўйича текстил материалидан бўлак VII – XIX асрларга оид барча турдаги ноёб буюм намуналари намойишга қўйилди. Луврда ҳозирга қадар ўн олти мингдан ортиқ экспонатдан атиги икки минг уч юзтаси кўргазмага қўйилган эди. Энди бой мерос тўлалигича намойиш этилади. Ҳар бир экспонат остига қисқа изоҳ берилган. Зиёратчи Ислом оламининг Атлантикадан тортиб Ҳиндистонгача бўлган тарихига сайр қилиши мумкин. Кўргазмага қўйилган энг ноёб ёдгорликлар Қуръони карим қўлёзмалари ва Араб ярим оролидаги қиролликлар саройларида ишлатилган турли буюмлардир.

Банк тизими

Жанубий Африка Республикаси аҳолисининг турли динлар вакилларида ҳам Ислом банк тизимига қизиқиш тобора ортиб боряпти. Ислом банкига қўйилган маблағдан қимор ўйини, спиртли ичимлик ишлаб чиқариш ёки шариатга зид бошқа ниятда фойдаланилмаслиги мижозлар ишончини оқлаяпти. Ҳозирча ЖАРда Ислом банки тизими хизматларидан фойдаланувчилар сони юз мингга етди. “Ширкат катта, ўрта ёки кичик бўлишидан қатъи назар, бу тизимда ишлаш жуда қулай ва ишончлидир. Бунинг боиси айланмадаги маблағнинг тижорат юргизиш, маиший хизмат маҳсулотини ишлаб чиқариш каби барқарор соҳаларда қўлланишидир. ЖАР молия вазирлиги биринчи Исломий қимматбаҳо қоғозларни ишлаб чиқишни режалаштираётгани ҳам бежиз эмас”, – дейди ABSA банки чакана савдо бўлими бошлиғи Арри Раутенбах.

Боку Ислом университети

Озарбойжоннинг Боку Ислом университети 2009 йилдан бери фаолият олиб боради. Унда мамлакатнинг энг кучли мутахассислари дарс беришади. Шунингдек, араб давлатларидан ҳам профессор-ўқитувчилар таклиф қилинган. Шу вақтгача олий ўқув даргоҳини икки минг икки юз ўттиз беш нафар талаба битирди. Олийгоҳдаги Исломшунослик ва шариат факултетларида шариат ва Ислом асослари, умумий фанлар ҳамда тил кафедралари бор. Ҳозир билим ўчоғида бир минг икки юз саксон олти нафар талаба диний таълим билан бир қаторда дунёвий фанлардан ҳам сабоқ олишади.

Қадимий иншоот

Эрон Ислом Республикасининг Исфахон шаҳридаги жоме масжиди ЮНЕСКО халқаро ташкилотининг қадимий осори-атиқалари рўйхатига киритилди. Ушбу жоме саккиз юз қирқ биринчи йилда бунёд этилган. Майдони йигирма минг квадрат метрдан иборат бу ибодатхона Ўрта Осиёда ўша даврларда барпо этилган иншоотлардан ўзига хос меъморчилик санъати билан фарқ қилади. Сосонийлар сулоласи даври ҳамда XII аср бинолари тимсоли бўлган мазкур мажмуанинг тўртга бўлинган ички ҳовлиси бор. Унинг қовурғасимон икки қобиқли гумбази кўзни қамаштиради. Деворларидаги ажойиб безаклар Ислом қадимий маданиятининг тимсолидир.

Таржима ва тафсир

Ҳозиргача Қуръони карим дунёнинг бир юз қирқ саккиз тилига таржима қилинган. Яқинда яна қирқ тилга таржима қилиш режалаштирилаётгани ҳақида Эрон Ислом Республикасининг маданият ва ахборот вазирининг ўринбосари Ҳамид Муҳаммадий матбуот анжуманида баёнот берди. Мухбирлар билан суҳбатда вазирлик ҳомийлигида Қуръони каримнинг уч миллион нусхаси босилишини айтди.

Қўшнинг тинч – сен тинч

Саудия Арабистони қироли Абдуллоҳ ибн Абдулазиз Фаластинга юз миллион доллар миқдорида ёрдам маблағи ўтказди. Саудия Арабистони келгусида бу яна ёрдам қилиш ниятида эканини билдирди. Беғараз ёрдам учун Фаластин ҳукумати миннатдорчилик изҳор этди. Фаластиннинг Риёздаги вакили Жамол Шобаки мамлакат оёққа туриб олиши учун камида ярим миллиард доллар зарурлигини қайд этди.

Ўтганларни ёд этиб

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) даврларида бир қанча саҳоба Макка мажусийларидан қочиб Ҳабашистон (Эфиопия)га паноҳ сўраб борган ва Ҳабашистоннинг одил подшоҳи Нажжоший мусулмонларни ўз қарамоғига олган эди. Одил подшоҳ қаноти остида қолиб кетган ўн икки саҳоба Эфиопиянинг Микел шаҳридаги қабристонга дафн этилган. Эфиопияга сафари пайтида Туркия раҳбарияти улуғ инсонлар мақбарасини зиёрат қилди ва оммавий ахборот воситалари ходимларига интервю берди. Шундай буюк инсонлар руҳларини шод қилиб, уларга бағишлаб Қуръони карим тиловат қилиб туриш, қадриятларини тиклаш ва қадамжоларини асраб-авайлаш мусулмонларнинг вазифаси эканини таъкидлади.

Қорилар ташрифи

Украинага Миср ҳамда Саудия Арабистонидан шайхлар ташриф буюришди. Улар ёш бўлишига қарамасдан, Ислом оламида яхши танилган. Қорилар “Ал-Азҳар”, “Уммул Қуро” ва Мадина Ислом университети каби машҳур илм даргоҳларининг Қуръон илми факултети битирувчиларидир. Украиналик мударрис ва талабалар уларнинг маъруза ва тиловатларидан баҳраманд бўлишди.

Азизхон ҲАКИМОВ тайёрлади.