МАЪНАВИЙ МЕРОС

“Ал-Азҳар” шайхи Аҳмад Тоййиб университет кутубхонасида сақланган Қуръони каримнинг XIX асрга оид нусхаси Францияда савдога қўйилишига қарши халқаро ташкилотларга мурожаат қилди. У Миср маданияти бойликларини очиқ савдога қўйиш барча халқаро конвенцияларга хилоф эканини таъкидлади. Ушбу ноёб қўлёзма Наполеон Бонопартнинг Мисрга қилган юришида Оврупага олиб кетилган. Нодир нусха кийик терисига кўчирилган, муқовасига тилла ҳал юргизилиб, саҳифалари нафис нақшлар билан безатилган.

ЕРОСТИ ШАҲРИ

Туркиянинг Чорум­ шаҳридаги йўл қури­лишида ерости шаҳарчаси топилди. Қадимшунослар бу ерда фақат ғор эмас, балки бир-бирига ўта­диган йўллар, бинолар ва уйлар борлигини аниқ­лашди. Ерости шаҳарчасининг узунлиги етти километр, уйлар ва ибодатхоналарнинг ҳар бири тахминан ўн-ўн уч квадрат метрдан. Чорум музейи раҳбари Ўндар Ипак топилманинг Византия даврига оид экани ва мамлакат яна бир тарихий мулкка эга бўлганини таъкидлади.

ҚИММАТБАҲО ТАНГА

Қозоғистонда дунёдаги энг машҳур масжидлар, тарихий обидалар ва қадамжолар сурати туширилган тилла танга муомалага кирди. У соф олтиндан ясалган, оғирлиги 3,11 грам, айланаси 16 миллиметр, қиймати 500 қозоқ тангасига тенг. Танга мамлакат ҳудудида харид қилиш, пул қўйиш, тўлов, қарз, валюта алмаштириш ёки бошқа хизматлар учун баробар кучга эга. Илк зарб этилган тангаларда 2004 йили Индонезиядаги даҳшатли сув тошқинидан омон қолган “Байтур Раҳмон” масжиди акс эттирилди.

ЯНГИЧА ИШЛАШ УСЛУБИ

Жаҳонда исломий банклар, суғурта ширкатлари ва жамғармалар ишлаш тизими қайтадан кўриб чиқилди. Ислом молияси тизимини назорат қилувчи халқаро ташкилот мижозлар билан муомала қилиш услубининг энг қулай ва фойдали томонларини тавсия этди. Қароргоҳи Баҳрайннинг Манама шаҳрида бўлган ушбу халқаро уюшма барча банк ва жамғармаларга маслаҳатлар, йўриқномаларини беради.

ИНСОНПАРВАРЛИК ЁРДАМИ

Эфиопия, Сомали, Кения, Эритрия ва Жибути каби Африка мамлакатларида иқлимнинг кескин ўзгариши деҳқончилик, боғдорчилик ва чорвачиликка салбий таъсир кўрсатди. Ҳаддан зиёд исиш сўнгги олтмиш йил ичида илк бор кузатилди. Ўн бир миллионга яқин африкалик озиқ-овқат ва дори-дармон танқислиги шароитида қолди. Ислом ҳамкорлик ташкилоти келишилган тартибда моддий ёрдам кўрсатди. Ташкилотнинг Могадишо шаҳридаги ваколатхонаси орқали барча керакли маҳсулотлар етказиляпти. Саудия Арабистони олтмиш миллион, Қувайт ўн миллион ва Судан юз минг доллар хайрия маблағи ажратди. ИҲТга аъзо бошқа мамлакатлар ҳам хайрия ишига ҳисса қўшишяпти.

ЯНГИ МУЗЕЙ

22 ноябр куни Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида Ислом санъати музейи очилди. Ушбу санъат саройи тўқсон бир ёшли хитойлик машҳур меъмор чизмаси асосида барпо этилди. У Мисрдаги “Ибн Тулун” ва Испаниядаги “Қамбра” қадимий масжидлари тарҳидан андоза олган. Мутахассислар музей Қатар рамзига айланишини айтишмоқда. Бинонинг олд томони араб меъморлигига хос шишали тўртбурчак ойналардан ишланган. Кўргазмалар залида VIII–XIX асрларга оид қўлёзмалар, кулолчилик ва тўқимачилик буюмлари, темирдан ишланган санъат асарлари намо­йиш этилади. Музей ҳозирдан Лондон, Нюйорк, Париж, Касабланка, Қоҳира шаҳарларидаги машҳур музейлар билан тажриба алмашиш бўйича беш йиллик шартномани имзолади.

РАССОМЛАР БЕЛЛАШУВИ

Саудияда “Маккага муҳаббат” шиори остида Ислом санъати ва маданияти мусобақаси ўтказилади. Тадбир ташаббускори саудиялик санъат арбоби Юсуф Жамил. Дунёнинг энг машҳур рассомлари миллий анъаналарига хос услубда шаҳар деворларини безашади. Беллашув шаҳарнинг йигирмадан ортиқ кўчасида бўлиб ўтади. Юсуф Жамил чизиладиган суратларни интернет орқали намойиш этишни ҳам кўзда тутган.

ТАНЛОВ

Қозоғистоннинг Кокшетау шаҳрида ўзига хос, янги масжид қурилиши лойиҳаларининг тендери ўтказилди. Танловда “Қарағанда” масжидини бе­заган «Kagan Engineering» уюшмаси чизмаси ғолиб чиқди. Лойиҳага кўра, масжиднинг олд қисмига девор бўйлаб Аллоҳнинг тўқсон тўққиз гўзал исми туширилади. Жоменинг ички қисмини безашда суюқ тилла ишлатилади. Ўн икки метрлик қубба, етти метрлик қандил, мармар устунлар ва фируза рангли деворлар мажмуани бетакрор меъморлик санъати намунаси даражасига кўтаради.

ХАЛҚАРО ТАДБИР

Хитойнинг Гуанжу шаҳрида ҳар йили баҳор ва куз фаслларида ўт­кази­ладиган “Кантон” хал­қаро кўргазмасининг эллик уч йиллик тўйи нишонланди. Ушбу тадбирни кўргазманинг доимий иштирокчилари ва тадбиркорлардан иборат гуруҳ ташкил этди. Йиғинда жаҳоннинг қирқ саккиз мамлакатидан ташриф буюрган турли миллат ва дин вакиллари қатнашди. Мунтазам ўтказиладиган анжуманда деярли барча соҳа эгалари ўзларининг янги маҳсулотлари ва ихтиролари билан тажриба алмашди. Оддий ишлаб чиқариш ускуналаридан тортиб, нодир санъат асарларигача намойиш қилинади. Бу анъана 1953 йилдан бери давом этяпти.

КЕЛАЖАК САРИ

Саудия Арабистони дунёда энг кўп нефт ишлаб чиқарадиган давлатлардан биридир. Мамлакат Аллоҳ таоло берган қора олтиндан аёвсиз фойдаланмоқда. “Citigroup” таҳлил ширкати мутахассислари бу ҳақда фикрларини изҳор этди. Ҳисобга кўра, мамлакат аҳолиси учун қазиб олинаётган ёнилғининг тўртдан бир қисми кифоя экан. Нефтни тўхтовсиз чет элга сотиш 2030 йилга бориб салбий таъсирини кўрсатиши мумкин. Ушбу маҳсулотга эҳтиёж кўплиги ва йил сайин нархи ортиши табиий. Мутахассислар йигирма йилдан сўнг мамлакат ўз эҳтиёжи учун худди шу нарсани камида икки баробар қимматга сотиб олиши мумкинлигини таъкидлашяпти.

ҚАРОР КУЧГА КИРАДИ

Қувайт вазирлар маҳ­камаси хориждан келиб ишловчиларга яхши шароит яратиш, ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳақида қарор қабул қилди. Ишчиларга моддий ва маънавий ёрдам бериш ҳақидаги қонун барча мусулмонларни қувонтирди. Давлат палатаси муҳожирлар маҳаллий аҳолининг оғирини енгил қилаётгани ва уларга катта кўмак бераётганини ҳисобга олиб, ушбу қонунни маъқуллади. Лойиҳа­да уларнинг визаларини бепул расмийлаштириш ва маошидан ташқари маблағ ажратиш ҳам кўзда тутилган.

БРЮССЕЛДА ТАДБИР

Брюссел мусулмонлари уюшмаси Ислом маданияти кўргазмасини ташкил қилди. Икки ҳафта давом этган кўргазмада мамлакатдаги ширкатлар маҳсулотлари намойиш этилди. Унда икки юз эллик минг нафар мусулмондан ташқари ҳудудда истиқомат қилувчи бошқа дин вакиллари ҳам иштирок этишди. Тадбир доираси илмий-амалий анжуманларни ҳам ўз ичига олган. Қатнашчилар бир-бирлари билан жонли мулоқотда бўлиб, тажриба алмашдилар.

ҲАМДЎСТЛИК БИТИМИ

Донецк шаҳрида “Ис­лом­­шунослик” мавзуида II халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилди. Тадбирда давлат ва дин арбоблари ҳамда мамлакатдаги халқаро ташкилот вакиллари иштирок этди. Анжумандан кейин Молдова мусулмонлар уюшмаси ва Украина мусулмонлари идораси ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик шартномаси имзоланди. Битимда икки халқ ўртасида минг йиллик тарихга эга дўстлик ришталарини уйғунлаштириш, тажриба алмашиш ва бир-бирини қўллаб-қувватлаш кўзда тутилган.

ИСЛОМ МАРКАЗИ ОЧИЛДИ

Сўнгги беш йил мобайнида Американинг Миссури штати мусулмонлари сони икки баробар ортди. Шу вақтгача одамлар намозни кўча ва йўлакларда ўқиб юришар эди. Миссури штатининг Ролла шаҳрида очилган исломий марказ бу муаммони бир оз бўлса-да, ечишга ёрдам беради. Марказда масжид, дарсхоналар ва болалар ўйин майдончаси бор. Бу ерда мусулмонлар оилалари билан эмин-эркин ибодат қилишлари ва диний билим олишлари мумкин. Қурилиш харажатлари Америка мусулмонларидан тушган хайр-эҳсон ҳисобидан қопланди.

ҚУРЪОНИ КАРИМ ИМО-ИШОРА ТИЛИДА

Иорданиядаги Қур­ъ­­­о­ни каримни сақлаш жамия­ти биринчи бор қулоғи оғир, карлар учун Қуръони карим DVD дискини чиқарди. Ушбу диск карларга имо-ишора ёрдамида Аллоҳ каломини ёритиб беради. “Диск ёзиш учун беш йил сарфладик, – дейди лойиҳа иш бошқарувчиси Аҳмад Ийд. – Қуръон шарҳларини ўрганиб чиқиб, энг содда шаклини олдик. Ўттиз пора олтмишта дискка сиғди. Кейинчалик бундай дискларни ҳадя сифатида тарқатишни режалаштиряпмиз”.

ЧИТА ТАРИХИЙ МАСЖИДИ

Бойқолорти ўлкаси жоме масжиди шу йили бир юз беш ёшни нишонлайди. Бу атрофда ўн тўрт минг аҳоли учун ягона масжиддир. XIX аср бошида бунёд этилган тарихий обида бир неча йиллар омборхона ва ётоқхона вазифасини ўтаган. 1993 йилдагина масжид сифатида фойдаланиш йўлга қўйилди. Ҳозир уни таъмирлаб, яна қўшимча бир хонақоҳ барпо этиляпти.

Азизхон ҲАКИМОВ тайёрлади.