Йилнинг энг яхши ахборот телеканали

Буюк Британияда ўтказилган танловда “Йилнинг энг яхши ахборот телеканали” совринини “Ал-Жазира”нинг инглиз тилидаги лойиҳаси қўлга киритди. Ушбу телелойиҳа беш йилдан бери эфирга узатилади. У оммавийлиги жиҳатидан “ВВС News” ва “Sky News” хабар узатувчиларидан ўзиб кетди. Айниқса, жонли репортаж, интервю ва энг муҳим воқеалар ҳақидаги тезкор лавҳалар “Ал-Жазира”га обрў келтирди.

 

Чекишга қарши кураш

Озарбойжонда тамаки махсулотлари истеъмолини камайтириш йўлида қатъий қарорлар қабул қилиняпти. Мамлакатда ўн саккиз ёшга тўлмаган ўспиринларга тамаки сотиш тақиқланди. Уларга тамаки маҳсулотлари сотган шахсларга юз эллик манат жарима белгиланди.

 

Фармон кучга кирди

Муҳтарам Юртбошимизнинг “Спиртли ичимлик ва тамаки маҳсулотлари савдосини қисқартириш” ҳақидаги фармони шу йил 1 апрелдан кучга киради. Фармонга кўра, болалар боғчалари, мактаблар, ўқув юртлари, диний ташкилотлар ва спорт муассасаларидан камида беш юз метр атрофда спиртли ичимликлар ва тамаки маҳсулотлари савдоси тақиқланади. Фармон ёшларни соғлом руҳда тарбиялаш ишига хизмат қилиши шубҳасиз.

 

Душанбада анжуман ўтказилди

Шу йил 21 феврал куни Душанбада “Ўрта Осиёда Ислом динининг ривожланиши” мавзуида анжуман ўтказилди. Тадбирни “Осиё-плюс” ахборот гуруҳи ва Фридрих Эберт жамғармаси ташкил этди. Анжуманда Ислом дини таълимотларини тўғри англаш ва тинчликка таҳдид солаётган бузғунчи оқимлар фаолиятига чек қўйишга доир масалалар кўтарилди. Унда соҳанинг масъул ходимлари, турли халқаро ташкилотлар вакиллари қатнашди.

 

Уммонда ўтказилади

Араб санъати уюшмаси “Холид Шоман Дорат Фунун” жамғармаси билан бирга шу йил 3 – 4 июн кунлари Иордания пойтахти Уммон шаҳрида анжуман ва санъат дурдоналари кўргазмасини ўтказиш ниятида. Режага кўра анжуманда замонавий араб санъатининг жаҳонда тутган ўрни, мавқеи ҳақида сўз юритилади.

Банк ҳисоботи

Араб Банки уюшмаси Ислом банки бир йиллик иш натижаларини ҳисоблаб чиқди. Унга кўра, банк 2011 йил саккиз миллион бир юз минг доллар кирим қилган. Бу кўрсаткич 2010 йилдагидан икки юз тўқсон уч фоиз кўпдир. Ўтган йили ҳиссадорлар маблағи икки юз йигирма етти миллион долларни ташкил қилди. Бу ҳол жаҳон молиячиларининг ушбу банкка қизиқишини тобора орттирмоқда.

 

Бир тонналик китоб

Дубайда Пайғамбаримизнинг ҳаётлари ҳақидаги китоб тақдимоти бўлиб ўтди. Китоб катталиги ва оғирлиги жиҳатидан Гиннес рекордлар тўпламига киритилди. Бўйи беш метр, эни тўрт метр ва оғирлиги эса бир тонна бўлган ушбу қўлёзмани Дубай шаҳри амири ўринбосари, молия вазири Хамдон ибн Рашид Мактум тақдим этди. Тақдимотда ҳукумат аъзолари, дипломатлар ва олимлар қатнашди. Шайх Хамдон “Бу Муҳаммад ” деб номланган ушбу китобдан эллик нусха тайёрлашни буюрган. Мақсад уни дунёнинг турли бурчакларидаги диний ташкилотларга совға қилишдир.

 

Бош директор ҳиммати

Сибир ғарбидаги “Когалим” жоме масжидига “Лукойл” нефт ишлаб чиқариш ширкати бош директори Вагит (Воҳид) Алиакбаров борди. У Қуръони каримнинг милодий XII асрда кўчирилган нусхасини Югра ҳудуди муфтийи Тоҳир Саматовга тақдим этди. Шунингдек, у динлараро бағрикенглик ва ўзаро ҳамжиҳатлик тўғрисида ҳам сўзлаб, ширкат масжидлар ва черковлар қурилишига кўмаклашаётганини таъкидлади.

 

Қозон шаҳрида жамғарма

Татаристон Республикасида “Ийдул ҳаж” жамғармаси ташкил этилди. Муборак сафарга бориш истагида бўлганлар озми-кўпми сармоясини ушбу жамғармага қўйиб боради. Жамғарма мижозлардан йиғилган маблағни бинолар қуриб сотишга ва турли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қўшиб кўпайтиради. Кўриладиган соф фойда мижознинг ҳаж сафари харажатларини қоплашига замин яратади.

 

Университет кутубхонаси

Олмониянинг Оснабрюк университети кутубхонаси хазинаси янги китоблар билан тобора бойитилмоқда. Ҳозирча дунёнинг турли бурчакларидан келтирилган, Ислом динига доир беш минг дона китоб талабалар ихтиёрида. Ушбу университетда исломшунослик кафедраси 2009 йили очилган эди.

 

Интернет материаллари асосида тайёрланди.