Суриянинг Алеппо (Халаб) шаҳрида яшовчи ҳунарманд Муҳаммад Хадри Қуръони Карим матнини зардўзи ипда тикиб чиқди.

– Муқаддас Қуръонни каштага туширишни болалигимдан ният қилгандим. Ниҳоят, 12 йил деганда орзум ушалди, – дейди уста. – Зардўзлик санъатининг барча сир-асрорларини ўрганганимдан сўнг ишга киришдим. Аввалига баъзи оятларни алоҳида-алоҳида, кейин сураларни тикдим. 

Қора бахмал саҳифага махсус зар ип билан матни тикилган Китобнинг ҳар икки ярим пораси (жузи) биттадан чарм жилдга жойланган. Вазни 15 кг. Саҳифаларнинг бўйи 80, эни 60 сантиметр.

Уста ҳунарманд бу Қуръон китобини 8 йил мобайнида игна билан “кўчирган”. Сўнг­ра уч нафар имом  икки йил давомида уни ўрганиб, текшириб чиқишган. Яна икки йил муқовани ишлашга кетган.

Ушбу нодир Китоб Дубайда бўлиб ўтган кўргазмада намойиш этилди. Эндиликда уни жаҳоннинг бошқа давлатларида ҳам намойиш қилиш кўзда тутилган. Мазкур санъат асари матога тикилган илк китоб сифатида Гиннеснинг рекордлар китобига кириши кутилмоқда.

 

Интернетдан олинди