Табиатни асранг!

Ислом ҳамкорлик ташкилоти “Фикрлаб истеъмол қил ва асра” мавзуида анжуман ўтказди. Тадбирда ташкилотга аъзо давлат вакиллари, халқаро идоралар раҳбарлари ва дин арбоблари иштирок этди. Йиғилишда табиатга салбий таъсир кўрсатадиган, инсон соғлиғига зарар етказадиган кимёвий чиқиндиларни камайтириш ва табиий бойликлардан унумли фойдаланиш ҳақида маърузалар ўқилди. Қатнашчилар теварак-атрофни асраш, ўсимлик ва ҳайвонот оламини эҳтиёт қилиш бугунги куннинг долзарб вазифаси эканини таъкидлашди.

Ҳаёт ўзанига ­тушмоқда

Сурия халқи оғир қийинчиликларни бошидан кечирди, энди мамлакат ҳаёти секин-ас­та жой-жойига тушяпти. Лекин сиёсий қарама-қаршиликлар боис аҳоли маънавий ва моддий муаммоларга дуч келди. Мамлакатда турли даражада жароҳат билан шифохоналарга тушиб қолганлар, тиббий анжом ва дори-дармонга муҳтожлар ҳамда бошпанасиз қолган фуқаролар кўп. Уларни ки­йим-кечак, озиқ-овқат, вақтинча тураржой билан таъминлашга Саудия Арабистони ёрдам бермоқчи. Давлат бюджетидан ажратилган, алоҳида шахслар, ширкатлар ва жамғармалардан хайрия сифатида йиғилган маб­лағ етмиш икки миллион ўттиз уч минг доллар бўлди.

Ҳам содда, ҳам арзон

Ғазо секторида истиқомат қилувчи Мансур Қассос электр қуввати билан юрадиган автомашина ихтиро қилди. Голф майдонида юрадиган машинага ўхшаб кетадиган автоуловни Қассос олтмиш кунда турли эҳтиёт қисмлардан йиққан. Ушбу автомашина жуда қулай ва тежамкор. Муҳими, автомашина атрофга заҳарли газ чиқармайди, ёқилғи шохобчасида навбатда туришга эҳтиёжи йўқ. Муҳандис келгусида электр қувватини ҳам тежаш мақсадида қуёш нури билан юрадиган автоулов ясамоқчи.

Динлараро анжуман

Ставропол ўлкасида насроний ва мусулмон ёшларининг бешинчи анжумани бўлиб ўтди. Тадбирда Ставропол губернатори Валерий Зеренков, метополит Кирилл, муфтий Муҳаммад Раҳимов ва ёшлар уюшмаси аъзо­лари иштирок этишди. Анъанага айланиб қолган йиғилишда виждон эркинлиги, бағрикенглик ва диндорлар ўртасида дўстликни мустаҳкамлаш ҳақида маърузалар тингланди.

Эрмитажда Баҳрайн кўргазмаси

Санкт-Петербург шаҳридаги давлат эрмитажида Баҳрайн миллий экспонатлар кўргазмаси очилди. Унда қадимий анжом, безак, чироқ ва турли археологик топилмалар намо­йиш этилди. Оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, улар орасида икки минг йиллик тарихга эга ёдгорликлар ҳам бор. Ҳозирги Баҳрайн ерларида ҳукм сурган қадимий Тилос қабиласида вафот этган одамларни улар ҳаётлик вақтида ишлатган нарсалари билан бирга дафн этиш одат экан. Шу боис намойиш этилган икки юз элликта нодир экспонатларнинг кўпи мамлакат ва унинг ташқарисидаги қабристон бўлган жойлардан қазиб олинган.

Мозийга саёҳат

Маънавий бойликларни сақлаш халқаро ташкилотининг Женевадаги қароргоҳида Миср тарихи ва маданиятига бағиш­ланган материаллар видеотас­маси намойиш этилди. Кўргазма бир вақтнинг ўзида Турин, Франкфурт ва бошқа шаҳарлардаги томоша залларида ҳам ўтказилгани аҳамиятга молик. Намойишга ташриф буюрганлар мозийга саёҳат қилгандек бўлишди.

Ёрдам қўлини чўзди

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг инсонпарварлик ёрдами бўйича маслаҳатчиси Валерий Эймос Сурияга сафар қилди. У ҳукумат раҳбарлари билан учрашиб, тинч аҳолига моддий ёрдам кўрсатиш ҳақида гаплашди. Яқинда Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Сау­дия Арабистонида нав­батдан ташқари ўтказилган йиғилишида ҳам шу масала кўрилди. БМТ бош котиби Пан Ги Мун Бирма ва Суриядаги оғир аҳволни тинч йўл билан ҳал қилиш ҳамда ташкилотга аъзо давлатлар бир ёқадан бош чиқариб, яхши ечим топиши зарурлигини таъкидлади. Касалларга тиббий ёрдам кўрсатиш ва мухтожларни озиқ-овқат билан таъминлаш кераклиги ҳақида ҳам фикрлашилди.

Гамбург мусулмон­ларига енгиллик

Гамбург Бургомистри Олаф Шолтс инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш доирасида қарор эълон қилди. Унда шаҳарда истиқомат қилаётган бир миллион саккиз юз минг нафар мусулмон учун керакли шарт-шароитлар яратиш ҳақида сўз юритилган. Мусулмонлар ҳайит байрамларини нишонлаши ва ўша кунлари ишдан озод этилиш, эмин-эркин ибодат қилишлари ва диний адабиётларни ўрганиш­лари учун кенг имконият берилди. Бургомистр ўз нутқида мусулмонларнинг мамлакатда яшовчи бошқа дин вакиллари билан тенг ҳуқуққа эга эканлиги ва бошқалар уларнинг урф-одатларига ҳурмат билан ёндашишлари кераклигини таъкидлади.

Янги институт

Франциянинг Бургунди ҳудудида француззабон имомларни тайёрлайдиган биринчи институт ташкил этилди. Франция Ғарбий Оврупадаги мусулмон аҳолиси энг кўп мамлакат ҳисобланади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, мамлакатда Шимолий Африка давлатларидан келганлар ва асли француз миллатига мансуб мусулмонлар сони қарийб олти миллионга етган. Мусулмон аҳолининг диний талабларини қондириш ва уларни қизиқтирган турли саволларга оқилона жавоб бера оладиган имомлар етишиб чиқиши айни муддаодир. Бу билим масканида икки юзга яқин талабалар араб тили ва адабиёти, ақоид, фиқҳ, Қуръони карим ва ҳадиси шариф фанларидан таҳсил олишади.

Мулоқот маркази

Вена шаҳрида Саудия Арабистони қироли Абдуллоҳ ибн Абдулазиз Сауд номидаги динлар­аро мулоқот халқаро маркази очилиши маросими ўтказилди. Таъсис этувчи давлатлар сифатида Саудия Арабистони, Австрия ва Испания вакиллари қатнашишди. Ватикан халқаро марказ ишларини кузатувчи мақомини олган. Тадбирда мазкур давлатларнинг Ташқи ишлар вазирлари, диний арбоблар ва дипломатлар иштирок этишди. Янги ташкилот Бош котиби – Саудия Арабистонининг собиқ таълим вазири Файсал ибн Абдураҳмон ибн Муаммар дастлабки уч йил давомида уюшмани таъсисчи мамлакат маблағ билан таъминлашини, жумладан, динлараро бағрикенг­лик, тинчлик ва осойишталикка бағишланган анжуманлар ўтказиш ва хайрия ишлари учун йилига ўн беш миллион евро ажратиш режалаштирилганини айтди.

Қуръон ҳафталиги

Остона шаҳридаги “Нур Остона” масжидида “Қуръони карим ҳафталиги” мавзуида анжуман ўтказилди. Қуръони каримнинг турли кўринишдаги безакли, ипак ва пахта қоғозларига кўчирилган қўлёзма ҳамда тошбосма нусхалари намойиш этилди. Тадбирни Эроннинг Қозоғистондаги элчихонаси маданият маркази ташкил қилди. Тадбирда олимлар, ёзувчилар, халқаро ташкилот, мамлакатда фаолият юритаётган илмий-маданий марказлар вакиллари иштирок этишди.

Азизхон ҲАКИМОВ тайёрлади.