ЗИЁРАТЧИЛАР КАМАЯДИ

Саудия Арабистони мусулмон мамлакатларига илтимоснома мактубини юборди. Хатда табаррук заминга ҳаж ёки умра амалини адо этиш учун келаётган зиёратчилар сонини вақтинча қисқартириш баён қилинган. Мамлакат бош муфтийси Абдулазиз Оли Шайх “Қуръони карим” телеканали орқали ҳам бу ҳақда мурожаат қилди. Масжидул Ҳаром ва унинг атрофида зиёратчиларга қулай шароит яратиш мақсадида қурилиш ишлари жадал олиб борилаётганини таъкидлади. 2 – 3 йил йил мобайнида саудиялик ҳожи ва умрачилар 50 фоизга, чет эллардан келувчилар 20 фоизга, яъни 2 миллион нафарга камайишини айтди. Баёнотда Индонезия, Малайзия, Эрон, Туркия, Покистон, Ҳиндистон ва араб мамлакатларига алоҳида урғу берилган.

САНЪАТ АНЖУМАНИ

Ватикан саройида “Муқаддас калом кўрки” номли кўргазма ўтказилди. Анжуманда мамлакатдаги дипломатик ваколатхоналар, халқаро ташкилотлар вакиллари ва санъат усталари иштирок этди. Диний қўлёзмаларни безаш ва ясатишга бағишланган ушбу тадбирга “Турк ҳаво йўллари” авиаширкати ҳомийлик қилди. Кўргазмада Кай Учар, Мунаввар ва Райҳон Исан каби машҳур рассомларнинг тарихий дурдоналарга туширган безаклари намойиш этилди.

СЕМИРИШ ОҚИБАТИ

Яқин Шарқ ва Шимолий Африка аҳолисининг 36 миллион нафари қанд касалига чалингани аниқланди. Халқаро диабет уюшмаси раиси Одил Саид 2030 йилга бориб, бундай касаллар сони 72 миллион нафарга етиши мумкинлигини айтди. Профессор, қанд диабети – бойларнинг касали, дея Форс кўрфазидаги мамлакатларга урғу берди. Уларнинг жисмоний меҳнат қилмаслиги ва ҳаракатсизлиги шунга олиб келганини таъкидлади. Ҳозир Қатар, Саудия, Қувайт, БАА ва Эроннинг 66 фоиз аҳолисининг вазни меъёридан ортиқ эканини қайд этди.

МУТАХАССИСЛАР ФИКРИ

Вашингтон университети мутахассислари 2100 йилга келиб, ер юзида аҳоли сони 11 миллиард нафарга етишини тахмин қилишяпти. БМТнинг 2011 йилги таҳлиллари 87 йилдан кейин сайёрамиз аҳолиси 800 миллионга ортишини маълум қилган эди. Университет мутахассислари эса, улар Африка қитъасидаги туғилиш суръатини ҳисобга олмаганини эътироф этишяпти. XXI асрда қитъа аҳолиси 4,2 миллиардга, умуман, ер куррасида 9 миллиарддан 13 миллиардгача етиши таъкидланяпти. Хитой, Россия, Оврупа давлатларида аҳоли сони кескин камайиши қайд этиляпти.

ШАҲАРЛАР ОБОД БЎЛАДИ

Саудия Арабистони йирик шаҳарларини ободонлаштириш мақсадида етмиш олтита экологик маскан барпо этишни режалаштиряпти. Мамлакатнинг кўкаламзорлаштириш уюшмаси раҳбари Файсал Фазл лойиҳа бўйича йигирма олти миллиард доллар сарфланишини маълум қилди. Давлат ажратган маблағнинг ярми Риёз ва Жидда кўчаларини кўкаламзорга айлантириш учун ишлатилишини айтди. Ушбу соҳа эгалари озлиги туфайли хорижий мутахассислар жалб қилинишини таъкидлади.

КИНОАНЖУМАН

Дўҳа шаҳрининг марказий савдо мажмуасида диний йўналишдаги кино анжумани ўтказилди. Тадбирни Туркия маданият ва сайёҳлик вазирлиги ташкиллаштирди. Анжуманда санъат арбоблари ва Қатардаги дипломатик корпуслар вакиллари иштирок этишди. Кўргазма Маҳсун Қирмизгулнинг “Нию-Йоркнинг беш минораси” номли филми намойиши билан очилди. Кечада кино усталари шу мавзуга оид еттита тасмани ҳавола этишди.

“ҚУРЪОНИ КАРИМ” БОҒИ

Дубайда Ислом санъати ва маданиятига бағишланган янги боғ барпо этиляпти. Шаҳарнинг Ҳаванай мавзеидаги боғ ушбу боғ майдони олтмиш гектарни ташкил қилади. Оромгоҳда муқаддас Китобда номлари келтирилган ўсимликлар ўстирилади ва унда зикр этилган баъзи воқеалар тасвири акс эттирилади. Шунингдек, болалар ўйингоҳи, театр, фавворалар ва спорт майдончалари ҳам ўрин олган. Дубайнинг ободонлаштириш уюшмаси раиси Муҳаммад Нур Машрум ҳозир қурилишнинг иккинчи босқичи бошлангани ва келаси йил сентябр ойигача битишини маълум қилди.

ЯНГИ КАСБ ЭГАЛАРИ

Туркия диёнат ишлари вазирлиги йўлбошловчи (гид)лар учун махсус курс ташкил қилди. Ўқув курсида араб тили, Қуръони карим, Ислом тарихи ва шариат аҳкомлари ўзлаштирилади. Диёнат ишлари вазири Меҳмет Гермез бундай қарорга келишнинг сабабини айтди: “Юртимиз масжид ва мақбаралари билан қизиқаётган зиёратчилар тобора ортяпти. Мутахассислар сайёҳларга муқаддас зиёратгоҳлар тарихи, пештоқларидаги ёзувлар маъноси ва ўзига хос хусусиятлари ҳақида тўлиқ маълумот беришлари керак. Қолаверса, муқаддас қадамжоларга рўмол ўраб, пойафзални ечиб, эҳтиром билан кириш одоби тўғрисида ҳам тушунча бериш зарур”.

САЙЛОВ ЎТКАЗИЛДИ

Париж марказий масжидида Франция мусулмонлари уюшмаси раҳбарлигига сайлов ўтказилди. Танловда етмиш икки ёшни қаршилаган Далил Абубакр номзоди лойиқ топилди. Профессор 2003 – 2008 йиллари ҳам шу лавозимда ишлаб, катта ислоҳотлар қилгани ва бошқа дин вакиллари билан дўстона алоқаларни ўрнатгани инобатга олинди. Сайловчилар Абубакрнинг мусулмонлар равнақи ва фаровонлиги учун беназир хизмат қилишига ишонч билдиришди.

МАРКАЗ ТАҲЛИЛИ

Дубай ахборот маркази Ислом динини янги қабул қилаётганлар бўйича навбатдаги йиллик ҳисоботини берди. Сўнгги ўн тўққиз йил мобайнида мусулмонлар сони йигирма мингга ортганини маълум қилди. Шаҳар жаҳон савдо маркази бўлгани боис, унда икки юзга яқин турли миллат вакиллари бор. Улар орасида Ислом динига ўтаётганларнинг энг кўпи Россия, Жанубий Африка, Хитой, ва Филиппин давлатлари фуқаролари экани қайд этилди.

АХБОРОТ ТЕЛЕКАНАЛИ

Буюк Британияда “Йилнинг энг яхши ахборот телеканали” совринини “Жазира” телеканалининг инглиз тилидаги лойиҳаси қўлга киритди. Ушбу телелойиҳа беш йилдан бери эфирга узатилади. У оммавийлиги жиҳатидан “ВВС News” ва “Sky News” телеканалларидан ўзиб кетди. Айниқса, жонли репортаж, интервю ва энг муҳим воқеалар ҳақидаги тезкор лавҳалар “Жазира”га обрў келтирди.

УНИВЕРСИТЕТ КУТУБХОНАСИ

Олмониянинг Оснабрук университети кутубхонаси хазинаси китоблар билан тобора бойитиляпти. Бунда университетнинг 2009 йили очилган исломшунослик кафедрасининг ҳиссаси жуда катта. Профессор-ўқитувчиларнинг саъй-ҳаракатлари билан дунёнинг турли бурчакларидан Ислом динига оид беш минг дона китоб тўпланди.

ҚУРЪОННИНГ ЯНГИ ШАРҲИ

Украинада Қуръони каримнинг хохол тилидаги шарҳи чоп этилди. Оятларни мамлакат миллий университетининг изланувчиси Михаил Якубович шарҳлаган. Шориҳ бундай шарафли вазифани бажариш учун икки йил астойдил меҳнат қилди. У шарҳда Табарий, Ибн Касир ва Фахриддин Розий тафсирларидан фойдаланди. Михаилнинг мақолалари Саудия Арабистонининг “Journal of Qur›anic Research and Studies” илмий журналида ҳам чоп этилган.

ЯНГИ УЮШМА ТУЗИЛДИ

Тунис Ички ишлар вазири Эннах Али Ларейда фармони билан “Яхшиликка ундаш” уюшмаси тузилди. Уюшманинг шариат, диний фанлар ва адлия масалалари бўйича қўмиталари бор. Уюшма фуқаролар ва сайёҳларнинг шариат қонунларига амал қилиши бўйича назорат олиб боради. Саудия Арабистонида бу иш 1940 йилдан йўлга қўйилган.

ЖАМОА ҚАРОРИ

Испаниянинг “Реал” (Мадрид) футбол жамоаси маъмурияти жамоа тимсолидан хоч белгисини олиб ташлашга қарор қилди. Хоч ХХ аср бошларида мамлакат қироли бўлган Алфонса XIII тожининг рамзий белгиси эди. Жамоа раҳбарияти Бирлашган Араб Амирликларига сафар қилишидан олдин бу фикрга келди. Ушбу қадам Ислом оламида жамоа ҳақидаги фикрларида чалкашлик уйғотмаслик ва нотўғри тушунмаслик учун қўйилгани таъкидланмоқда. БААга боришдан мақсад эса Рас Хайма оролчасида ўйинчилар учун футбол оромгоҳи барпо қилиш. Дам олиш маскани майдони эллик гектарни ташкил қилади. Қурилишга бир миллиард долларга яқин маблағ ажратилган.

ИМОМЛАР ТАЙЁРЛАНМОҚДА

Финляндия Ташқи ишлар вазирлиги, Таълим вазирлиги, Хелсинки халқаро университети ва мамлакат мусулмонлари уюшмаси кўмагида имомлар фаолиятини ўрганувчи гуруҳ тузилди. Ҳозир гуруҳ аъзолари Олмония, Франция, Скандинавия, Швеция, Африка ва Осиё давлатларидаги имомлар малакасини ўрганиб чиқиш билан шуғулланишяпти. Мамлакатда олтмиш минг нафардан зиёд мусулмон аҳоли истиқомат қилмоқда. Уларнинг диний талабларини қондирадиган ва уларда туғилаётган турли саволларга она тилида оқилона жавоб бера оладиган даражадаги имомлар тайёрлашга астойдил бел боғлашган.

БЕРЛИН АНЖУМАНИ

Берлин шаҳрида Олмониядаги мусулмон уюшмалари вакиллари анжумани бўлиб ўтди. Тадбир мамлакат ички ишлар вазирлиги бошчилигида ташкил этилди. Унда мамлакатнинг ўн етти федерал вакиллигидан мусулмон жамоалари аъзолари иштирок этди. Йиғинда Олмонияда истиқомат қилаётган мусулмонлар ҳаёти ва уларнинг турли муаммолари кўриб чиқилди. Ушбу анъанавий тадбир 2006 йилдан бери мунтазам ўтказиб келинади.

ТАДБИРКОР ҲИММАТИ

“Эбнер & Шпигел” босмахонасида чоп этилган ўн тўрт минг нусха Қуръони карим Швейцариянинг Аарау, Базел, Винтертур, Санкт-Галлен ва Цюрих каби шаҳарлари жоме масжидларига тарқатилди. Бундай хайрия тадбири Олмониянинг ўттиз бешдан ортиқ шаҳарларидаги жомеларда ҳам ўтказилган эди. Бу иш фаластинлик тадбиркор, Олмония фуқароси ҳиммати билан амалга оширилди.

КАР-СОҚОВЛАР УЧУН ҚУРЪОНИ КАРИМ

Америкада илк бор Қуръони каримни имо-ишора тилида мусулмонларга туҳфа этилди. Мисли кўрилмаган ушбу ишни “Global Deaf Muslims” халқаро Ислом ташкилоти амалга оширди. Дунёда иқтидорли, лекин имконияти чекланган, кар-соқов кишилар бор. Ушбу ажойиб кўринишдаги китобни нашр этишдан мақсад кар-соқовларнинг дилига Қуръони карим оятлари ва маъноларини етказиш ва улкан савобга эга бўлишдир. Унинг биринчи кўриниши интернет саҳифаларида ва DVD дискларда чиқарилади. Ташкилот уни бепул тарқатишга қарор қилган.

ЎЙИНЛАРГА БЕРИЛИШ ОҚИБАТИ

Халқаро Ислом кенгаши турли совринлар учун уяли телефон орқали ўйналадиган тадбирларда иштирок этиш тақиқланиши ҳақида фатво чиқарди. “Ҳар хил ширкатлар тақдим этаётган қизиқтирувчи ўйинлар Исломда қораланган. Бундай ўйинлар мусулмонларни жалб қилиб, унга муккадан кетишларига сабаб бўляпти. Бошқаларнинг омадсизлиги эвазига ютуққа эришиш ҳамда вақтни бекор ўтказиш мусулмончиликка умуман тўғри келмайди,” дейди кенгаш аъзоси Салмон Аудех.

 

Интернет хабарлари асосида тайёрланди.