Сайлов ўтказилди

Парижда мамлакат мусулмонлари уюшмаси кенгашига аъзоликка номзодлар сайлови ўтказилди. Тадбирда пойтахтдаги тўққиз юз битта масжид ва бошқа халқаро ташкилотлардан уч минг тўрт юз олтмиш нафар вакил қатнашди. Кенгаш аъзолигига асли жазоирлик, марокашлик ва бошқа мусулмон мамлакатларидан келган муҳожирлар лойиқ, деб топилди. Уюшмага 2003 йили асос солинган.

Ислом сармояси

Белгия Форс Кўрфази мамлакатлари сармоядорларини иложи борича кўпроқ жалб қилиб, Брюсселни Ислом банклари пойтахти қилиш режаси билан иш олиб боряпти. Бу ҳақда Брюссел ҳокими Бенуа Серекс нутқ сўзлади. Ҳозир Ислом банки тизими тез суратларда ривожланаётгани, унга аксарият Оврупа ишбилармонлари ва банкирлари ишонч билдиришаётганини қайд этди.

Англия ва ИҲТ

Ислом ҳамкорлик ташкилоти билан Буюк Британия ўртасида алоқаларни ривожлантириш бўйича шартнома имзоланди. Бирлашган Қиролликнинг Ташқи ишлари баронессаси Саида Варсий ва ИҲТ Бош котиби Акмалиддин Эҳсон ўғли ўртасида имзоланган битимда хавфсизлик, маданият, фан, таълим, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва динлараро мулоқотда ҳамкорлик қилиш кўзда тутилган.

Аҳолига хизмат

Жанубий Африка Республикасида мусулмонларга қулайликлар яратилмоқда. Йоханнесбургда уларнинг талабларига жавоб бериш ва турли муаммоларга ечим топишда яқиндан ёрдам берадиган йиғин ташкил қилинди. Уюшма мусулмон аҳолига моддий ва маънавий жиҳатдан ёрдам бериш билан бир қаторда, уларнинг ҳуқуқларини ҳам ҳимоя қилади.

Энг ажойиб бинолар

Осмонўпар бинолар бўйича халқаро кенгаш (Council on Tall Buildings and Urban Habitat) ер юзидаги бешта энг пухта ва чиройли қурилган иншоотларни маълум қилди. Оврупа мамлакатлари орасида Милан шаҳридаги олд қисми тўлқинсимон ишланган бир юз олтмиш бир метрлик “Palazzo Lombardia” биноси эътироф этилди. Мутахассислар Америка қитъасидан Торонто штатининг жануби-ғарбида жойлашган Миссикор шаҳарчасидаги “Absolute Towers” мажмуасини танлашди. Эгизак биноларнинг баландлиги бир юз етмиш тўққиз ярим ва бир юз эллик саккиз метр бўлиб, букма шаклдаги деворлари бетакрор ва ўзига хослиги билан ажралиб туради. Осиё ва Австралия бинолари ичида эса Сидней шаҳридаги “1 Bligh Street” иншооти ҳаммани ҳайратга солди. Унинг томига боғ ичида ҳавони табиий айлантириб турадиган янгича мослама ўрнатилган. Бундан ташқари, электр, иситиш ва совитиш тизими қуёш нуридан қувват олиб ишлайди. Қатар пойтахти Доҳа шаҳридаги икки юз ўттиз саккиз метрлик цилиндр кўринишидаги “Doha Tower” биноси яқин шарқ ва Африканинг энг зўр иншооти деб топилди. Араб миллий меъморчилиги акс этган бу қурилма Барселонадаги “Акбар” биносини ҳам эслатиб туради. Абу Зобидаги “Bahar Towers” эгизак биноси алоҳида “Ажойиб” деб номланган совринга сазовор бўлди. Баландлиги бир юз қирқ беш метрли ушбу иншоот қуёш ҳаракатига қараб айланиши боис хоналари электр чироғисиз ёритилади. Халқаро кенгаш юқорида айтиб ўтилган қурилмаларнинг фақат баландлиги учун эмас, балки лойиҳага экологик таъсири, безаклари ва қай даражада ижодий ёндашилганига қараб баҳо беришди. Улар сўнгги пайтларда Америка ва Оврупадан кўра Осиё ва Яқин Шарқда бундай бинолар сони ортиб бораётганини таъкидлашди. Жорий йил охиригача бу ҳудудда яна тўқсон олтита баландлиги икки юз метрдан ошадиган иншоотлар фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.

 

Азизхон ҲАКИМОВ тайёрлади.