Қадамжоларга бой юрт

Дунёнинг энг йирик саёҳат ширкати “TUI Travel” раҳбари Маҳдий Ланғинкий “Ал-Арабия” газетаси мухбири билан суҳбатида: “Миср Яқин Шарқда саёҳатчиларни жалб қилиш бўйича энг илғор мамлакат бўлиб қолаверади. Чунки у ерда жаҳоннинг етти мўъжизасидан бири жойлашган, Қадимий меъморлик санъати намуналари, милоддан аввалги буюмлар ва Ислом маданиятига оид турли дурдоналарга бой. Бундан ташқари, дунёнинг деярли барча мамлакатлари билан авиақатнов йўлга қўйилган, денгиз бўйида жойлашган меҳмонхоналар юқори савияда хизмат кўрсатади”, деган фикрни айтди.

 

Янги марказ қурилади

“World Bulletin” халқаро портали хабар беришича, Америка мусулмонлари уюшмаси Аризона штатида янги маданият маркази барпо этишни режалаштиряпти. Лойиҳа бўйича қурилиш учун тўққиз миллион доллар сарфланиши мўлжалланган. Янги маданият марказидан барча миллат ва дин вакиллари фойдаланишлари мумкин бўлади. Икки қаватли муҳташам бино анжуманлар зали, ўқув хоналари, санъат музейи, дам олиш маскани, сув ҳавзаси, спорт майдони, ошхона ва дўконни ўз ичига олади. Марказ кейинчалик Ислом маданияти ва ундаги янгиликларни ёритувчи газета чиқаришни ҳам кўзда тутган.

 

Ислом фиқҳи академияси мажлиси

Маккаи мукаррамада Ислом фиқҳи академиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Йиғилишда асосий эътибор шимолий Оврупа давлатларида намоз вақтларини белгилаш ҳамда намозларни бир-бирига қўшиб ўқиш тўғрисидаги масалаларга қаратилди. Саудия Арабистони Қироллиги уламолар кенгаши аъзоси, қирол маслаҳатчиси шайх Абдуллоҳ Маъний белгиланган намоз вақтларини қайта кўриб чиқиш кераклигини таъкидлади. Қирқ саккизу олтмиш олти даража кенглик оралиғида жойлашган мамлакатлар билан шарқ мамлакатларининг нисбатан намоз вақтлари катта фарқ қилишини, Оврупо ҳудудида кун қисқа ва тун узунлигини ҳисобга олиб, тўғри фатво чиқариш зарурлигини айтди. Баъзи жойларда эса ярим йил қуёш деярли чиқмаслиги ҳам ҳисобга олиниши керак. Намозларни бир-бирига қўшиб ўқиш одатга айланиб қолишининг олдини олиш ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди. Пайғамбаримиз Муҳаммаднинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадиси шарифларига мувофиқ, фақатгина сафар пайти намозларни бир-бирига қўшиб ўқиш мумкинлигини уламолар тасдиқлашди.

 

Янги шаҳар қурилади

Саудия Арабистони шарқидаги Хаса вилоятида аёллар учун янги саноат шаҳарчаси барпо этиляпти. Лойиҳага кўра, ажратилган ярим миллион квадрат километр майдонда завод, фабрика, дам олиш маскани, гипермаркет, спорт мажмуаси, ўқув маскани ва бошқа кўпгина бинолар қурилади. Вилоят волийи Фаҳд ибн Муҳаммад Жобир лойиҳадан мақсад аёллар мавқеини кўтариш ва уларнинг ижтимоий ҳаётда ўз ўринларини топишларига кўмаклашиш эканини таъкидлади. Қадоқлаш заводи, тўқимачилик фабрикаси, дори-дармон ишлаб чиқариш корхоналарида фақат аёллар ишлайди. Шаҳарча қурилиши 2014 йилгача тугатилиши режалаштирилган.

 

Долзарб мақола

Асли тунислик машҳур шарқшунос олим ва ёзувчи Абдуваҳоб Маддибнинг “Le Monde” газетасида чоп этилган “Ислом ёмонликдан йироқ” номли мақоласи кенг омма эътиборини қозонди. Мақолада Ислом динига хос биродарлик, тинчлик, тотувлик, меҳмондўстлик, ширинсўзлик, мулойимлик каби фазилатлар ва диннинг асл моҳияти ёритилган. Ёзувчи Бангладеш, Индонезия ва баъзи араб мамлакатларида юз бераётган нохуш воқеаларга диндорларнинг алоқаси йўқлигини уқтиришга ҳаракат қилган. Қуръони каримда ва Пайғамбаримиз Муҳаммаднинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадиси шарифларида қўпорувчилик ва бузғунчиликка қарши кўплаб далиллар келтирилганини таъкидлаган.

 

Марказнинг янги тадқиқоти

Американинг “Pew Research Center” ижтимоий маркази сайёрамиздаги диндорлар сони ва ёшини аниқлаш мақсадида тадқиқот ўтказди. Изланишлар натижасида ер куррасидаги одамларнинг саксон тўрт фоизи турли динга эътиқод қилиши маълум бўлди. Мусулмонлар ва ҳиндулар энг ёш, насронийлар ўрта, буддийлар ва яҳудийлар эса катта ёшдаги диндорларни ташкил қилар экан. Мусулмонлар ўртача йигирма уч ёшдагилар бўлса, яҳудийлар эса ўттиз олти ёшга тўғри келади. Ҳозир ер аҳолисининг икки миллиард икки юз миллион нафари насроний, бир миллиард олти юз миллион нафари мусулмон, бир миллиард нафари ҳинду, ярим миллиард нафари буддий ва тўрт юз миллион нафари яҳудийдир. Инсонларнинг олти фоизи эса турли қабила динларига ишонувчи туб аҳолидир. Ҳеч қайси динга эътиқод қилмайдиган инсонларнинг энг кўпи Хитойда истиқомат қилади. Мутахассислар ушбу маълумотларни аниқлаш учун икки юз ўттиз икки мамлакатдаги диний аҳволни ўрганиб, уч мингга яқин манбалардан фойдаланишди.

 

Тармоқда араб тили

“Google” портали иш бошқарувчиси Самир Баҳоий интернет тармоғида энг кўп ишлатиладиган тиллар орасида араб тили еттинчи ўринда туришини айтди. Араб тилида тармоққа кирувчилар сони ҳозиргидек ортиб борса, 2015 йилга бориб тўртинчи поғонага чиқиши мумкин. Тармоқдан фойдаланувчиларнинг олтмиш фоизи йигирма беш ёшгача бўлганлардир.