Минск кўргазмаси

Минск шаҳридаги “Белэкспо” санъат саройида XX халқаро китоблар кўргазмаси бўлиб ўтди. Тадбирни Белорус ахборот вазирлиги мамлакатдаги дипломатик ваколатхона ва элчихоналар билан ҳамкорликда ташкил этди. Анжуманда йигирма бешдан ортиқ мамлакатдан ташриф буюрган нашриётлар вакиллари, олимлар ва дин арбоблари қатнашишди. Кўргазмада Яқин Шарқ, Ўрта Осиё ва Оврупа тарихи, санъати, маданияти, дини ва миллий анъаналарини акс эттирган юзлаб нашрлар намойиш этилди.

 

Швейцарияда янги масжид

Швейцарияда янги масжид қурилиши бошланди. Мазкур муҳташам иншоот уч қаватли бўлиб, атрофида анжуманлар зали, дўконлар ва катта боғ барпо қилиш кўзда тутилган. Швейцария Ислом кенгаши қурилиш учун тахминан 21 миллион доллар сарф бўлишини маълум қилди. Кенгаш президенти Николас Бланчонинг сўзига қараганда, масжид асосан ҳашар йўли билан қурилади. Шунингдек, бу хайрли ишга Форс кўрфази давлатлари сармоядорлари ва бир неча саховатпеша инсонлар ҳисса қўшмоқчи.

 

Навбатдаги мажлис

Қоҳира шаҳрида Ислом Ҳамкорлик Ташкилотининг навбатдаги йиғилиши бўлиб, унда ташкилотга аъзо эллик етти давлатдан йигирма олтитасининг раҳбарлари иштирок этди. Анжуманда бузғунчиликка қарши кураш, таълим соҳасини ривожлантириш ва Сурия халқига ёрдам масалалари муҳокама этилди. Йиғинда бир қатор давлат арбоблари сўзга чиқиб, фикр мулоҳазалар билдиришди. Жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг хавфсизлик кенгашига кириши таклиф этилди. ИҲТнинг Ташкилот раҳбари Акмалиддин Эҳсон ўғли бу қарор анжуманда кўтарилган муаммоларни ҳал қилишда муҳим омил бўлишини таъкидлади.

 

Чикаго мусулмонлар уюшмаси

Американинг Чикаго шаҳридаги “Имон” мусулмонлар уюшмаси ҳар йили турли хайрия тадбирларини ўтказади. Бу йил ҳам кам таъминланган оилалар учун моддий ва маънавий ёрдам бериш мақсадида махсус шифохона барпо қилинди. Ҳозир касалхона шифокорлари тўрт юз минг нафар мусулмонларни муолажа қилиб, уларни даволашяпти. Уюшма келгусида имкониятларини кенгайтириб, мусулмонлар учун турли маиший хизматларни ташкил қилиш ниятида.

 

Баҳрайнда йиғин

Баҳрайн подшоҳи Хамад ибн Исо ташаббуси билан Сакхар шаҳрида “Тинчлик – бебаҳо бойлик” мавзуида илмий-амалий анжуман ўтказилди. Тадбирда бир қатор дин арбоблари, дипломатик корпус ва халқаро ташкилот вакиллари иштирок этишди. Давлат раҳбари миллат ва дин вакилларининг ўзаро ҳамдўстлиги мамлакатдаги барқарорликнинг асосий омили эканини таъкидлади. Қайси фирқа ва мазҳабга эътиқодда бўлишидан қатъи назар, инсон фақат эзгу амал қилиши кераклигини қайд этди.

 

Кутубхона очилиши

Канада ислом ташкилоти мамлакатда кутубхона барпо этди. Кутубхонада Қуръони карим, ҳадис тўпламлари, тафсирлар, фиқҳ ва бошқа мавзудаги китоблар жуда кўп. Бу ерга хоҳлаган киши кириб, бепул фойдаланиши мумкин. Келажакда кутубхона қошида ўқув курслари ташкил этиш ҳам режалаштирилган.

 

Мусулмонлар сони ортмоқда

Белгия пойтахти Брюссел Оврупадаги энг кўп мусулмонлар яшайдиган шаҳарга айланди. Шаҳар аҳолисининг тўртдан бир қисми, яъни уч юз мингдан ортиғи Ислом динига эътиқод қилувчилардир. Маълумотларга кўра мамлакат мусулмонлари орасида туғилиш тобора ўсиб бормоқда.

 

Кутилмаган ташаббус

АҚШнинг Индиана штатидаги Эвансвилл университетининг мусулмон талабалари бошқа динга эътиқод қилувчи талабаларга гул тарқатиб чиқишди. “Биз турли динлар вакиллари билан тинчлик ва эзгулик тилида мулоқот қилишга уриняпмиз. Ислом – осойишталик ва муҳаббат дини эканини барча билсин”, – дейди талаба Мустафо Алиҳожи. Университет маъмурияти бу ташаббусни маъқуллаб, бошқа дин вакиллари ўрнак олишлари кераклигини таъкидлади.

 

Оролда масжид барпо этилади

Италиядаги жоме масжидлар сони яна биттага ортадиган бўлди. Яқинда Сицилия оролининг Салами шаҳридаги Рабато мавзеида янги масжид қурилиши учун жой ажратилди. Бу хабарни мамлакатда истиқомат қилаётган бир миллион икки юз минг нафар мусулмон чексиз қувонч билан кутиб олди.

 

Дунёда энг катта Қуръон

Афғонистонда Қуръони каримнинг дунёдаги энг катта қўлёзма нусхаси тақдимоти бўлиб ўтди. Қўлёзманинг бўйи 228, эни 155 сантиметр бўлиб, 218 саҳифадан иборат. Ҳаким Носир Хусрав Балхий бошлиқ хаттотлар гуруҳи 2004 йилдан бошлаб ана шу савобли ишни амалга оширдилар. Қуръони каримнинг ҳар бир пораси ўзгача услуб ва кўринишда кўчирилган.

 

Азизхон ҲАКИМОВ тайёрлади.