Динлараро эркинлик

Буюк Британия қироличаси Лондондаги Ламбет саройида сўзга чиқди. У мамлакатда ислом, нас­ронийлик, буддавийлик, ҳиндукийлик ва бошқа дин вакилларининг тенг ҳуқуқли экани ва ҳар ким ўз динига эътиқод қилиши мумкинлигини таъкидлади. Диндорларнинг ўзаро дўстона ва илиқ муносабатларини тиклаш йўлида кўплаб анжуман ва йиғилишлар ўтказиш зарурлигига урғу берди.

 

Янги кутубхона

Доғистонда янги, замонавий ва муҳташам кутубхона барпо этилди. Унга араб, инглиз ва бошқа тиллардаги илмий, тарихий, фиқ­ҳий китоблар, ҳадис тўпламлари, турли хил тафсирлар ва замонавий адабиётлар қўйилди. Бу ерга Ислом билим юртлари талабаларидан тортиб ўқитувчиларигача ташриф буюрмоқдалар.

 

Мусулмонлар сони ортмоқда

Мутахассислар умумий аҳолига нисбатан мусулмонларнинг ҳиссасини аниқлаб чиқишди. МДҲ мамлакатлари ичида Ўзбекистон мусулмонлар сони жиҳатидан биринчи ўринда турар экан. Умумий аҳолисининг 89 фоизи (яъни, 23.897.563 нафари Ислом динига эътиқод қилади. Кейинги ўринларда: Россия – 21.513.046 нафар; Озарбойжон – 7584311; Тожикистон – 6.805.330; Туркманистон – 4.407.352 ва Қирғизистон эса 4.117.024 нафар.

 

Ҳаж ҳақида кўргазма

Британия музейида "Ҳаж: Ислом юрагига саёҳат" мавзуида кўргазма ўтказилмоқда. Унда ҳаж мавсумида кийиладиган кийимлардан тортиб қилинадиган амалларгача тасвирлари туширилган видеотасмалар қўйилган. Кўргазма 15 апрелгача давом этади. Ҳажга бормаган мусулмонлар ундан унумли фойдаланишлари мумкин. Бошқа динга эътиқод қилувчилар ҳам қатнашиб, Ислом қоидалари ва урф-одатларининг шоҳиди бўлмоқдалар.

 

Мадраса очилди

Сургут шаҳридаги марказий жоме масжиди қошида мадраса ташкил қилинди. Унда исломий билимлар ва араб тили ўргатилади. Дарсларни Россия Ислом университети битирувчилари беришмоқда. Кундузи ўқитилади, тушликдан кейин эса махсус ўқув курслари ташкил қилинган.

 

Баҳрайнда кўргазма

29 феврал куни Баҳрайн давлатининг Ансар Уммул Хассом марказида "Нур" номида кўргазма очилди. Беш кун давом этадиган ушбу кўргазмада Ислом тарихи ва Қуръони каримни ўқитиш услублари ҳақидаги китоблар, талабалар учун ўқув қўлланмалар ҳамда турли хил эсдалик совғалар намойиш этилади. Кўргазма Баҳрайн Адлия, Ислом ва вақф ишлари вазири Холид ибн Али ал-Халифа раҳнамолигида ўтказилмоқда.

 

Қримда анжуман ўтказилди

Қримдаги "Оқмасжид" мажмуасида 25 феврал куни "Уммат" шиори остида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Қрим ва Украи­надаги ўн иккита исломий ташкилот вакиллари қатнашдилар. Анжуманда Қрим ва Украина мусулмонларининг ўзаро дўстона муносабатларини янада мус­таҳкамлашга қаратилган масалалар муҳокама қилинди.

 

"Қул шариф" масжиди

Бир хил ном билан юритиладиган масжидлар кўп шаҳарларда мавжуд. Улардан бири – "Қул шариф" жоме масжиди Оренбург вилояти, Асекеев туманида жойлашган. Қадимий масжид 1883 йили бунёд этилган. Келаси 2013 йилда 130 йиллигини нишонлайди. Саксон уч ёшни қаршилаган Муҳаммад Гадилгареев бир неча йиллардан бери мазкур масжидда имом-хатиблик қилиб келяпти.

 

Араб тилида сўзлашув

Қозон шаҳридаги "Муҳаммадия" мадрасасида 29 феврал куни "Араб тилида сўзлашамиз" мавзуида анжуман бўлиб ўтди. Талабаларнинг бу тилда сўзлашув даражалари синаб кўрилди. Араб тили мутахассислари келгусида бундай тадбирларни бошқа ўқув юртларида ҳам жорий қилишни режалаштирдилар.