ОЗОДАЛИККА ЭЪТИБОР

Маккаи мукаррамага ҳаж ва умра ибодатини адо этиш учун йилига миллионлаб мусулмон ташриф буюради. Улар ўзлари билан ҳар хил озиқ-овқат маҳсулотлари ва бир марталик идишлар олиб келади. Улардан қолган чиқиндилар эса шаҳар кўркини бузиши табиий. Саудия Арабистони ҳукумати шаҳарни ободонлаштириш ва турли касалликларнинг олдини олиш мақсадида янги лойиҳа ишлаб чиқди. Янги технология бўйича ясалган, олти юз килогача оғирликни кўтара оладиган уч юзта улкан чиқинди контейнерлари шаҳарнинг турли туманларига жойлаштирилди. Чиқиндилар махсус қувурлар орқали шаҳар ташқарисидаги махсус майдонга чиқариб ташланадиган бўлди. Лойиҳага эллик миллион евро маблағ сарфланди.

УРАЛСКДА АНЖУМАН

Қозоғистоннинг Уралск шаҳрида “Динимизда қўпорувчилик йўқ” мавзуида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. Тадбирни Қозоғистон Республикаси дин ишлари агентлиги ташкиллаштирди. Қозоғистон мусулмонлари идораси раҳбарияти, диншунослар, турли ташкилот ва уюшма вакиллари иштирок этган анжуманда бузғунчилик ва қўпорувчиликка қарши курашиш ва фитналарнинг олдини олиш тизимлари ва ҳанафия мазҳабини тарғиб қилиш ҳақида сўз юритилди. Тадбир доирасида Давлат Назировнинг “Бузғунчилик оқибати” китоби кўргазмаси ҳам ўтказилди.

ЯНГИ МАСЖИД

Қрим Автоном Республикасининг Белогорск туманида янги жоме масжид очилди. Тадбирда диний арбоблар, уламолар, турли ташкилот ва маҳаллий ҳукумат вакиллари иштирок этишди. Масжид бир вақтнинг ўзида икки юз эллик намозхонни сиғдира олади. Жоме Украинанинг “Раид” Ислом уюшмаси кўмагида ҳашар йўли билан бунёд этилди. Бинода иккита хонақоҳ ва Қуръони каримдан таҳсил олиш хонаси бор.

ЭНГ МИТТИ ҚУРЪОН

Эронда Қуръони каримнинг дунёдаги энг кичик ҳажмдаги нусхаси тайёрланди. Эни етти миллиметр, қалинлиги эса уч микрон келадиган ушбу антиқа китоб олти юз ўттиз уч варақдан иборат. Санъаткор хаттот Руҳуллоҳ Шарифий айтишича, матн силикон (елим) варақларга лазер орқали туширилган. Оятларни махсус микроскоп билан ўқиш мумкин.

ДИНИЙ-МАЪРИФИЙ ТАДБИР

Америка мусулмонлари Миссури штатидаги “Жефферсон Сити” маданият марказида диний-маърифий тадбир ўтказди. Анжуманда давлат арбоблари, олимлар ва турли динлар вакиллари иштирок этишди. Тадбирда Ислом дини тинчлик ва бағрикенглик дини экани ҳақида сўз юритилди. Анжуман иштирокчиларидан бири Файзан Саид бундай деб таъкидлади: “Мудҳиш жиноятлар қилаётган қабиҳ кимсаларнинг айби билан Ислом динини қоралашга барҳам беришга ва кенг омма унинг асл эзгу моҳиятини тўғри англашига эришмоқ керак”.

ЯНГИ ТЕЛЕКЎРСАТУВ

Австралияда Ислом динининг асл моҳиятини акс эттирувчи “Мен мусулмонлигимдан фахрланаман” мавзуидаги янги кўрсатув лойиҳаси тасдиқланди. Ушбу лойиҳани “My Peace” Ислом уюшмаси ишлаб чиқиб, мамлакатнинг машҳур “SBS” ва “Foxtel” телекомпанияларига тақдим этди. Кўрсатувда эътибор Ислом дини ва Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳақида оммада тўғри тушунча ҳосил қилишга қаратилган. Ислом тарихидан тортиб, дин асосларигача бўлган мавзуларни қамраб олган ушбу кўрсатувни тахминан икки миллион нафардан ортиқ турли дин вакиллари томоша қилишади.

ФАЛАСТИН ЭЛЧИСИНИНГ ТАШРИФИ

Киев шаҳрида Украина мусулмонлари идорасига Фаластиннинг фавқулодда ва мухтор элчиси Муҳаммад Асад ташриф буюрди. Суҳбат чоғида элчи жаноблари мамлакат муфтийи Аҳмад Тамимга Фаластин президенти номидан эсдалик совғасини топширди. Шунингдек, Аҳмад Тамимнинг икки давлат ўртасида алоқалар ўрнатиш, ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун миннатдорлик изҳор қилди. Ўз ўрнида муфтий ҳам кўрсатилган эҳтиром учун ташаккур айтди.

ИМОМ-ХАТИБЛАР КЕРАК

Бугун Олмония мусулмонлари эҳтиёжларини қондириш учун икки минг нафар имом-хатиб озлик қиляпти. Бу имомларнинг кўпи немис тилини яхши билмайдиган, Туркия ёки араб мамлакатларидан маълум муддатга келганлардир. Қисқа муддатли тил ўрганиш курсидан уларнинг ўттиз нафари ўтди, холос. Оснабрюк университети Ислом кафедраси профессори бундай дейди: “Имомнинг фақатгана жума намозини ўқиб бериши кифоя қилмайди. У маҳаллий халқ маданияти ва урф-одатлари билан боғлаган ҳолда қизиқарли мавъиза қилиши лозим. Бундан ташқари, у ёшларга маслаҳатчи, ташкилотчи, тарбиячи бўлиши, замон билан ҳамнафас иш олиб бориши керак”. Ҳозир Франкфурт, Нюрнберг каби немис шаҳарлари институтлари қошида Ислом маданият марказлари, жоме масжидлари қуриш, турли ўқув курсларини очиш ва уларни моддий таъминлаш учун давлат беш йилга йигирма миллион евро маблағ ажратди. Бу тадбирлар, албатта, мевасини бериши, немис миллатига мансуб кўплаб имомлар етишиб чиқиши табиийдир.

ХАТТОТЛИК САНЪАТИ НАМОЯНДАСИ

Жиддадаги “Дарул Ҳикма” университети ўқитувчиси, рассом Худа Тотонжий Американинг Жоржтаун университетида Ислом хаттотлик санъати бўйича маъруза ўқий бошлади. У талабаларга араб тилидаги куфий, риқо, насх, девоний, сулс ва настаълиқ каби ёзувлар тарихи ва хаттотлик сирларини ўргатяпти. Шунингдек, унинг “Huda Art” кўргазмаси ҳам намойиш этиляпти. Ҳар куни минглаб америкалик санъат даражасида битилган араб ёзувларидан баҳраманд бўлмокда. Бундан олдин Худа Тотонжий Корея миллий университетида кўргазма уюштириб, талабаларни қизиқарли маърузалари билан хушнуд қилган эди.

ТАРИХИЙ СУРАТЛАР КИТОБ ШАКЛИДА

“Camlica Basim Yayin” нашриёти “Салобатли Макка, нурафшон Мадина ва Тоиф” китобини чоп этди. Китобда улуғвор шаҳарларнинг 1967-1984 йиллардаги кўринишлари акс эттирилган. Муаллиф саудиялик Анас Башир Жаудрий олган суратларининг кўпи ҳозирда таг-туги билан йўқ бўлиб кетган. Албомга муқаддас шаҳарларнинг икки юз элликдан ортиқ сурати киритилган. Улар орасида 1782 йили усмонийлар қурган Ажяд минораси, 1969 йили сув босган Каъба, 1875 йили ҳиндистонлик аёл битган “Савлатия” мадрасаси ва Абдулҳамид II қурдирган темир йўл суратлари ҳам бор.

МУСУЛМОНЛАР кўпаймоқда

“Ajib.fr.” информацион порталининг хабар беришича, Буюк Британияда сўнгги икки йил мобайнида мусулмонлар сони ортяпти. Ҳозирда Бирлашган қиролликнинг беш фоизи мусулмонлардан иборат. Мутахассислар фикрига кўра, охирги ўн йил ичида мусулмонлар сони ўн баробар кўпайган. Бунинг асосий сабабларидан бири мусулмонларда бошқа дин вакилларига нисбатан туғилиш кўплигидир. Ўтган йилнинг ўзида бу юртда етти ярим миллион мусулмон оила фарзандли бўлди.

ЗИЁРАТГОҲЛАР ТИКЛАНАДИ

Тунис маданият вазири Маҳдий Муборак мамлакатдаги тарихий ёдгорлик, қадимий мақбаралар, буюк қадамжоларни сақлаш ва таъмирлаш учун давлат режаси тузилганини маълум қилди. Сўнгги йилларда мамлакатнинг Сидибу саид шаҳридаги ўн тўрт табаррук зиёратгоҳ қаровсиз қолиб, вайронага айланди. Вазир бу қадимий мақбараларни тиклаш, бошқаларини эса таъмирлаб, асраш кераклигини таъкидлади. Зеро, тарихий биноларнинг кўпи Ислом маданияти намунаси бўлиб, ЮНЕСКОнинг олтин рўйхатидан ўрин олган.

БРЕМЕН МУСУЛМОНЛАРИГА ЯНГИЛИК

Олмониянинг Бремен шаҳри раҳбарияти мамлакат мусулмонлари уюшмаси ва Ислом маданият маркази билан шартнома имзолади. Битимда шаҳарнинг эллик минг нафардан иборат мусулмон аҳолиси эмин-эркин ибодат қилиши учун керакли шароит яратиш ҳамда икки ҳайит куни дам олишлари айтилган. Диний ташкилотларда таълимни йўлга қўйиш ва билим даргоҳларини ўқув қуроллари билан таъминлаш масалалари, шунингдек, Олмония қонунларига қатъий риоя қилиш мажбурияти таъкидланган.

УКРАИНАда маданият КЎРГАЗМАСИ

Киев шаҳри санъат саройида “Ислом мероси” мавзуида халқаро кўргазма ташкил этилди. Тадбирда олимлар, дипломатлар, давлат арбоблари, Украина мусулмонлари идораси ходимлари ва мамлакатдаги халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этишди. Унда дунёдаги йирик масжидларнинг суратлари, диний адабиётлар, украин, озарбойжон, ўзбек, туркман, чечен, афғон ва доғистон халқлари қадимий либослари ва нодир буюмлари намойиш этилди.

МУНОСИБ МУКОФОТ

Парижда покистонлик Малала Юсуфзоий хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича “Симонада де Бовуар” мукофоти билан тақдирланди. Ўн беш ёшлик бу қиз дунёга интернет тармоғидаги блоггер сифатида танилди. Малала Юсуфзоий ўн бир ёшидан бошлаб эркакларнинг аёлларни турли азобларга солаётган кўплаб видеотасмаларни интернетга жойлаган. Жамиятда инсон жинси, миллати ва ирқидан қатъи назар, барча тенг ҳуқуқли деган ғояни илгари сурган. Бунинг учун унга турли гуруҳлар суиқасд қилишга уринишган. Бир йилдан буён у Лондон шаҳрида ўқишни ва ўз фаолиятини давом эттиряпти.

ЙИРИК САВДО ПОРТИ

Малайзиянинг машҳур “Кланг” порти Ислом оламида энг йирик халқаро савдо тармоқларидан бирига айланди. Бу портда Хитой ва жануби-шарқий Осиё мамлакатлари мусулмонларга покиза маҳсулотларни ташиш учун алоҳида майдон барпо этилди. “International Wholesale Centre” ширкатининг директорлар кенгаши раиси Баовен ушбу лойиҳани юқори баҳолади ва Ислом мамлакатлари бемалол мол айрибошлашлари учун кенг имконият яратилганини таъкидлади.

Интернет материаллари асосида Азизхон ҲАКИМОВ тайёрлади.